«Уйимда йўқ гўжалик...
...кўнглим тусар хўжалик», деган мақол қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган жиноят ишининг моҳиятини очиб берса, ажабмас. Ўзингизга маълум, темир маҳсулотининг бозори чаққон. Айниқса, қурилишларда жуда керакли, айни муддао хом-ашёда. Муҳиддинхўжа нега аввалроқ темир-терсак олди-сотдиси билан шуғулланмаганлигига ўзи ҳам ҳайрон. Шундоқ пуллик ишни қилмай қанча фурсатни бой берганига ўзини койишдан бошқа чора топмади. Агар бир неча йиллар олдин бу иш билан шуғулланганида борми, ҳозиргача остонаси тилладан бўлган бўларди. Данғиллама уй, қўш-қўш машина... Бефойда кетган шунча вақтни етказиб олиш умидида йирик ишга – каттароқ ҳажмда темир олди-сотдисига қўл уришга аҳд қилди. Йўқ, тегишли интернет сайтларига кириб эълон бермади ёки симёғочларга эълон ёпиштириб чиқмади, уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юриб, темир йиғмади. Тўппа-тўғри темир маҳсулотлари олди-сотдиси билан шуғулланувчи фалон номдаги йирик масъулияти чекланган жамиятнинг омборхонасига борди. Чунки, таниш-билишлари орқали мазкур жамиятда ишловчи Й.Фурқатга чиққанди. Аслида жамият раҳбари Р.Асомжон бўлиб, Фурқат унинг бизнес ҳамкори ва бир пайтнинг ўзида омбор мудири ҳам эди. 2021 йилнинг 27 июлида Муҳиддинхўжа Фурқат билан жамиятнинг ўзида учрашди ва унга ўзини металл олди-сотдиси билан шуғулланишини, янги қурилаётган уйларни зарур металл маҳсулотлари билан таъминлашини айтиб, ишончини қозонди. Ўзига умуман алоқаси бўлмаган янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг суратларини кўрсатди. Фурқат жамият раҳбари билан гаплашиб кўришини айтиб, учрашувни эртага қолдирди. Эртаси Фурқатнинг қўнғироғидан иш ҳал бўлганини билган Муҳиддинхўжа шу заҳотиёқ оёғини қўлига олиб, юк машинаси ёллаганча жамият сари юриб эмас «учиб» кетди. Жамиятга тегишли бўлган нархи 25.267 АҚШ долларига баҳоланган 26.880 килограмм темир маҳсулотларини сотиб, бир ой ичида пулини келтириб беришни ваъда қилиб, юкни ортдию бошқа қорасини кўрсатмади. – Маҳсулотни қўлга киритган Муҳиддинхўжа унга харидор қидириб, анча овора бўлади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Шаҳзод Турдиматов. – Чунки, металл сотиш орқали бойишни ният қилган Муҳиддинхўжа турли баҳоналар – темир нархи кўтарилгани, ишлаб чиқариш қисқаргани, чет элдан қиммат келаётгани, қўйингчи турли важ-карсонларни рўкач қилиб нархини кўтаргандан кўтарарди. Ишонганлар мажбур сотиб олишар, ишонмаганлар қўл силтаб кетишарди. Шу сабаб маҳсулотнинг бир қисминигина сотишга улгуради. Бу орада пулни қайтариш муддати ҳам келди. Аввалида Муҳиддинхўжа қўнғироқларга жавоб бериб, вақтни чўзиб келган бўлса, кейинчалик қўнғироқларга жавоб бермай қўйди. Орадан бир неча ойлар ўтгачгина Фурқат чув тушганини англаб, ички ишлар органларига мурожаат қилади. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1990 йилда туғилган, муқаддам ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган А.Муҳиддинхўжанинг жиноий қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми «а» банди («Фирибгарлик») билан айбли деб топди. Унинг пушаймонлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисми талабидан келиб чиқиб, унга мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.