5 Июн 2024 йил 1281

Имзо – масъулият эмас...ми?..

Дарёга қармоқ ташлаган билан ҳамманинг ҳам қармоғига лаққа балиқ илинавермайди. Баҳодир қармоғига илинадиган соддадил, ишонувчан  одамни қидириб юрарди. Ниҳоят ниятига етди. Унча-мунчамас, нақ катта бир масъулияти чекланган жамиятнинг раҳбари қармоғига илинди. 2023 йилнинг январь-декабрь ойларида унинг қўлида ишлаб ишончини қозонган Баҳодир енгидан кириб ёқасидан чиқишни уддалади. Қадоқланган озиқ-овқат, “чақ-чуқлар” савдоси билан шуғулланадиган жамиятнинг  биринчи вазифаси – маҳсулотларнинг яроқлилик муддати тугамасдан харидорга етказиш. Айнан шу унга қўл келди. Тез фурсатларда сотиб бериш  ваъдаси билан  72.555.920 сўмлик маҳсулотларни олиб, сувга тушган тошдек жим бўлиб кетди. Пулларни кутавериб кўзлари тўрт бўлган раҳбар аввалига  чув тушганига ишонмади. Чунки, қўлида  фирибгар  ихлос билан жимжимадор қилиб имзо чеккан юк хатлари бор эди. Бироқ на телефони жавоб бермагач, на яшаш манзилидан топа олмагач, Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Фирибгар қанчалик яширинмасин, манзилларини  ўзгартирмасин, туман ички ишлар идоралари ходимлари уни топишди. Юқоридаги ҳолат юзасидан Баҳодирга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech