ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Коррупциявий ва иқтисодий қонунбузарликларга қарши курашиш, комплаенс назоратини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 10 декабрь куни коррупцияга қарши курашиш, комплаенс назоратини такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тақдимоти билан танишди. Коррупция – аксарият жамиятларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишга путур етказувчи жиддий жиноятдир. Бирор-бир мамлакат, минтақа, жамият коррупциядан иммунитетга эга эмас. Коррупция тадбиркорликка, фанга, таълимга, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳаларга жиддий зарар етказади, мамлакат коррупциялашган тизимда муваффақиятли ривожлана олмайди.  Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг бошиданоқ бу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда коррупциянинг олдини олиш, шаффофликни ошириш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда. Ушбу мавзу айни шу кунларда муҳокама қилинаётгани бежиз эмас. Зеро, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан 2004 йилдан бошлаб ҳар йили 9 декабрда Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни бутун дунёда нишонланади. Ушбу сана мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар самарасини баҳолаш, амалий натижаларни таҳлил қилиш ва янги вазифаларни белгилаш учун муҳим фурсат. Ўтган даврда давлат органларида комплаенс назорати тузилмаларининг фаолияти қайта кўриб чиқилиб, ички назорат бўлинмаларида 11 мингдан ортиқ ўрганишлар ўтказилгани, 793 миллиард сўмлик маблағларнинг мақсадсиз сарфланишининг олди олингани маълум қилинди. Қарийб 2 триллион сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди, 478 миллиард сўмлик зарар ундирилди. Коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларининг самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тасдиқлангани, улар томонидан 700 дан ортиқ ўрганиш, мониторинг ва назорат тадбирлари ўтказилгани натижасида 354 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди, 1397 та манфаатлар тўқнашуви ҳолати ҳамда қарийб 550 миллиард сўм маблағнинг мақсадсиз сарфланишининг олди олинди. Мансабдор шахсларга нисбатан 26 та жиноят иши қўзғатилди, 24 нафари маъмурий ва 148 нафари интизомий жавобгарликка тортилди. Соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими, кадастр ва қурилиш тизимлари ҳамда давлат хизматчилари орасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, кадрларни ишга олишда шаффофликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқув курсларида ўқитиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш кластерини йўлга қўйиш таклиф этилди. Бу тизим Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Ҳисоб палатаси ва Давлат молиявий назорати инспекцияси, идораларнинг ички назорат бўлинмалари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида мазкур иллатга қарши курашиш бўйича яқин ҳамкорлигини ўрнатиш ва уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилади. Кластер доирасида ахборот алмашиш, қўшма тадбирлар ўтказиш, мониторинг ва баҳолаш орқали яхлит экотизим яратилади, ишларнинг самарадорлиги ошади. Тақдимотда соҳани рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Турли идораларнинг маълумот базаларини интеграция қилиш асосида Хавф-таҳлил марказини ташкил этиб, коррупцион хавфларни ҳамда давлат харидларида аффилланганлик ҳолатларини автоматик аниқлаш режалаштирилган. Шунингдек, комплаенс бўлимларнинг ишини тўлиқ рақамлаштириш, коррупциявий омиллар ва хавф-хатарларни аниқлаш тезкорлигини ошириш бўйича режалар тақдимот қилинди. Қарорлар қабул қилишда жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди. Шу мақсадда “E-qaror” тизимида ҳужжатларнинг очиқ эълон қилиниши устидан назоратни ҳамда бюджет маблағларидан фойдаланишда жамоатчилик назорати имкониятларини кенгайтириш топширилди. Превентив чораларнинг кўлами ва таъсирчанлигини оширишга алоҳида эътибор берилди. Соҳа ва тармоқларда коррупция омилларини бартараф этиш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этиш таклиф қилинди. Бунда коррупция жиноятлари статистикаси ва бюрократия даражаси юқори, фаолияти бўйича фуқаролардан энг кўп мурожаатлар келиб тушаётган ҳамда рақамлаштириш даражаси паст бўлган соҳалар билан манзилли ишлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бундай соҳа ва тармоқларда лойиҳа офислари ташкил этилиб, фаолият якунлари бўйича ҳисобот тайёрланади ва жамоатчиликка эълон қилинади. Умуман, коррупцияга қарши курашиш жараёнига кенг жамоатчиликни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди. Бу борада инвестиция лойиҳаларининг ижросини назорат қилувчи ташаббускор гуруҳларни кўпайтириш, қурилиш ишларини назорат қилишда маҳалла фаолларининг иштирокини таъминлаш таклиф қилинди. Коррупция ҳақида хабар бераётганлар сонини ошириш мақсадида уларга ҳимоя ордери беришни йўлга қўйиш, рағбатлантиришнинг реал механизмини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди. “Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш ташаббуси илгари сурилди.   Шунингдек, давлатимиз раҳбарига қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигидаги суиистеъмолчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, турли соҳалардаги иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши кўрилаётган чоралар ҳақида ҳисобот берилди. Мутасаддиларга бу борада фақат жиноятнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки унга сабаб бўлувчи омилларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш, фаолиятни рақамлаштириб, масофавий назорат механизмлари ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан топшириқлар берилди. Профилактика ишларини кучайтириш, молиявий ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш, қонунбузарликларга имкон берувчи бўшлиқларга йўл қўймаслик мақсадида қонунчилик ҳужжатларини доимий равишда такомиллаштириб бориш зарурлиги таъкидланди. 

