ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ҳалоллик – инсоний зийнат

Ички ишлар тизимларида соҳалар кўп. Айримлар ўз имконияти, шарт-шароити ёки бошқа сабабларга кўра у соҳадан бу соҳага “кўчиб” юрса, айримлар бир йўлни танладими, охиригача унга “содиқ” қолишади. Йиллар ўтган сари касбига меҳр қўйиб, малакаси, тажрибасини ошириб бораверади. Дилшод мактабни битирибоқ Республика ИИВ Академиясига ҳужжатларини топширди. 2011 йилда Ўзбекистон ИИВ Академиясини тамомлаб, Юнусобод тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлимига хизматга келганида устози: бўлим катта тезкор вакили, майор Рустам Ўктамов “ узоғи билан бир-икки йил ишлаб, енгилроқ хизматни кўзлаб кетади”, деган хаёлга борганди. Чунки, кечами кундузми ҳаловатини бузиб, қор демай, ёмғир демай соатлаб, кунлаб, оч-наҳор, ноқулай жойларга мослашиб жиноятчининг йўлини пойлашнинг, “тинч йўл” билан қўлга олишнинг ўзи бўлмайди. Асаблар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бироқ Дилшод устозлари майор Р.Ўктамов, бўлинма бошлиғи, майор Акром Юнусходжаев, катта тезкор вакил, капитан Маҳмуд Юсуповларнинг нафақат ишончини қозонди, балки ҳурматига сазовор бўлди. Ички ишларда жиноят қидирув хизматини касб ҳам ҳунар ҳам дейиш бирдек тўғри. Чунки, жиноятчини аниқлашдан то уни ушлаб тегишли жазога тортишгача бўлган жараёнда бу ҳар иккиси айқаш-уйқаш. Ўз ишига катта қизиқиш, сидқидиллик билан ёндашган лавҳамиз қаҳрамони хизмат баробарида спорт машғулотларини ҳам ташлаб қўймади. Спорт ва хизматни биргаликда олиб борган Дилшод ички ишлар органларида қўл жангги бўйича тизимлараро ўтказилган мусобақаларда ўз вазн тоифасида ҳамиша ғолибликни қўлга киритиб келди. Спортнинг самбо, қўл жангги турлари бўйича спорт устаси бўлган қаҳрамонимиз жиноятчиларни қўлга олишда, ўз маҳорати ва устунлигини кўп мароталаб намойиш этди. Унинг ўз ишига бўлган муносабати, шижоати Бош бошқарма раҳбариятининг эътиборидан четда қолмади. Жиноятчиларга муросасизлиги, малакаси, тажрибасини ҳисобга олган ҳолда уни криминоген вазиятлар оғир бўлган туманларга йўллашди, раҳбарлик лавозимларини ишониб топширишди. Шу тариқа у пойтахтимизнинг қатор туманларида жиноят-қидирув соҳасида хизматини давом эттирди. Бугунги кунда подполковник Дилшод Баходирович Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ Тезкор қидирув хизмати ЖҚБ катта тезкор вакили лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда. Шу йиллар давомида кўплаб жиноятчиларни шахсан ўзи қўлга олган. “Ака, айтганингизни бераман, сўранг, фақат қўйиб юборинг.” “Мана буни олинг-да қўйиб юборинг. Ким кўриб ўтирибди, туя кўрдингми, йўқ”. “Айтганингизни бераман, фақат қўйворинг”, деганлар қанча бўлди. Бироқ, оддий ишчи бўлган отаси Баҳодир ака, ҳамшира бўлган онаси Дурдона опаларнинг ҳалолликни сингдиргани, ҳалол луқма билан вояга етказгани, камсуқум яшаб, бойлик учун ўзларини ўтга-чўққа урмаганига гувоҳ бўлган Дилшод бу васвасаларга учмади. Аксинча, жиноятчиларни жиноятга етаклаган сабаб, охир-оқибатини ўйламаслик каби руҳий ҳолатларига қизиққан Дилшод воқеалардан бири ҳақида шундай сўзлайди: – Ўн беш кишидан иборат гиёҳванд ва гиёҳвандлик билан шуғулланиб келаётган жиноий тўдани қўлга олишга тўғри келган. Улар орасида вояга етмаганлар ҳам, кекса ёшдагилар, аёллар ҳам, олий маълумотли шахслар ҳам бор эди, – дейди подполковник Д.Деканбаев. – Ўзлари-ку разолат ботқоғида ўз фарзандларини ҳам бунга тортганларини кўриб, ачиниб кетганман. “Катта арава қаёққа юрса, кичиги ҳам шу ёққа юради”, деганлари шу бўлса керак-да. Бошида ўзгаларга сотиш орқали бойлик орттирганлар, ўзлари ҳам бу “дардга” мубтало бўлгач, вақт ўтиб бор-будини оғуни сотиб олишга сарфлашган. Кўп йиллардан буён бир соҳада хизмат қилиб келаётган Дилшод ўз касбидан фахрланади. Раҳбар лавозимларида ишлагани, спортда эришган қатор муваффақиятларига қарамай, ўта камтар ва очиқкўнгил. Бир пайтлар шогирд бўлган Дилшод бугун ўзи ҳам кўпчиликка устоз. Айни дамда турмуш ўртоғи Мухлисахон билан икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб келишмоқда. Ишининг жиддийлиги ҳамда залворига қарамай, фарзандларининг келажагига жавобгар эканлиги ҳамиша ёдида. Дарвоқеъ акаси Шерзод ва укаси Бекзодлар ҳам ички ишлар ходимлари. Ажабмас, фарзандлар ҳам бу сулола ишини давом эттирса...

