Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакиллари Тошкент шаҳар ИИББ бўлинмалари фаолияти билан танишишди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари полковник Д. Ташходжаев Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакиллари билан учрашув ўтказди. Хитойлик делегация ИИББ тизими билан танишар экан, ҳуқуқбузарликни эрта олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳам маълумот олди. Меҳмонлар уларда қизиқиш уйғотган “Хавфсиз шаҳар” Концепцияси ҳақидаги маълумот ва кеча-кундуз фаолият олиб боралиган уч маҳаллик патруль жорий қилиниши тўғрисида батафсил маълумотлар олишди.

Суҳбат давомида Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг муҳим стратегик шериги эканлиги ва у билан устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик йўлга қўйилгани қайд этилди.

Хитой делегациясининг раҳбари жаноб Чэнь Хоучин Тошкент шаҳар ИИББ фаолияти ҳақида ижобий фикрлар билдириб, пойтахтда тинчликни ва осойишталикни таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ходимларнинг касбий маҳоратини юқори баҳолади.

Ўз навбатида, Тошкент ш. ИИББ Вояга етмаганлар учун ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам бериш маркази бошлиғи подполковник Нилуфар Муинова марказдаги болалар учун яратилган шароитлар ҳақида сўзлаб берди.

Делегация раҳбари жаноб Чэнь Хоусин ва унинг ҳамкасблари Марказ фаолияти билан яқиндан танишиб, унинг мақсад ва вазифалари, шунингдек муассаса фаолиятини йўлга қўювчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқишди. Таъкидланганидек, Марказ тарбияланувчилари билан олиб бориладиган ишларда асосий урғу ҳар томонлама ёрдамга кўрсатишга қаратилган. Меҳмонлар Марказ тарбияланувчиларининг кундалик ҳаётлари акс этган слайдлар билан ҳам танишиб чиқишди. Делегация раҳбари пойтахт ички ишлар ходимлари томонидан вояга етмаганлар билан олиб борилаётган ишларнинг миқёси ҳамда бу каби марказлар республиканинг барча ҳудудларида борлиги билан таъсирланди.

Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакиллари Марказ фаолияти билан танишгач, Олмазор тумани ИИО ФМБ 2-сон ИИБга ташриф буюриб, бириктирилган ҳудуддаги видеокузатув тизимини кўздан кечирдилар. Шу билан бирга бошқа туман ички ишлар бўлимлари билан видеоконференц алоқа ташкиллаштирилди. Хитой делегацияси вакили ИИО ФМБ ходимларининг ишидан таъсирланиб, ҳуқуқбузарликнинг профилактикаси бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини алоҳида қайд этишди.

Музокаралар давомида томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг кейинги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.