Юнусобод туманида содир бўлган пиёда иштирокидаги ЙТҲ ҳақида маълумот

Интернет тармоғида пиёда иштирокидаги ЙТҲ акс этган видео тарқамоқда. Мазкур факт бўйича шуни маълум қиламизки, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси пойтахтнинг Юнусобод тумани Чинобод кўчасида 7-ноябрь куни соат 11:22 да рўй берди: “Матиз” русумли автомобиль ҳайдовчиси Ислом О. белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.
ЙТҲ натижасида 64 ёшли Зульфия У. тан жароҳатлари олган ҳолида шаҳар клиник шифохонасига етказилди.
Ҳурматли пиёдалар! Унутманг, йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётганингизда (айниқса автомобиллар орасидан), ҳайдовчи учун ўз вақтида четлаб ўтиб бўлмайдиган омилга айланасиз. Соғлиқ ва ҳаётингизни асранг!
Шунингдек ҳайдовчиларга мурожаат қилмоқчимиз. Ёдингизда бўлсин, йўл ҳаракати қоидаларига биноан:
“Ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши керак.
Тезлик ҳайдовчига ушбу Қоидалар талабларини бажариш учун транспорт воситасининг ҳаракатини доимий назорат қилиб бориш имкониятини бериши керак. Ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиши имкониятидаги хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини у тўла тўхташни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кўриши керак”.