Тошкент шаҳар ИИББ ходимларининг карантин қоидаларига риоя қилишни таъминлаш ва коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича олиб борган ишлари тўғрисида  

Тиббий ниқоб ва қўлқоплар нафақат уларни таққан инсонни ҳимоя қилади, балки бошқаларни ҳам ундан ҳимоя қилиши кўзда тутилган, зеро ҳеч ким коронавирус юқтирмаганига амин бўла олмайди. Шунинг учун Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари, Миллий гвардия ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари шаҳарни патруллаш давомида фуқароларга карантин қоидаларига риоя қилиш муҳимлигини, тиббий ниқобни тўғри тақиш ва ундан фойдалангандан сўнг ерга улоқтирмасдан фақатгина ахлатдонларга ташлаш зарурлигини тушунтириб, уларга уйдан чиқмасликка ҳаракат қилишни тавсия этмоқдалар.

Шунингдек фуқароларга қоидаларни эпидемиологик ҳолатга қараб белгиланиши, ўз саломатликлари, яқинлар ва дўстларнинг хавфсизлиги учун кўчага чиқишни камайтириш зарурлиги эслатиб ўтилмоқда. Велосипедда ҳаракатланиш учун ҳам асос бўлиши керак: озиқ-овқат ёки дорихона маҳсулотларини харид қилиш жойлари узоқроқда жойлашган ёки ишга бориш ҳолларида.

5 апрель куни Тошкент шаҳрида ИИББ ходимлари, хусусан профилактика инспекторлари томонидан маҳаллалар ва дўконлар текширилганда, шунингдек ППХ ходимлари ва Миллий гвардия хизматчилари ҳамкорлигида олиб борилаётган туну-кун уч сменалик патруллаш давомида шаҳар кўчаларида ва бошқа жамоат жойларида карантин тартибига риоя қилмаслик билан боғлиқ 288 та фактлар қайд этилди. Шулардан 287 киши тиббий ниқоб тақмаган эдилар, уй карантинига жойлаштирилган 1 киши эса ўзбошимчалик билан уйни тарк этган.

Мазкур ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддаси “Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш” бўйича баённомалар расмийлаштирилиб, ушбу моддада белгиланган маъмурий чоралар қўлланилди.

Эслатиб ўтамиз, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида шифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик, давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойларни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаслик – базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача (фуқароларга) ва ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда (мансабдор шахсларга) жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Карантин тартибига қатъий риоя қилишингизни сўраймиз. Коронавирус инфекциясига қарши курашнинг самараси сиз билан бизнинг онгли равишда иш тутишимизга боғлиқ. Ўзингизни ва атрофдагиларингизни асранг!