Тезкор хабар

Ижтимоий тармоқлар ва мессенджерларда Амир Темур хиёбонида рўй берган ҳодисалар ва фуқаро Базаров Миразизга етказилган тан жароҳатлари билан боғлиқ жиноят ишлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари ҳақида нотўғри маълумотлар тарқалмоқда. Шу муносабат билан қуйидагиларни маълум қилишни лозим топдик.

Муқаддам хабар берилганидек, жорий йилнинг 28 март куни тахминан соат 15.00 да Юнусобод туманидаги Амир Темур хиёбонида уч-тўртта фуқаро ёш йигит ва қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларга тан жароҳатлари етказган. Уларга яна 20-25 нафар шахслар қўшилиб, безорилик ҳаракатларини давом эттиришган. Дастлаб жанжални бошлаган 12 нафар фуқаро ушланган.  Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида ҳодисада бевосита иштирок этган шахслар аниқланиб (31 нафар), уларнинг ҳар бирининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди. Улардан тўрт нафари жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилинди. Булар: Тошкент вилоятида туғилган 1989 йилда туғилган Қурбонов Фарходжон ва 1991 йилда туғилган Йўлдошев Музаффар, шунингдек пойтахтда истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган Фазлитдинов Боходир ҳамда 2002 йилда туғилган Анваров Рихситилла. Айбланувчиларга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланди. Дастлабки тергов тугагандан сўнг, жиноят иши қонуний қарор қабул қилиниши учун судга тақдим этилади.

Можарода иштирок этган қолган 27 нафар шахсларнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”), 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”), 195-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш”) ва 201-моддасида (“Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш”) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ахборот ресурсларида 1991 йилда туғилган Базаров Миразизга тан жароҳати етказилганлиги ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “и” банди (“Бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. Тергов томонидан суд-тиббий экспертиза хулосаси олингач, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “к” бандига (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши”) қайта малакаланди. Жиноят иши доирасида тузилган тергов-тезкор гуруҳ томонидан 100 дан ортиқ фуқаролар сўроқ қилинди, жиноятчилар ҳаракатланган бўлиши мумкин деб гумонланган 41 172 та автотранспорт воситалари ўрганилмоқда. Мазкур жиноятга алоқадор фуқароларнинг шахслари аниқланмоқда. 

Шу билан бирга, 1 апрель кунидан 20 апрелга қадар Тошкент шаҳар ИИББга фуқаролардан 28 та ариза келиб тушган бўлиб, унда Базаров Миразиз интернетда жойлаган видеоларида ушбу фуқароларни ва уларнинг қариндошларини ҳақорат қилгани, уларни террористик ташкилотлар билан ҳамкорликда айблаб тухмат қилгани, миллий анъаналарни оёқ ости қилиб, аёлларнинг шаънига путур етказаётгани ҳамда миллатлараро низо уйғотаётгани сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни талаб қилишган. 

Шунингдек, Миробод тумани 110-сон умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчиларидан жамоавий ариза келиб тушган бўлиб, унда Интернет тармоғидаги медиамаконларда мазкур мактаб ўқитувчиларининг касбий ва шахсий сифатлари ҳақида ҳақоратли маълумотлар тарқатганлиги ва шу билан уларнинг обрўсини топтаганлиги учун Базаров Миразизга нисбатан қонуний чора кўришни сўрашган.

Мазкур аризалар бўйича терговга қадар текширув ўтказилиб, тегишли комплексли экспертиза тайинланди.

Терговга қадар текширув натижаларига кўра, Базаров Миразизнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” бандида (“Ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш”) назарда тутилган жиноят аломатлари борлиги аниқланиб жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, жабрланувчининг сўзидан тузилган фоторобот асосида Базаров Миразизга тан жароҳати етказишга алоқадор бўлган гумон қилинувчининг шахсини аниқлашда фуқаролардан кўмак сўраймиз.

 

Агар сиз мазкур шахс ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, +998712819075 ва +998712334946 рақамлари орқали ёки 102 рақамига хабар беришингизни сўраймиз. Махфийлик кафолатланади. Терговга ёрдам бераётганингиз учун олдиндан миннатдорчилик билдирамиз.