Сохта тавбалар бўй кўрсатганда
Йигирма ёшида ўртоқларига ўзини кўрсатиб қўйиш мақсадида, нотаниш йигит билан жанжаллашган Фарҳод судланиб, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Бу унга катта сабоқ бўлди. Жазо муддати тугагач, ишга кирди, оила қурди, бирин-кетин уч нафар фарзанднинг отасига айланди. Бироқ вақт ўтиб, ўз-ўзига берган ваъдалари унутилиб яна жиноятга қўл урди. Бу гал 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Уч нафар вояга етмаган фарзандлари, аёлини ўйлаб ўз қилмишидан ўтган сафаргидек қаттиқ пушаймон еди, тавбалар қилди. Ўз-ўзига бундан бу ёғига зинҳор-базинҳор жиноятга қўл урмаслик, ҳалол ишлаб, ҳалол яшашга онт ичди. Аммо ... 2020 йилнинг 20 январида интернет тармоғидаги ҳаволаларни кузатиб ўтираркан, “Playstation” компьютер ўйинлари клуби эгаси томонидан клубга тегишли техника ва мебель жиҳозлари сотилаётгани ҳақидаги эълонга кўзи тушди. Дарҳол клуб эгаси Х.Содиқбекка қўнғироқ қилиб, сотиб олишини билдирди. Сотувга қўйилган буюмларнинг ҳолатини, яроқлилигини кўздан кечирган Фарҳод уларни 5.000 АҚШ долларига баҳолади. Ўзаро келишувдан сўнг Фарҳод ҳар ойда 500 АҚШ доллари тўлаб бориш шарти билан 5 дона “Playstation 5” приставкаси, 4 дона “Roison” телевизори, 7 дона икки ўринли диван, 12 дона джойстиклар, музлаткич, бар столи ва 6 дона табуреткаларни юклаб кетди. – Ойига 500 АҚШ доллари бериб боришни ваъда қилган Фарҳод дастлабки ойларданоқ турли важ-карсонлар билан тўлов муддатларини ортга суриб бораверади, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Тигран Тожибоев. – Кейин эса умуман телефонини ўчириб қўяди. Сотилган молларининг бир тийинини ҳам ололмаган, буюмларини қайтариб олишнинг имкони йўқлигини англаган Содиқбек ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1991 йилда туғилган, маълумоти ўрта-махсус, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди бўлган, муқаддам судланган А.Фарҳоднинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, Республика Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаганлиги, оилавий шароитини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.