ИИББ ходимлари фуқарони қутқаришди

Бугун тахминан соат 10.30 да 102 рақамига эркак киши қўнғироқ қилиб, тўққиз қаватли уйнинг бешинчи қаватидан сакраб ўзининг жонига қасд қилмоқчилигини маълум қилган. Воқеа жойи бўлмиш Чилонзор туманининг 20-кварталига ички ишлар, Фавқулодда вазият бошқармаси, Тошкент шаҳар клиник психиатрия шифохонаси “тез ёрдам” бригадаси, ёнғин хавфсизлиги ходимлари ва туман ҳокими ҳамда прокурори етиб келишди.

Эллик ёшли эркак балкон тўсиқидан ошиб ўтиб, қарори жиддий эканлиги ҳақида қичқирар эди. Бу фикрдан қайтишга кўндириш учун бир соатдан ортиқ кетганлигига қарамасдан, эркак ҳеч кимга қулоқ солмас эди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг кўрсатмасига биноан эркак кишининг ёнига йўналтирилган ИИББ алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходимлари ўз малакаларини қўллаган ҳолда эркак кишини қутқариб қолишди.

Ҳозирги вақтда психиатр А.Т. билан иш олиб бормоқда.