Тезкор хабар

Интернет тармоғида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари аёлларни хизмат автомобили томон олиб кетаётганлиги акс этган видеотасвир тарқалмоқда. Мазкур ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

14 апрель куни тахминан соат 21.30 да Қоратош ва Бунёдкор кўчалари кесишмасида Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари автомобиллар қатнов қисмида фарзандлари билан тиланчилик қилиб ҳайдовчиларга ҳалақит бераётган уч нафар аёлларни кўришган. Аёллар тиланчилик қилиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ҳақида огоҳлантирилиб, уларнинг шахсларини аниқлаш мақсадида Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ 2-сон Ички ишлар бўлимига таклиф қилиндилар. Бунга жавобан аёллар атрофдагиларнинг раҳмини келтириш учун бақириб, ходимларга фаол қаршилик қила бошлашди. Ички ишлар бўлимига олиб келинган шахслар Самарқанд вилоятилик икки фарзандли 25 ёшли Маҳлиё Ю., 30 ёшли Зуҳра Ш. ва 25 ёшли Санобар У. эканликлари, шунингдек улар муқаддам бир неча маротаба огоҳлантирилганликлари аниқланди.

Бундан аввал ходимлар мазкур аёлларни йўл қисмида тиланчилик мақсадида болаларидан фойдаланаётганликларини гувоҳи бўлишган. Бу аёлларнинг йўл қатнов қисмида тиланчилик қилиши нафақат уларнинг ўзлари, балки норасида гўдакларининг ҳаёти учун ҳам хавфли бўлиб, камига бошқа йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаётини ҳам хавф остида қолдирган.

Аёлларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний чора кўрилиши учун терговга қадар текшируви ўтказилмоқда, натижаси ҳақида қўшимча хабар берилади.

Қайд этиш жоизки, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари тиланчилик учун жавобгарлик кучайтирилгандан буён, фаол тиланчилик билан шуғулланувчи шахслар орасида тушунтириш профилактик ишларни олиб боришмоқда. Профилактик суҳбатлар давомида тиланчилик билан шуғулланиш сабаблари ўрганилиб, уларга ёрдам бериш учун иш таклиф этилмоқда. Афсуски, ушбу фуқаролар ҳар доим ҳам ишга жойлашишга рози бўлмасдан, енгил даромад топиш мақсадида тиланчилик билан шуғулланишда давом этмоқда.