10 Декабр 2025 йил

26

Президентимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари билан мулоқот қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари билан учрашув ўтказди. Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида фидокорона ва машаққатли меҳнати билан ноз-неъмат етиштириб, эл дастурхонига қут-барака олиб кираётган барча деҳқон, фермер, боғбон, чорвадор, сувчи, агроном ва механизаторларга ўзининг чуқур ҳурмат-эҳтиромини билдирди. – Сизларнинг нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли турмушини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасидаги беқиёс ишларингиз ҳар қанча таҳсинга сазовор, – деди Президентимиз. Жорий йилда халқимизнинг 3,5 миллиондан зиёд вакили меҳнат қилаётган қишлоқ хўжалигида катта марраларга эришилди. Пахтачиликда миришкор деҳқон ва фермерларимиз томонидан 875 минг гектар ерда 4 миллион тоннага яқин хирмон яратилди. Илк бор пахтада ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етди. Ғаллакорларимиз бу йил 8 миллион 400 минг тонна хирмон яратди, ўртача ҳосилдорлик эса 85 центнер бўлди. Шоликорларимиз жорий йил 268 минг гектарда шоли экиб, 1 миллион 340 минг тонна ҳосил олди, ўртача ҳосилдорлик 50 центнерга етди. Уч йилда 155 минг гектар боғ ва узумзор барпо этилди, интенсив боғлар 150 минг гектарга етказилди. Жорий йилда 3,4 миллион тонна мева, 2 миллион тонна узум, 19,5 миллион тонна сабзавот, полиз ва картошка, 1 миллион тонна дуккакли ва мойли экинлар етиштирилди. Йил бошидан озиқ-овқат экспорти 37 фоизга ўсиб, 3 миллиард долларга етди, йил якуни билан бу кўрсаткич илк бор 3,2 миллиард доллардан ошади. Мева-сабзавотларимиз кириб борган давлатларнинг сони 18 тага кўпайиб, 83 тага етди. – Албатта, бундай улкан натижалар ортида деҳқон ва фермерларимиз, кластерлар, умуман, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ҳар бир инсоннинг меҳнати, жасорати, фидойилиги турибди, десак тўғри бўлади. Уларнинг заҳмати, мард ва олижаноб фазилатлари ҳар қанча эътироф ва эътиборга муносиб, – деди Президентимиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 9 декабрдаги фармонига мувофиқ, соҳада алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Маросимда ана шу мукофотлар тантанали равишда топширилди. Президентимиз сўзининг давомида келгуси йил учун соҳа олдида турган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Янги агротехнология ёрдамида 76-схема бўйича пахта етиштириш келгуси йилда оммалаштирилиб, 891 минг гектарда тўлиқ шу схема бўйича пахта етиштирилади. Кўсак қурти, гербицид, шўр ва сувсизликка чидамли хорижий навлар экиладиган майдонлар 2 карра кўпайтирилиб, 500 минг гектарга олиб чиқилади. “Шинжон тажрибаси” асосида 300 минг гектарга чигит экилади. Бунинг учун далаларда томчилаб суғориш технологиясини жорий этишга 2 триллион 600 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилади. Ўз маблағидан пахта етиштирган фермерларга ҳосилнинг 10 фоизигача қисмини субсидиялашга 250 миллиард сўм берилади. Бунда пахта етиштириш учун кредит лимитини ярмидан фойдаланган фермерларга ҳам ҳосилнинг 5 фоизигача субсидия берилади. Маҳаллий янги пахта навларини яратиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, илмий марказларда 56 та маҳаллий навни хорижий навлар билан селекция қилиш асосида пахта уруғчилиги ривожлантирилади. Геномика ва Пахтачилик илмий институтларига фитотрон ва иссиқхона қуриб берилади. Пахта етиштириш учун биржа