Тезкор хабар

Аввал хабар берганимиздек, 42 ёшли Лариса Т. 4 июнь куни вояга етмаган С.Я., С.И. ва А.Г.ларни машинада уриб юборган ва натижада А.Г. воқеа жойида вафот этган. Кеча, 6 июнь куни 42 ёшли Лариса Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) бўйича айблов қўйилди.

Юнусобод тумани жиноий ишлар бўйича суди Лариса Т.нинг уч нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини ва у оиладаги ягона боқувчи эканлигини, муқаддам судланмаганлигини, доимий турар жой ва иш жойига эгалигини инобатга олган ҳолда унга нисбатан уй қамоғи жазосини қўллади (Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 242-1 моддаси).  

Суд айбланувчи Лариса Т.га нисбатан қуйидаги тақиқлар (чекловлар) ўрнатди:

  1.  хат-хабар олиш ва жўнатиш (пенсия ва ижтимоий таъминот, таълим ва тиббий муассасалардан, солиқ тўлови ва бошқа коммунал тўловлар, шунингдек суриштирув, тергов ва суд органлари билан боғлиқ хат-хабарлардан ташқари);
  2.  ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш, зарурият юзага келган тақдирда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни, тез тиббий ёрдамни, ёнғин хавфсизлиги хизматини, қутқарув хизматини ва бошқа шошилинч хизматларни чақириш учун телефон алоқасидан фойдаланиш ҳуқуқидан чекланиши мумкин эмас (Ўзбекистон Республикаси ЖПК 242-1 моддасига биноан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўз яшаш жойидаги уй қамоғини ижро этиш зиммасига юклатилган ички ишлар органига ҳар бир шундай қўнғироқ ҳақида хабар беради).
  3. турар жойни соат 8.00 дан 19.00 гача фақатгина ишга бориш учун тарк этиши мумкин, бу ҳақда у уй қамоғини ижро этиш зиммасига юклатилган органга хабар бериши зарур. (Истисно: истеъмол маҳсулотларини, дори ва бошқа зарур буюмларни харид қилиш, коммунал хизматларни тўлаш – булар тўғрисида турар жой бўйича ички ишлар органи хабардор қилиниши шарт).

Тергов давом этмоқда.