Хизмат итлари жиноятларни фош этишда ёрдам бермоқдалар

Тошкент шаҳар ИИББ кинология хизматининг хизмат итлари гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишга ёрдам бермоқдалар.

"Қорадори-2020" тезкор-профилактик тадбирлар давомида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни Тошкент шаҳрининг маъмурий чегарасига транспорт орқали олиб ўтишга уриниш фактларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқаролар томонидан яширилган гиёҳванд моддаларни нарсалар, кийим-кечаклар, автомобиль салонлари орасида аниқлашда хизмат итлари муҳим рол ўйнайди. Баъзи мисоллар билан таништириб ўтамиз.

25 май куни соат 12.30 да Юнусобод туманидаги «Хасанбой» ЙПХ постида ЙПХ инспектори Д. Юлдашев Тошкент вилоятининг Зангиота туманида яшовчи 50 ёшли Ботир М. бошқарган «Спарк» автомашинасини текширув учун тўхтатди. Инспектор-кинолог Е. Солиев машинага хизмат итини олиб келганда, ит дарҳол ҳайдовчининг ёнида тўхтади. Ҳайдовчидан чўнтагида бўлган нарсаларни олиб чиқиш илтимос қилинди. Шахсий буюмлар орасида ўзига хос ҳидли ўсимлик моддаси бўлган қоғоз ўрамаси ҳам бор эди. Эксперт-криминалистларнинг фикрига кўра, мазкур модда «марихуана» бўлган. Ходимлар ҳайдовчидан бошқа гиёҳванд моддалар борми, деб сўрашганида, Ботир ижобий жавоб бериб, у қолганини уйида сақлашини айтди. Ботирнинг уйидан 21,38 грамм марихуана бўлган целлофан пакет топилди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисмига мувофиқ ("Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар") жиноий иш қўзғатилди.

26 май куни хизмат итлари ёрдамида Тошкентнинг иккита туманидаги ЙПХ постларида гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар фош этилди.

Бектемир туманида соат 15:30 атрофида "Шарқ" ЙПХ постида ЙПХ инспектори М. Шамшиев Яшнобод туманида яшовчи 33 ёшли Евгений Е. бошқариб борган "Матиз" русумли автомашинани текшириш учун тўхтатган. Текширув давомида инспектор-кинолог Э. Солиевнинг хизмат ити автомобилда ҳамда йўловчи – Яшнобод туманида яшовчи 40 ёшли Владислав Г.дан гиёҳванд воситалари борлигини сезди. Олд йўловчи ўриндиғи ости текширилганда, ўзига хос ҳидли ўсимлик моддаси бўлган иккита полиэтилен пакетлар топилди. Владислав Г. текширилганда, ундан ўзига хос ҳидга эга бўлган модда солинган қоғоз топилди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, мусодара қилинган модда "марихуана" гиёҳвандлик моддаси бўлган. Олиб қўйилган гиёҳвандлик воситасининг умумий оғирлиги 595,57 граммни ташкил этди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисмига мувофиқ ("Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар") жиноий иш қўзғатилди.

Ўша куннинг ўзида Сергели туманида соат 21.30 атрофида "A. Турбанов" ЙПХ постида ЙПХ инспектори A. Химматов Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи 45 ёшли Зойир З. бошқарган «БМВ” автомашинасини тўхтатди. Инспектор-кинолог С. Хусниддиновнинг хизмат ити салонни ҳидлаб, жойида ўтириб олди, бу машинада тақиқланган моддалар борлигининг белгиси эди. Дарҳақиқат, машинанинг ичкариси текширилганда, у ерда ўзига хос ҳидга эга бўлган ўсимлик моддаси бўлган 10 та целлофан пакетлар топилди. Эксперт-криминалистларнинг хулосасига кўра, мусодара қилинган модда «марихуана» бўлиб, унинг умумий оғирлиги 292,28 граммни ташкил этди. Ушбу ҳолат асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-модданинг 5-қисми ("Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш") бўйича жиноий иш қўзғатилди.

27 майдан 28 майга ўтар кечаси Олмазор туманидаги "Келес" ЙПХ постида ЙПХ инспектори С. Aбдуллаев Яшнобод туманида яшовчи 29 ёшли Сардор Д. бошқарувидаги "Ласетти" русумли автомашинани тўхтатди. Текширув давомида инспектор-кинолог Н. Нишоналийевнинг хизмат ити гиёҳванд воситалар ҳидини сезди. Aвтомобиль текширилганда, ходимлар ўзига хос ҳидли ўсимлик моддасини топдилар. Эксперт-криминалистларнинг хулосасига кўра, мусодара қилинган модда – 1,09 грамм "марихуана" гиёҳвандлик моддаси бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмига биноан ("Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар") жиноий иш қўзғатилди.