Тошкент шаҳар ИИББда профилактика хизматининг 2020 йил давомидаги фаолияти сарҳисоб қилинди

Бош бошқарма ва пойтахтнинг 11 та тумани ИИО ФМБлари профилактика бўлимлари раҳбарияти вакиллари ҳамда профилактика инспекторлари қатнашган йиғилиш Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари – Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи полковник Маҳкам Вафоевнинг кириш сўзи билан очилди. 

Профилактика хизматининг ўтган 2020 йил давомидаги фаолияти сарҳисоби ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов нутқ сўзлади.

Пойтахт ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораси раҳбари ўз нутқида профилактика инспекторларининг уларга ишониб топширилган маҳаллалардаги криминоген ҳолат учун масъулиятлари алоҳида қайд этди. Шаҳардаги криминоген ҳолатга профилактика инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари билан билан ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар сифати тўғридан-тўғри таъсир қилиши қайд этилди. Яъни, профилактика инспекторининг фаолияти натижасининг омилларидан бири тегишли тузилмалар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборатдир. Биринча навбатда, бу аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини самарали ҳал этиш учун зарурдир.

Конструктив танқид руҳида бўлиб ўтган йиғилишда профилактика инспекторларининг 2020 йилдаги фаолиятлари муҳокама қилиниб, муваффақият ва камчиликлар мисол келтирилди.

Хизмат фаолияти натижасига кўра 11 нафар профилактика инспекторларига намунали хизмат учун тантанали равишда пул мукофотлари топширилди. Беш нафар профилактика инспекторлари қониқарсиз иш сабабли лавозимларидан бўшатилдилар.

Тадбир якунида 2021 йилга вазифалар белгиланиб, жойлардаги профилактика бўлимлари раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.