ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Нонкўрлик

Аслида ўзи ишлаб турган, шу ишлаган жойидан маош олиб рўзғорини тебратиб келаётган одам ишхонада ўғирлик қилмайди. Ёки салом-алик қилиб юрган ҳамкасбларининг ҳақига кўз олайтирмайди. Бу нонкўрлик ҳисобланади. Бироқ П.Бектош бундайлардан бўлиб чиқмади. Аксинча, Яшнобод туманида жойлашган масъулияти чекланган жамиятлардан бирида ишлаб туриб, 2024 йилнинг 6 мартида ишчиларнинг овқатланиши учун мўлжалланган ошхонада ишловчи Т.Наргизага тегишли бўлган сумка ичидаги ҳамёндан 700.000 сўм пулини ўғирлаган бўлса, 8 март куни мазкур жамият ишчиси Э.Қодирнинг нархи 1.100.000 сўм бўлган “Redmi Note 9” телефонини ўғирлаб, уларга дуч келганида гўёки ҳеч нарса бўлмагандек қуюқ саломлашиб юраверди. 19 март куни эса соат 11.00 ларда ишхона олдида фаолият юритувчи З.Суннатхўжага тегишли озиқ-овқат дўконига кириб, сотувчининг кўзини шамғалат қилганча касса олдида турган 1.400.000 сўм пулини ўғирлаб чиқиб кетди.Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1988 йилда туғилган, маълумоти ўрта, 3 нафар фарзанднинг отаси, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган П.Бектошнинг жиноий ҳаракатларини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, шу модда билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нуриддин Рамазоновнинг иш юритувидан олинди.

7 Апрел 2025 йил

27

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Биз ким, мулки Турон, Амири Туркистонмиз!” мавзусига бағишланди. Тадбирда Тошкент Кимё халқаро университети вакили профессор Акбар Замонов маъруза қилди. 9 апрель куни юртимизда буюк саркарда ва сиёсатчи Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги кенг нишонланади. Шу сабабли йиғилиш иштирокчиларига Тошкент шаҳар ИИББнинг иқтидорли ходимларидан иборат “Ниҳол” жамоаси томонидан соҳибқироннинг ҳаётига бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилди. Шунингдек, “Маънавият ойлиги” доирасида Тошкент шаҳар ИИББда китоб ярмаркаси ташкил этилди. Тадбирлардан кўзланган мақсад пойтахт Ички ишлар органлари ходимларининг китобхонлик маданияти, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий билимини оширишдан иборатдир. Китоб ярмаркасида мамлакатимиздаги йирик нашриёт ва матбаа корхоналари маҳсулотлари намойиш этилди. Китобсеварлар ҳуқуқий мавзудаги янги нашрлар, илмий-оммабоп китоблар, ўзбек адабиёти классиклари, хориж муаллифларнинг асарларини харид қилиш имконига эга бўлдилар.

5 Апрел 2025 йил

259

Диққат марказида – ёшлар

Маълумки, жорий йилнинг январь ойида юртимиз раҳбари томонидан 2025 йилда Републикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган қарори қабул қилинганди. Мазкур қарор бандларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Республика Олий таълим ва инновациялар вазирлигининг қўшма қарори ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ олий ўқув юртларида қарорнинг мазмун-моҳиятини ўрганиш, ижросини самарали таъминлаш мақсадида пойтахтда жойлашган олий ўқув юртларида кенг кўламли тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Stars international university” ҳамда “Central Asian university” университетларида бўлиб ўтди. Туман ИИО ФМБ раҳбарияти, профилактика инспекторлари, университет маъмурияти ҳамда кўп сонли талабаларни қамраган ушбу тадбирда сўзга чиққанлар: ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий тармоқлар орқали даъват қилинаётган қадриятларимизга ёт, бузғунчи ғоялардан ҳимояланиш, гиёҳвандлик, кибержиноятлар ва таҳдидларга қарши курашиш каби мавзуларга тўхталдилар. Мазкур салбий ҳолатларнинг қурбонига айланаётган ёшлар ва фуқароларнинг фожиали хотимаси ҳақида ҳаётий мисоллар келтириш орқали ўз тақдирларига, бахтли келажагига бефарқ бўлмасликка, бундай ҳолатлар аниқланганда тегишли ҳуқуқ-тартибот ҳамда ички ишлар идораларига мурожаат қилишга чақирдилар. Учрашувлар сўнгида талабаларнинг жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда ташаббускор бўлиш, огоҳлик ва хушёрликка даъват қилиш баробарида уларнинг кўплаб саволларига жавоб беришди. Мазмунли ва ҳар икки томон учун манфаатли ўтган учрашувлардан барча қониқиш ҳосил қилди.    

4 Апрел 2025 йил

167

Меҳнат –тўғри йўлнинг дебочаси

Меҳнат билан машғул бўлган одам бекорчи, бетайин ҳаёллардан узоқда бўлиши билан бирга меҳнатининг маҳсулидан қониқиш ҳисси билан яшайди. Бу бир томондан маънавий куч бағишласа, иккинчи томонидан моддий аҳволини яхшилайди, жамият фаровонлашади. Меҳнатдан келган бойлик рўзғорга файз ва барака олиб келиши ҳақида эслатмаса ҳам бўлади. Куни кеча пойтахтимизнинг Бектемир тумани “Миришкор” маҳалласида “Имкониятлар майдони” шиори остида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда туман ИИО ФМБ Пробация ходимлари ҳамкорлигида ташкиллаштирилган меҳнат ярмаркаси ана шу мақсадларга қаратилди. Ушбу тадбирда иштирок этган Тошкент шаҳри ва Бектемир туманида фаолият юритувчи 100дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари ўз бўш иш ўринлари билан қатнашиб, ишлаш истагида бўлганларга корхонада ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар, иш жараёни ҳақида қизиқувчиларга батафсил маълумотлар тақдим этишди. Натижада Пробация назорати остида турувчиларнинг 20 нафари ўз хоҳиш-истагидан, имкониятларидан келиб чиқиб танлаган ишларига жойлаштирилди. Яна 6 нафарига касб-ҳунар ўрганиш учун қисқа курсларга йўлланмалар берилди. Ўз-ўзини банд қилиш орқали тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларга эса имтиёзли кредитлар ажратилиши тартиби, бизнес режа тузиш борасида ҳуқуқий тавсиялар берилди. Мазкур тадбир билиб-билмай қилган жинояти учун “судланган” тамғаси остида, жамиятнинг ишончини йўқотгани боис, имконияти бўйича иш топишга қийналаётган Пробация назоратида бўлган шахслар учун катта имкониятлар эшигини очиб бераётгани шубҳасиз. Тадбирнинг “Имкониятлар майдони” шиори остида ўтказилгани ҳам бежизга эмас. Дарҳақиқат имконият берилди, хулоса эса инсоннинг ўзидан.

4 Апрел 2025 йил

176

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading