7 Июн 2023 йил 621

Пойтахт туманларида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда

Бугунги кунда коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда.

Бу каби салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда жойларда “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида профилактик тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Жумладан, яқинда пойтахт ИИББ ТҚХ ТҚКБ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари билан ҳамкорлигида Учтепа ва Олмазор туманларида кенг жамоатчилик, ёшлар, турли меҳнат жамоалари ўртасида диний муҳитни соғломлаштириш, ёш авлодни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳар-хил маънавий таҳдидлардан асраш мақсадида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Тадбирлар давомида фуқароларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланганда ақидапарастлик ғоялари таъсирига тушиб қолмаслик юзасидан зарур маслаҳатлар берилди. Шунингдек, мутахассислар сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий йўналишда изчил ислоҳотлар амалга оширилишига қарамасдан, ёшларимиз орасида турли йўллар билан ғараз ниятли кимсаларнинг домига тушиб қолаётганлар ҳамон учраб турганлигини афсус билан тилга олишди.
Қолаверса, нотиқлар эртанги кунимиз эгаларини илм олишга, китоб ўқишга тарғиб қилиш орқали уларни бу иллатдан асраш энг тўғри йўл эканлигини таъкидлашди.
Учрашувларда иштирок этганлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан атрофлича жавоблар олишди.

Ҳозирда бу каби тарғибот ишлари давом эттирилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech