ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳрида ички ишлар ва прокуратура органларида фаолият юритаётган тергов бўлинмалари ходимларини ўқитиш, билим ва малакасини оширишга қаратилган семинар бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 январь куни Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ўтказилди. Олий суд раисининг биринчи ўринбосари А. Усманов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Тергов департаменти бошлиғи Р. Ашропов ва Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А. Урманов бошчилигида ўтказилган семинар-машғулотида 2025 йилда судлар томонидан чиқарилган оқлов ҳукмлари ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 416 (судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) ва 417 (жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) моддалари тартибидаги ажримлар таҳлили муҳокама қилинди. Олий суд судьялари И. Раҳмонқулов ва Э. Турғунбоев томонидан тергов (суриштирув) органлари ходимларининг эътибори ўз фаолиятида йўл қўйилаётган хато ва камчиликларга қаратилиб, келгусида уларни такрорланишига йўл қўймаслик бўйича тушунтиришлар берилди. Шунингдек, тергов ва суд жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга қаратилган конституциявий нормаларга оғишмай амал қилиш тергов органлари ва судларнинг олдида турган умумий асосий вазифа эканлиги таъкидланди. Мазкур семинарда маърузачилар томонидан берилган маълумотлар юзасидан қизғин муҳокамалар ўтказилди, берилган саволларга атрофлича жавоблар берилиб, тергов сифатини янада яхшилаш бўйича иштирокчиларнинг таклифлари тингланди. Семинар сўнгида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди. © Тошкент шаҳар судлари | Расмий канал

11 Феврал 2026 йил

341

Пойтахт ИИББда раҳбар ва ёшлар учрашуви

Ёш ходимларни ватанпарварлик, аждодлар мероси, қадриятларимизга ҳурмат, касбига, бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулиятли ҳамда шарафли иш. Ички ишлар органлари хизматига илк қадам қўйган ёшларни қўллаб-қувватлаш, тўғри йўлланма бериш орқали касбга йўналтирилиши хизмат самарадорлигини таъминлаш, иш фаолиятида юқори натижалар кўрсатишида муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадларда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси аппарати, ҳудудий тузилмалари соҳавий хизматларида хизмат олиб бораётган ёш ходимлар, уларнинг ота-оналари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” тадбири ташкиллаштирилди. Тадбирда Бош бошқарма бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ҳамда унинг маслаҳатчиси, истеъфодаги полковник Мурод Каримов иштирок этди. Йиғилганлар олдида сўзга чиққан Равшан Султанходжаев ёшлар масалалари давлат сиёсати даражасида эканлиги, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, ўз истеъдоди ва имкониятлари, салоҳияти, ҳаётий қувватларини намоён этишлари учун берилаётган имтиёзларга тўхталди. Шунингдек, юртимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдек шарафли ва масъулиятли ишга бел боғлаган ёшлар учун ички ишлар органларида амалга оширилаётган ижобий ишлар таъкидлаб ўтилди. Ёшлардан касбига садоқат, фуқаролар билан хушмуомалалик, хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, ички ишлар органлари ходими деган шарафли номга доғ туширмаслик талаб этилиши қайд этилди. Шу билан бирга пойтахт ички ишлар органлари сафида хизмат вазифаларини бажариш қаторида профессионал спорт билан шуғулланиб юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган, илм-фан ривожига катта ҳисса қўшаётган, санъат соҳасида нуфузли мукофотларни қўлга киритиб келаётган ёшлар номлари қайд этилиб бир гуруҳ ёшларга ташаккурнома, фахрий ёрлиқлар ҳамда пул мукофотлари, сидқидилдан меҳнат қилиб тенгдошларига намуна бўлаётган бир гуруҳ ёшларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди. Очиқ мулоқот руҳида ўтказилган тадбирда полковник Равшан Султанходжаев йиғилиш иштирокчилари билан самимий суҳбатлашиб, уларнинг муаммолари, хизмат фаолияти ҳамда ижтимоий мавзулардаги муаммоларига қизиқди. Хизмат фаолиятини янада яхшилаш, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарорлар ижросига янгича ёндашув ҳамда хизмат самарадорлигини ошириш бўйича иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади ҳамда уларнинг турли мавзулардаги саволларига жавоблар берди. Тадбир сўнгида узоқ йиллар пойтахт ИИББ ҳудудий тузилмаларида сидқидилдан хизмат қилиб, кўплаб шогирдлар етиштирган, ўз тажрибаси ҳамда соҳавий кўникмаларини мерос қилиб қолдирган бир гуруҳ фидойи ходимлар тантанали равишда нафақага кузатилди. Тадбир хизмат билан бирга санъат йўналишида ҳам фаолият олиб бораётган бир гуруҳ истеъдодли ёшларнинг куй-қўшиқлари билан давом эттирилди.

11 Феврал 2026 йил

434

Чилонзорда “пойтахт намунаси” асосида хавфсиз ва жиноятдан ҳоли муҳит яратиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда

Давлат раҳбарининг Тошкент шаҳри, хусусан Чилонзор туманида хавфсиз муҳит ва жиноятдан ҳоли ҳудуд яратиш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида туман миқёсида кенг қамровли ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишлар “пойтахт намунаси” сифатида ҳуқуқ-тартибот, профилактика ва ижтимоий ҳамкорликни уйғунлаштирган ҳолда ташкил этилмоқда. Хусусан, топшириққа асосан Чилонзор тумани ҳокимлигида аҳолининг барча йўналишдаги мурожаатларига зудлик билан муносабат билдириш ва кўриб чиқиш ҳолатини, криминоген вазиятни реал вақт режимида тезкор мониторинг қилиш имкониятини берувчи Вазиятлар маркази ташкил этилди. Тумандаги амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларнинг самарадорлигини ўрганиш ва янада жадаллаштириш мақсадида Ички ишлар вазири ҳар-бир маҳаллага борган ҳолда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг келиб чиқиш омилларни таҳлил қилмоқда. Хусусан тадбир бошидан “Диёр”, “Новза”, “3-Катта Чилонзор”, “Бектўпи”, “Оқтепа”, “Бешчинор”, “Кўркам” маҳаллаларига борилиб профилактика инспекторлари ва маҳалла еттилиги билан бирма-бир суҳбатлашилиб, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди. Маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этишда ҳудуднинг ижтимоий вазияти ва алоҳида хусусиятидан келиб чиққан ҳолда илмий методлардан фойдаланилмоқда. Жумладан, болалар билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида туманнинг “3-Катта Чилонзор” маҳалласидаги 168-сонли ҳамда “Дилобод” маҳалласидаги 178-сонли мактабларга туташ кўчаларда автомобилларнинг бир томонлама ҳаракатланиши йўлга қўйилди. Шунингдек, туманда мавжуд бўлган 108 та меҳмонхона, хостел ва уй меҳмонхоналарни хатловдан ўтказиш, уларнинг кириш-чиқиш қисмларига юзни таниб олувчи, йўлаклари ва бошқа ҳудудларига кузатув камералари ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Йирик савдо мажмуалари ҳамда бозорларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мол-мулкларини ҳар қандай тажовузлардан ишончли ҳимоя қилиш мақсадида тумандаги “Чилонзор буюм бозори”, “Абу-сахий”, “Бектўпи”, “Чилонзор деҳқон бозори”, ҳамда “Қатортол” “Макро” савдо мажмуалари фаолияти ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида асосий эътибор, бозорларни тўлиқ рақамлаштирилиши ва яширин иқтисодиётни жиловлаш, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бозорлар автотураргоҳларини тўлиқ рақамлаштириш ишларига қаратилмоқда. Шунингдек, туманда жамоат хавфсизлигини таъминлаш инфратузилмаси тубдан такомиллаштирилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда профилактика инспекторларининг фаолияти кучайтирилиб, уларнинг хизмат бинолари замонавий техник воситалар билан жиҳозланди. “Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида ҳар бир ҳудудда жиноятчиликка олиб келувчи омиллар чуқур таҳлил қилиниб, аниқ манзилли режалар ишлаб чиқилди. Ижтимоий профилактика йўналишида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Низоли оилалар, ишсиз ёшлар, назоратга муҳтож шахслар билан индивидуал ишлаш йўлга қўйилиб, уларни бандликка жалб этиш, касб-ҳунар ўргатиш, психологик ва ҳуқуқий кўмак кўрсатиш чоралари амалга оширилмоқда. Ёшлар ўртасида спорт, маданият ва маънавий-маърифий тадбирлар кўлами кенгайтирилиб, бўш вақтни мазмунли ташкил этишга қаратилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ички ишлар вазирлиги масъуллари ва бошқа давлат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар туманнинг барча маҳаллаларида белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўрмоқда.