орқали минерал ўғит ва ёқилғини 10-15 фоиз арзон нархда етказиб бериш амалиёти келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Эндиликда пахта ва ғалла йўналишидаги фермерларнинг алоҳида рейтинги юритилади. Бунда камида 10 йилдан ортиқ ишлаётган, кредит, лизинг ва солиқдан муддати ўтган қарзи бўлмаган фермерларга рейтингига қараб Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан берилаётган имтиёзли кредит ставкалари янада пасайтирилади. Яъни рейтингнинг юқори поғонасида турган фермерларга кредит ставкаси пахта учун 8 фоиз, ғалла учун 10 фоиз қилиб белгиланади. Мирзачўлда инновацион қишлоқ хўжалиги мактаби ташкил қилинмоқда. Бутун республикадаги 1 минг нафар фермер ушбу мактабда чўл шароитида пахта етиштириш бўйича ўқитилади. Ушбу мактабда ўқиб, сертификат олган фермерларга рейтингда қўшимча 10 балл берилади. Малакали агрономларни кўпайтириш муҳим экани таъкидланди. Шу боис, Аграр университетнинг 180 нафар талабаси дуал таълим асосида илғор кластер ва фермерларда ишлаб, амалиёт ўтайди. Агрономлик сирларини ўргатган фермер ва кластерга ҳар бир талаба учун 5 миллион сўмдан пул, талабага эса 1,5 миллион сўм стипендия тўланади. Фермерлар фаолиятига янгиликларни олиб кириб, сифатли уруғ ва нав, замонавий агротехнология ёрдамида ҳосилдорликни ошириш ва харажатларни қисқартиришга кўмаклашган ёш агрономларга 2 минг доллардан ойлик тўланади. Пахтачиликда механизациялаш даражасини 85 фоизга етказиш учун келаси йил яна 800 та терим машинаси, 450 та кўп функцияли сеялка ва 3 минг дона плёнка йиғадиган машина олиб келиниши белгиланди. Умуман, пахтачиликдаги ишларни янада жонлантириш учун 2026 йил деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлашга 35 триллион сўм берилади. Ғаллачиликда ҳам шўр, сувсизлик ва иссиққа чидамли янги навларни яратиш борасидаги изланишлар янада кучайтирилиши таъкидланди. Ўз маблағи ҳисобидан ғалла етиштирган фермерларга пахтадаги каби ҳосилининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Шунингдек, янги боғ ва токзорларни ташкил қилиш, эскиларини янгилаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинади. Эндиликда интенсив боғ ташкил қилиш учун 7 йилга 3 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит берилади. Музлаткичли омбор учун кредит фоизининг асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисми қопланади. Сабзавот экспортчилари ва боғбонларга қадоқлаш харажатининг 50 фоизи компенсация қилинади. Мева-сабзавотни кўпайтириш учун яйлов, қир ва адирлардан самарали фойдаланиш жуда муҳимлиги таъкидланди. Шу мақсадда саноатлашган боғ, токзор ташкил қилиш, сабзавот, озуқа экини етиштириш учун адир ерлар қийматининг 1 фоизи миқдоридаги нарх билан аукционда сотилади. Аукцион ғолиблари ерни бошқа одамга қайта ижарага бериши мумкин бўлади ва ижара ҳуқуқи бепул рўйхатдан ўтказилади. Ҳозирги тез ўзгарувчан шароитда бозорлардаги нарх-наво барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доимий диққат марказида бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Ҳозирда куз-қиш учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захира қилинмоқда. Энди бу ишни йил давомида амалга ошириб, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун доимий интервенция тизими жорий этилиши эълон қилинди. Яна бир муҳим, эътибор қаратиш зарур бўлган масала – гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш. Келгуси йилда четдан 100 минг бош қорамол ва 200 минг бош қўй-эчки олиб келинади. Пахта ва ғалла йўналишидаги фермерларга ўз ерида чорвачиликни йўлга қўйиш учун 20 сотихгача жойда енгил конструкцияли бино қуришга рухсат берилади. Импорт қилинган наслдор қорамол ва бир кунлик жўжа учун субсидия ажратиш тартиби яна 5 йилга узайтирилади. Чорвачилик лойиҳалари учун кейинги йил Жаҳон банки ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасидан олиб келинган ресурслар ҳисобидан 157 миллион доллар йўналтирилади. Ушбу маблағлар чорвадорларга 10 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан 17 фоиздан берилади. Балиқчиликда наслни янгилаш, ҳосилдорликни ошириш ва шаффофликни таъминлаш бўйича ҳам бир қатор янгиликлар жорий қилинади. Жумладан, карп ва совуқ сув балиқлари бўйича Венгрия ва Норвегиядаги ҳамкорлар билан Янгийўл ва Бўстонлиқ туманларида 2 та наслчилик маркази ташкил қилинади. Четдан наслдор она балиқ олиб келиш харажатининг ярми қоплаб берилади. Балиқчилик хўжаликлари инкубация, лаборатория, ёпиқ сув айланма тизимларини импорт қилишда божхона божидан озод этилади. Интенсив балиқчиликни йўлга қўйган хўжаликларга ер ва мол-мулк солиқлари 2 карра камайтирилади. Қишлоқ хўжалигидаги субсидиялар шу пайтгача 6 та вазирлик томонидан ажратилаётган эди. Шу боис, барча субсидиялар бўйича молиявий хизматларни бир жойда кўрсатадиган Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилди. Агентлик томонидан келаси йил деҳқон ва фермерларга 2 триллион 200 миллиард сўмлик субсидия берилади. Бунда субсидия ажратиш жараёни ҳозирги 4 босқичдан 2 босқичга, уни олишга кетадиган вақт эса 1 ойдан 15 кунга қисқаради. Кейинги йилдан ҳосилни ихтиёрий суғурталаш пахта, ғалла ва иссиқхонада етиштириладиган маҳсулотлардан бошланиши белгиланди. Бунда суғурта учун тўловни 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади. Шу йилнинг ўзида 100 дан ортиқ дрон ёрдамида ер майдонлари ва экинлар мониторинги, илғор агротехник тадбирлар амалга оширилди. Кейинги йил Хитойдан яна 50 дан ортиқ замонавий агродронлар олиб келинади. Ҳар бир вилоятда камида 2 тадан дрон мобил комплекси орқали агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади. Яна бир масала – республикада экин майдонларидан ўтган 70 минг километр узунликдаги очиқ дренаж ва коллекторлар бор. Агар улар босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилса, экин экиш учун қўшимча майдон очилади, зовурларни тозалаш харажатлари каррасига тежалади. Шу боис, очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, бу мақсадлар учун 100 миллион доллар ажратилиши белгиланди. – Мен бир гапни такрор айтишдан чарчамайман. Илм ва изланиш бўлмаган соҳада ривожланиш ҳам, юксалиш ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди, – деди давлатимиз раҳбари. Бугун аграр соҳада 22 та илмий марказ, 260 та лаборатория, уларда жуда катта салоҳиятга эга юзлаб олим ва илмий ходимлар фаолият юритмоқда. Бу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш учун “илм-фан – таълим – ишлаб чиқариш” интеграциясини таъминлайдиган Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилади. Ушбу академия қишлоқ хўжалигидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантиришга масъул бўлади. Бундан ташқари, 500 нафар илғор фермер, боғбон ва экспортчилар Хитой, Туркия, Голландия, Франция каби давлатларга юборилиб, ўқитилади. Учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Президентимиз уларнинг қўшимча таклифлари ва фикрларини тинглади.

