14 Июн 2024 йил 1939

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолияти сарҳисоб қилинди

Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Ташпулатов раислигида ИИББ ЙҲХБ томонидан 2024 йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган камчиликларнинг муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Бош бошқарма бошлиғи ЙҲХБ замонавий техника ва автомашиналар билан таъминлангани, ходимларнинг малакаси ҳамда хизмат самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларига қарамай, пойтахт йўлларида йўл-транспорт ҳодисасини олдини олиш борасидаги ишларда камчиликларга йўл қўйилаётганини таъкидлади.

Хусусан, жорий йилнинг 5 ойи давомида Тошкент шаҳрида 393 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, уларда 29 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 364 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олишган. ЙТҲнинг 240 таси пиёдалар иштирокида содир этилган. ЙТҲнинг сабаблари таҳлили қилинганда, ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларга риоя қилмаслиги, пиёдаларнинг белгиланмаган жойлардан йўлни кесиб ўтиши натижасида содир этилганлиги 99% ҳолатларда қайд этилган.  

Пойтахт ИИББ бошлиғи ЙТҲни олдини олиш мақсадида ҳар бир авария ўчоқларини таҳлил қилиш, таҳлил асосида зарурий чора-тадбирларни белгилаш, ҳайдовчилар ва пиёдалар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш бўйича профилактик тарғибот чораларини янада кучайтириш кераклигини таъкидлади.

Учрашувда шунингдек, Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш  бўлими фаолиятига тўхталиб, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш ҳамда ходимлар ўртасида коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида “Юнусобод”, “Чилонзор”, “Узбум-Миробод”, “Файзобод” рўйхатлаш бўлинмаларида 3 босқичли янги электрон тизим жорий этилганлигига алоҳида тўхталди. Бунда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ барча жараёнлар электрон қурилмалар ва Ягона электрон тизим орқали амалга оширилиши назарда тутилганлиги, бироқ айрим ҳолларда ходимлар томонидан бу тизимдан тўлиқ фойдаланилмаётганлиги танқид қилинди.  

Йиғилиш сўнгида генерал-майор А.Ташпулатов соҳавий хизматнинг барча мутасаддилари ўзларига бириктирилган йўналиш бўйича ишни жадаллаштириши, ҳар бир раҳбар ва ходимлар томонидан касб маданияти ва хизмат интизомига қатъий риоя қилишлари, фуқаролар билан хушмуомалада бўлишлари, ноқонуний хатти-ҳаракатларга мутлақо йўл қўймасликлари, фаолият самарадорлигини ошириш тўғрисида бир қатор кўрсатмалар бериб ўтди.

Барча янгиликлар

Text to speech