Мастлик – жиноятга йўл
Носиржон икки фарзанднинг отаси. Бир неча невараларнинг бобоси. Қўлида гулдек ҳунари бор. Ўша ҳунари туфайли оиласини боқиб, таниш-билишлар орасида ҳурмат қозониб келаяпти. Лекин ёши элликдан ошаётганида феъли айниди. Авваллари яширинча спиртли ичимликларни истеъмол қилиб келган бўлса, энди очиқчасига тез-тез ичишни одат қилди. Бот-бот маст-аласт уйга кириб келадиган, салга жанжал кўтарадиган бўлди. Буниси ҳам майли-ку-я, кўчада ичиб олиб, ўтган-кетганнинг ҳам тинчини бузадиган, бўлар-бўлмасга ҳезланиши ҳаммасидан ошиб тушди. Ўша 2023 йилнинг 3 октябрида ҳам кечки соат 21ларга яқин яхшигина кайфи бўлган Носиржон Яшнобод тумани “Авиасозлар” автошохбекатида гандираклаб юраркан йўлида дуч келган О.Мирза ва М.Миркаримларга ғўлдираганча нималардир деди. Йигитлар унга эътибор бермай йўлида давом этишаркан, Носиржон уларнинг ортидан сўкинганча, бирини костюмидан тортиб, ўзига қаратишга уринди. Аммо йигитлар силтаниб, "амаки, тинчгина уйингизга бориб ётсангиз бўлмайдими?”, дейиши билан у баттар ёпиша кетди. – Бусиз ҳам шоҳбекатдаги йўловчиларга гап отиб, турли беъмани қилиқлари билан жамоат тартибини бузиб , очиқдан-очиқ ҳурматсизлик кўрсатиб, асабга тегаётган Носиржон, чўнтагидан пичоқ чиқариб, йигитларга зарба беради, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Бекзод Бекназаров. – Суд-тиббий экспертизаси М.Миркаримга етказилган тан жароҳатини “оғир”, О.Мирзага етказилган тан жароҳатини “соғлиғининг қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати” деб тасдиқлади. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1975 йилда туғилган, муқаддам судланмаган А.Носиржоннинг жиноий қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е,л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, оилавий шароити, муқаддам судланмаганлиги, яшаш жойида ижобий тавсифланиши, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 2 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.