10 Декабр 2025 йил

30

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Huawei компанияси ҳамкорлиги: инновацион технологиялар ва хавфсизлик соҳасидаги янги қадамлар

Жорий йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатовни “Huawei” компаниясининг Ўзбекистондаги Бош директори Тан Сяосян билан ишчи учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда томонлар қатор муҳим масалалар, жумладан мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар. Хусусан, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида интеллектуал видеоназорат тизимларини жорий этиш, оммавий ва спорт тадбирларнинг хавфсизлигини таъминлашда юқори технологияларни қўллаш, киберхавфсизлик масалаларида замонавий ечимлар ҳамда таълим соҳасида инновацион технологияларни самарали қўллай оладиган малакали мутахассисларни тайёрлаш йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўрилди. Учрашувда томонлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ечимларни жорий қилиш ва хавфсизлик соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, шунингдек кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни кучайтириш масалалари бўйича истиқболли вазифаларни келишиб олдилар.

10 Декабр 2025 йил

27

Сергели туманида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш юзасидан қатор амалий тадбирлар ташкил этилди

Ёшларни турли салбий иллатлардан асраш, ҳуқуқий онги, маданиятини шакллантириш, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали хавф солаётган гиёҳвандлик, диний-экстремизм, бузғунчи ғоялар, кибержиноятлардан асраш борасида пойтахт ички ишлар органлари томонидан қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ўтказилаётган профилактик тадбирларни бунга мисол тариқасида келтириш мумкин. Хусусан, туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Баходир Анваров туманда жойлашган 300-умумтаълим мактабида ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этган очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда ўқувчи томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик муҳокамасига эътиборни қаратди. Ўқитувчи ҳамда ота-оналар бола тарбиясига катта эътибор қаратиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказишга, ижтимоий тармоқларда қандай ҳаволаларга кираётганини назорат қилишга, турли таҳдид ва хавф-хатардан огоҳ бўлишга чақирилди. Ёшларни гиёҳвандлик иллати ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали хавф солаётган, ёшлар онгини заҳарлашга қаратилаётган салбий унсурлардан асрашдек долзарб мавзуга бағишланган шундай тадбирлар туманда жойлашган бошқа умумтаълим мактаблари ҳамда университетда ҳам ўтказилди. Соҳавий хизматлар масъуллари ҳам қатнашган мазкур учрашувларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг инсон саломатлиги, руҳиятига зарарли таъсири, гиёҳвандлик сабабли содир этилаётган мудҳиш жиноятлар, оилалар таназзули ҳақида ўқувчи-талабаларга маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, тадбирларда сўзга чиққанлар жиноятчиликни олдини олишда ёшларнинг фаоллиги, ижтимоий масъулияти ва онлайн хавфсизликни таъминлаш масалалари борасида сўз юритиб, салбий ҳолатлардан ҳимояланиш бўйича керакли тавсия ва йўриқларга тўхталди. Мулоқот якунида талабаларнинг саволларига жавоб берилиб, хавфсизлик бўйича амалий тавсиялар, фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш қоидалари тушунтирилди. “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш қаторида ёшлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзига бўлган иштиёқини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

10 Декабр 2025 йил

84

Интерактив хизматлар

Text to speech