Айбни бўйнига олиш жазони енгиллаштиради

7-сентябрь куни Шайхонтохур туманидаги “Чарх Новза” маҳалласида уч нафар шахслари аниқланмаган кимсалар тўрт қаватли турар-жойнинг иккинчи қаватидаги хонадондан ичида катта миқдорда пул бўлган сейфни ўғирлаб кетишди. Ушбу жиноятни фош этиш устида тезкор-тергов гуруҳи иш олиб бормоқда. Жиноят қисқа муддатда фош этилиши учун Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан барча имкониятлар ишга солинади, уни содир этганлар қўлга олиниб, жавобгарликка тортиладилар.

Шу билан бирга мазкур жиноятга алоқадор шахсларга эслатиб қўймоқчимизки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55-моддасида, айбни бўйнига олиш жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб топилган. Ушбу жиноятга алоқадор шахсларга кўнгилдан пушаймон бўлиб, энг яқин ички ишлар бўлимига келишларини ёки 102 рақамига қўнғироқ қилишларини ва жиноятни фош этилишида иштирок этишларини таклиф қиламиз. Акс ҳолда жавобгарликка тортилиш вақтида жазо енгиллаштирилмайди.

Ҳурматли фуқаролар! Юқоридаги жиноятга алоқадор шахслар бўйича маълумотга эга бўлсангиз, яқин атрофда жойлашган ички ишлар органларига ёки "102" рақамига хабар беришингизни сўраймиз. Тергов ишларига кўмаклашиш рағбатлантирилади.