11 Феврал 2026 йил

281

Мирзо Улуғбек туманида сайёр қабуллар

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Бешкапа” маҳалла марказида туман ҳокими Баходир Ғоибназаров ва туман ИИО ФМБ бошлиғи Искандарбек Рашидовнинг маҳалла аҳолиси билан сайёр қабули бўлиб ўтди. Унда маҳалла аҳлининг маҳалла тақдирига дахлдор масалалари, коммунал соҳа ва ижтимоий ёрдам йўналишларидаги мурожаатлари тингланди. Фуқароларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, мурожаатларнинг ижроси назоратига олинди. “Шаҳрисабз” маҳалла фаоллари, “еттилиги” иштирокида ўтказилган учрашувда эса маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, маиший ва коммунал муаммоларни ҳал этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, маҳалла нозирларига яратилган шароитлар, уларнинг иш тартиби масалаларига эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди. Туманда жойлашган “Алишеробод” маҳалласида ўтказилган шу каби тадбир сайёр қабулга уланиб кетди ҳамда фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Туманнинг “Аҳмад Югнакий”, “Ялонғоч” маҳалла марказида ўтказилган сайёр қабулларда ҳам фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.Мурожаатларга қонуний ечим топиш борасида масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси назоратига олинди. Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатларини жойида ўрганиш мақсадида тумандаги бир қатор маҳаллаларда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёни текширилди. Ўрганишларда қурилиш ташкилотлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Пиёдалар йўлаги, кўп қаватли уйлар фасад қисми, яшил майдонлар, болалар майдончаси ҳамда қаровсиз ҳолатга келиб қолган ҳудудлар бўйича танқидий мулоҳазалар билдирилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул ташкилот ва раҳбарларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди. Туманда жойлашган “Наврўз” деҳқон бозорида олиб борилаётган қурилиш жараёнлари билан танишиш чоғида бозор ҳудудидаги савдо расталари, маҳсулот нархлари ҳамда санитария-гигиена ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди. Масъуллар томонидан бозор инфратузилмасини янада яхшилаш, фуқаролар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди. Шунингдек, кўча савдоси билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилиниб, ноқонуний савдо ҳолатларининг олдини олиш юзасидан тегишли ташкилотларга аниқ топшириқлар юклатилди. Ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиши ва қатъий назорат остида бўлиши таъкидланди. Мазкур ўрганишлар аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, бозорлар фаолиятини тартибга солиш ҳамда қиёфасини янада кўркамлаштиришга хизмат қилади. Туманда жойлашган хусусий мактаблар раҳбарлари билан ўтказилган учрашувда хусусий таълим муассасаларининг фаолияти, ўқув жараёнининг сифати, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Юқори синф ўқувчиларининг давомади, хулқи ва таълим сифатини кучайтириш масалаларига урғу берилди. Шу билан бирга мактабларда видеокузатув камераларининг ўрнатилгани, рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш ва замонавий ахборот технологияларини жорий этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар муҳокама этилди. Учрашув якунида таълим муассасаларида хавфсиз ва соғлом муҳитни таъминлаш, ўқувчилар билан индивидуал ишлаш ҳамда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

10 Феврал 2026 йил

712

Интерактив хизматлар

Text to speech