17 Март 2025 йил

28

Маҳалла фаоллиги ошмоқда

Шаҳри азим Тошкентни тинч ва фаровон шаҳарга айлантириш, пойтахт ҳудудида осойишталик, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка барҳам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш Тошкент шаҳар ИИББ тизимлари соҳавий хизматларининг асосий вазифаларидан. Ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарликларни жамоатчиликка етказиш, улар иштирокида жамоавий таъсир чораларини қўллаш, фуқароларнинг жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга муросасизлик ҳиссини шакллантириш мақсадида уларни муҳокама этиш жараёни ўз самарасини бермоқда. Бунга мисол тариқасида куни кеча пойтахтнинг Сергели тумани “Қипчоқ” маҳалла фуқаролари йиғинида бўлиб ўтган йиғилишни келтириш мумкин. Йиғилишда маҳалла ҳудудида содир этилган талончилик жинояти маҳалла еттилиги, фаоллари ҳамда маҳалла аҳли иштирокида кенг муҳокама этилди. Воқеа тафсилоти ҳақида хабардор этилган йиғилганлар нафақат мазкур жиноят, балки бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, шу йилнинг январида Президентимиз томонидан қабул қилинган маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаб, олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш борасида ҳам таклиф ва мулоҳазалари билан бўлишишди. Фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар ўрганилиб, масъул ходимларга тегишли вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, келгусида бу каби жиноятларга қўл қўймаслик мақсадида маҳалла ҳудудидаги 21 та ёритиш чироқларни алмаштириш, 14 та янги чироқлар ҳамда 50 тага яқин видеокамералар ўрнатиш, профилактик тадбирларни амалга ошириш, доимий хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўшимча Патруль-пост хизмати экипажини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.  

17 Март 2025 йил

28

Тошкент шаҳар ИИББда фуқароларнинг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев томонидан Бош бошқарма биносида аҳоли билан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Учрашув давомида фуқароларнинг ички ишлар органларига ишга кириш, терговга қадар текширув, моддий ёрдам каби масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди. Ўтказилган қабулда 28 нафар фуқаролар юзага келаётган муаммолар билан мурожаат қилишди. Жумладан, 3 нафар фуқаро томонидан кўтарилган муаммо жойида ҳал этилиб, қолган 18 нафар фуқароларнинг мурожаатлари ижроси таъминланиши бўйича ходимларга тегишли топшириқлар берилди. Шу билан бирга, 7 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган сайёр қабуллар тизими аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини қондириш, жойларда ижтимоий-иқтисодий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Бу каби сайёр қабуллар давом этмоқда.

17 Март 2025 йил

43

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading