Юнусобод туманида содир бўлган ҳодиса ҳақида маълумот

Интернет тармоғида Тошкент шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия ходимлари фуқарони қўлга олишларининг видеоси тарқалди.

Ушбу факт бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз. 22 июнь куни тахминан соат 23.00 да Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари, аниқроғи Юнусобод тумани ИИО ФМБ 2-сон ички ишлар бўлими ППХ бригадаси 3-батальони 5-отряд ҳайдовчиси сафдор М. Рахматов ва Миллий гвардия хизматчиси Юнусобод тумани Амир Темур хиёбони ҳудудини патруллаш давомида аёл кишининг қичқириғини эшитиб қолишди. Ходимлар шу заҳоти тўхтаб, эшитилган овоз томонга бордилар. Ходимлар хиёбонда бир неча киши жанжаллашаётганларини кўрдилар. Ходимларни кўрганлардан икки нафари қочишга уринди, аммо қўлга олиндилар.

Ҳодисанинг барча иштирокчиларини Юнусобод тумани ИИО ФМБ 2-сон ички ишлар бўлимига олиб боришди. У ерда 20 ёшли Р.С. қичқириб ёрдамга чақиргани аниқланди. Қизнинг гапларига қараганда, у танишлари 19 ёшли Л.А. ва 21 ёшли Б.А.лар билан хиёбонга сайр қилиш учун келган. Сайр давомида қиз ва унинг танишлари орасида жанжал чиққан, шу боис қиз қичқирган. Р.С.га келишмовчилик давомида шикаст етмаган, у ҳеч кимга эътирози йўқлигини ва танишлари билан ярашиш ниятидалигини билдирди.  

Ҳодисанинг ҳар бир иштирокчиси билан профилактик суҳбат ўтказилди. Суҳбат давомида ёшларга карантин, Коронавирусга қарши кураш республика махсус комиссияси томонидан белгиланган чеклов ва қоидалар жслатилди. 

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари, журналист ва блогерлар! Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунининг 16 бандига биноан, ички ишлар органлари ходими фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида барча зарур чораларни кўриши, жамоат жойларида, шу жумладан кўчаларда, майдонларда, истироҳат боғларида, транспорт магистралларида, вокзалларда, аэропортларда, шунингдек оммавий тадбирларни ўтказиш чоғида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаши шарт.

Суратга олинган ва интернетда жойланган видеода қўлга олиш жараёнида ички ишлар органлари ходимлари ўз хизмат вазифаларини адо этишаётган ва фуқаронинг ёрдам ҳақидаги чақириғи бўйича чора кўришаётган эдилар.