Рақамли технологияларнинг кундалик ҳаётимизнинг барча жабҳаларига жадал суръатда кириб келиши тараққиётимиз ва ривожланишимизда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг билан бирга унинг кенг имкониятлари, афзаллик, ижобий томонларидан нопок кимсаларнинг ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишларини ҳам инкор этиб бўлмайди. “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги доирасида пойтахт ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида тегишли лицензияга эга бўлмай, қонунга хилоф равишда крипто-активлар савдоси билан шуғулланиб келаётган, 2002 йилда туғилган М.Аброр ҳамда 2004 йилда туғилган З.Боисхонларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйилди. Шайхонтоҳур туманидаги яшаш манзилида қўшимча қурилмалар ва дастурий воситалар ёрдамида ижтимоий тармоқларда махсус сайт очиб, ноқонуний криптовалюталар айланмаси билан шуғулланиб келган бу икки йигит 2025 йилнинг июль ойидан 2026 йилнинг январига қадар 793.000 USDT крипто-активлар айланмасини амалга ошириб келганлиги аниқланган. Кибержиноятчилардан 1 дона компьютер жамланмаси, 22 дона уяли телефон аппаратлари, 3 дона SIM карта, 229 дона турли банкларга тегишли пластик карталар холислар иштирокида, ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-прим 8 (“Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш”) моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.