ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Қулупнай кўчати ғавғоси

Анвар анчадан бери деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Меҳнатдан қочмайди, ерни яхши кўради. Ерни яхши кўргани боис уни ҳар хил ўғитлар билан “заҳарлайвермайди”. Шундан бўлса керак унинг маҳсулотларига харидор кўп. Экинлари барқ урганини кўрганда, ёш боладек севинади, чеккан заҳматларини унутади. Ерга дам бериш мақсадида алмашлаб экишни йўлга қўйган. Бу гал  қулупнай экиб омадини синаб кўришга қарор қилди. Қулупнай кўчатларини қидира бошлади. Танишлари орқали 1969 йилда туғилган Раҳматжон билан учрашди. Савдо пишди. Раҳматжон 500.000 туп қулупнай кўчатини 500.000.000 сўмга сотишга, ҳатто дала майдонига элтиб беришга ваъда берди. 2023 йилнинг сентябрь ойида Раҳматжон Анвардан 21.400 АҚШ доллари олди. Бир ҳафта ичида кўчатларнинг аввал ярмисини, кейинги ҳафтада қолган пуллар эвазига ярмини олиб боришга келишилди. Аммо бир ҳафта ўтдиямки,  Раҳматжондан дарак бўлмади. Анвар уни яна таниш-билишлари орқали қидира бошлади. Аммо улар ҳам  Раҳматжонни топа олишмади. Бу ерда  бир шумлик борлигини ҳис қилган Анвар Юнусобод тумани ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мазкур жиноят ишини Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, лейтенант С.Аҳроров олиб борди ва уни қонунан ниҳоясига етказиб, судга оширишга эришди.Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди очиқ суд мажлисида Раҳматжоннинг қилмишларини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Айбдорнинг қилмишига пушаймонлиги, айбига иқрорлиги, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини  инобатга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда  2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

20 Сентябр 2024 йил

58

Ҳужжат сўрама, пулини бер!

Мирадҳам 30 ёшларни оралаган бўлса-да, фойдали меҳнат билан шуғулланиш ҳақида ўйламади. Бунинг ўрнига таниш-билишларини ишга солиб, Тошкент туманида катта ер майдони  борлиги,  боғ-роғ, ферма қуриш, мол боқиш учун қулай эканлиги ҳақида овоза тарқатди. Сохта эълонга росмана ишонувчанлар ҳам топилди. 1981 йилда туғилган Раъно ерга харидор чиқди. Мирадҳам уни ўзгага тегишли бўлган, ўзига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган қаровсиз ётган ер майдонига етаклаб борди. Эгаси кимлигини ўзи ҳам билмайдиган ерни 32.000 АҚШ долларига баҳолади. Раъно бошланғич тўлов сифатида 26.000 АҚШ долларини бутун август-сентябрь ойи бўлиб-бўлиб тўлаб борди. Қолганини нотариус орқали қонунийлаштирилгач тўлашини айтди. 2023 йилнинг октябрида  аслида Мирадҳамга тегишли бўлмаган ер майдони қонуний расмийлаштирилиши керак эди. Бироқ Мирадҳам ҳар сафар бу жараённи ортга сураверди, ниҳоят телефонни кўтармай ҳам қўйди.– Жабрланувчи қуруқ ер майдонини кўрган холос, аммо унинг ҳужжатларини сўрамаган, ер кимнинг номида, умумий майдони қанча, қайси идора томонидан қандай ҳужжатлаштирилганлигига қизиқмай, кўр-кўрона ваъдалашган ва бўлиб-бўлиб пулини тўлаб борган, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Тожиддин Тошпўлатов. – Аслида  нотариус орқали қонуний расмийлаштирилгач пул олди-бердиси амалга оширилса, тўғрироқ бўларди.Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди очиқ суд мажлисида Мирадҳамнинг қилмишини кўриб чиқиб, қонуний баҳо берди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми  “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг муқаддам судланмаганлиги, айбига тўла иқрорлиги, пушаймонлиги, келтирилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 33 миллион сўм жарима жазоси тайинланди.

20 Сентябр 2024 йил

70

Пойтахтимизда гиёҳвандликка қарши курашиш ойлигига старт берилди

Тошкент шаҳрида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари туну кун хизмат олиб бормоқда. Ички ишлар органлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий Гвардия, прокуратура, суд идоралари томонидан психотроп моддалар, гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Лекин афсуски, бу турдаги жиноят камайгани йўқ.Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан гиёҳвандликка қарши олиб борилган чора-тадбирлар натижасида пойтахтда жорий йилнинг 8 ойи давомида аниқланган бу турдаги жиноятлар юзасидан 1 992 та жиноят ишлари қўзғатилган. Тадбирлар натижасида 195 кг 765 грамм гиёҳвандлик, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, ноқонуний муомаласига чек қўйилди.Бу турдаги жиноятларга кескин курашиш мақсадида, 2024 йилнинг 20 сентябрь кунидан 20 октябрь кунига қадар Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги ўтказилади.Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган йиғилишда ушбу ойлик доирасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди. Ушбу йиғилишда пойтахт ИИББ бошлиғи, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси, Миллий Гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси, шаҳар прокуратура ва суд раҳбарияти, туман ИИО ФМБ раҳбарлари ва соҳавий хизмат масъуллари иштирок этди.  Сўзга чиққан пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов ойлик доирасида туну кун хизмат ташкил этилиши, кундузги ва тунги махсус гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиши ҳамда ҳар бир ходим ўз ишига масъулият билан ёндашиши лозимлигини таъкидлади.Шу билан бирга, ойлик доирасида наркограффити ёзувларини ўчириш, ушбу ёзувларни чизиб кетувчи шахсларни аниқлаш ва уларга чора кўриш, гиёҳвандлик воситаларини тарқатувчи шахсларни ("закладчик") ҳамда уларни олиб кетувчиларни аниқлаш, ҳар бир ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш вазифалари юклатилди.Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Сиз ҳам ушбу ойлик доирасида фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Гиёҳвандлик моддалари ёки кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланувчилар, шунингдек наркограффити ёзувларини ёзиб кетувчи шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, ҳудудий профилактика инспекторига, яқин орадаги ИИБга ёки @narko_murojaat телеграм аккаунти орқали мурожаат қилишингиз мумкин.Мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

20 Сентябр 2024 йил

112

Интерактив хизматлар

Text to speech