Ёшларни келажакка тайёрлаш – бурчимиз
Ўсиб келаётган келажагимиз пойдевори бўлмиш ёш авлодни анъаналаримизга содиқлик, қонунга ҳурмат руҳида, билим ва салоҳияти кучли, маънавий-маърифий баркамол инсонлар этиб тарбиялаш ишлари бугунги глобаллашув даврида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ёшлар билан манзилли ишлаш мақсадида бугун пайшанба “Ёшлар куни” муносабати билан пойтахтимизнинг Юнусобод туманида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида оғир тоифага кирувчи, уюшмаган ҳамда туман ёшлари иштирокида учрашув ўтказилди. Унда пойтахт ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Фарҳод Ҳасанов, туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Маҳкам Вафоевлар йиғилган 150 дан ортиқ ёшлар ўртасида маъруза қилишди. Унда ёшларнинг ғаразли кимсаларнинг жиноий тўрига илиниб қолмаслик, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмаси, киберфирибгарлик ва бошқа салбий иллатлардан йироқ бўлиш масалалари ва бу билан боғлиқ ҳолатлар муҳокама этилди. Шунингдек, учрашув давомида ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт ва таълим, соғлом турмуш тарзига жалб этиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали улар ўртасида турли ҳуқуқбузарликлар ва салбий ҳолатларнинг олдини олиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, ёшларга ўз ҳаётларини тўғри изга солиш, куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш борасида давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Тадбирда қатнашган Жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси томонидан ўтказилган сайёр суд мажлисида Пробация бўлими томонидан ижобий кўрсаткичларга эришган, тузалиш йўлини танлаган, қилмишидан чин пушаймон бўлган икки нафар ёш маҳкумларга нисбатан тайёрланган тақдимномалар кўриб чиқилди. Маълумотларни диққат билан ўрганиб, ўтказилган савол-жавоблардан қониқиш ҳосил қилингач, улар жазо муддатидан илгари шартли равишда озод этилдилар. Тадбир сўнгида юқоридаги маъруза ва суҳбатлар ҳамда икки ёшга кўрсатилган ишонч борасида ёшларнинг ўзлари қандай фикр ва ҳаракатда эканлигига қизиқиш билдирилиб, уларнинг муаммо ва мурожаатлари тингланди.
Учрашувда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга малакали ҳуқуқий тавсиялар, ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилди. Бу каби ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва ишонч уларни нафақат оилада балки жамиятда ҳам ўз муносиб ўринларини топиш, бахтли келажагини яратишга бўлган интилишларига куч бағишлаб, янги муваффақиятлар сари одимлашига хизмат қилиши, шубҳасиз.