ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ҳавас етаклаган матлаб

Азиза Юсупова ҳуқуқ-тартибот соҳасида ишлайдиган аёл-қизларга ҳавас билан қарар, бир кун келиб албатта у ҳам чиройли, кўркам формаларни кийиб, эл-юрт хизматига бел боғлашини орзу қиларди. Тошкент давлат Аграр университетининг иқтисодиёт факультетида таҳсил оларкан, ўз соҳасининг мутахасссиси бўлиш учун қунт ва иштиёқ билан ўқиди. Олийгоҳни битиргач эса бир мунча вақт ўтиб, Тошкент шаҳар ИИББга ишга кириш ҳақида ариза билан мурожаат қилди. Азиза 2011 йилдан буён Бош бошқармада самарали меҳнат қилиб келмоқда. Илк фаолиятини устози бўлим бошлиғи, полковник Нодира Расулеванинг бевосита қатъий назорати остида ўрганди. Нодира Анваровна бўлим бошлиғи бўлиш билан бирга ИИББ хотин-қизлар масалалари бўйича кенгаш раиси бўлганлиги сабабли, у ички ишлар органлари аёлларининг юриш-туриши, муомаласи, маданияти, касб одобномасига, ижро интизомига риоя этиш каби кўникмаларни ҳам ўзлаштирди. Бу эса кейинчалик пойтахт туманлари ИИО ФМБларида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлик лавозимларида фаолият юритганида жуда асқотди. Шунингдек, пойтахт ИИББ Тезкор навбатчилик қисмида тезкор навбатчи лавозимида хизмат қилган вақтида ҳам ўта оғир, оғир жиноятларни иссиқ изидан фош этишда фаол қатнашди. Азиза қайси соҳада фаолият юритмасин, унга ишониб топширилган вазифаларни масъулият билан, сидқидилдан, бекаму-кўст бажариб раҳбариятнинг ишончини оқлашга эришди. Айни пайтда капитан Азиза Юсупова пойтахт ИИББ МТҲПТБ катта мутахассиси лавозимида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Ички ишлар органларида хизмат йили, касаллиги ёки бошқа сабаблар билан нафақага чиққан ходимларга нафақа пулларини ҳисоблаш, ўз вақтида пластик карталар эгаларига ўтказиш, нақд пул олувчиларга етказиш борасида самарали меҳнат қилиб келяпти. Шунингдек, вафот этган ходимларнинг оила аъзоларига боқувчисини йўқотганлик нафақаси ҳамда вояга етмаган фарзандларига ижтимоий нафақалар тайинлаш, ўқиш масканларига маълумотномалар бериш каби кўплаб вазифаларни бажариб келмоқда. Ўз зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариш билан бирга оиласида вояга етмаган ширингина қизалоғи ва ўғил фарзандларининг ҳам тарбиясига вақт ажратишга, яқинларининг кўнглини олишга, катталарнинг хизматини қилишга, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга эришмоқда. Азиза сингари кўчани ҳам, уйни ҳам тенг эплаб келаётган аёллар ички ишларда талайгина. Биз уларнинг бири ҳақидагина сўз юритдик. Мана шундайларга эргашса, ўрнак олса арзийди.

25 Декабр 2024 йил

166

“Тилимга боғланг, тилимга”

Фирибгарлик жинояти билан муқаддам 2021 йилда судланиб, 13.380.000 сўм жаримага тортилган Иззат унга берилган енгилликдан тегишли хулоса чиқариш ўрнига қайта-қайта, яъни яна уч бора жиноятга қўл урди. Фирибгарликнинг ҳадисини олган “қаҳрамон”имиз ҳар сафар суд аъзоларидан икки нафар вояга етмаган фарзандларини рўкач қиларкан, енгиллик беришни сўраб, қилмишига пушаймонлиги, бундан бу ёғига ҳалол ва фақат ҳалол яшаши, тўғри йўлга кириши ҳақида қандай ваъдалар бермади, дейсиз. Аммо ҳар сафар ваъдалари унутилиб, “касбини” қўмсайверди. 2022 йилнинг июлида уяли алоқа воситалари олди-сотдиси билан шуғулланишни ният қилиб, масъулияти чекланган жамият очди. Пойтахтнинг йирик алоқа воситалари билан улгуржи савдо қилувчи дўконларидан товар олиб, устига нарх қўйиб сотиш билан машғул бўлди. 12 сентябрь куни товар олгани дўконга келган Иззатга улгуржи сотадиган сотувчи энди насияга бермаслигини фақат нақдига сотишини айтди. Товарларни сотилганидан кейин пулини бериш шарти билан олиб юрган Иззатнинг ёнида бунча пул йўқ эди. У таниши Жабборга қўнғироқ қилиб қарз сўради. Содда, оққўнгил Жаббор пули бору аммо “Lacetti” автомашинаси сотиб олмоқчилигини айтди. Кейинчалик у “тилимга боғланг, тилимга” деган Афандининг сўзларини қанчалик ҳаётий ва тўғри айтилганини қайта-қайта эслашига, ўзи билан ўзи уришишига тўғри келди. Билмаганлар учун билдириб қўяйлик: Афандининг уйига келган меҳмон ҳадеганда кетишни хаёлига келтирмайди. Меҳмоннинг иззати уч кун, дегандек, охири мезбон уни сийламай, хушламай муомала қила бошлайди. Буни сезган меҳмон кетишга чоғланиб, отига минаётганида, Афанди мулозамат ўрнида “яна бир-икки кун меҳмон бўлсангиз бўларди”, деганида меҳмон “отимни қаерга боғлайин?” дейди, ўсал бўлган Афанди “тилимга боғланг, тилимга”, деган экан. Жабборнинг автомашина сотиб олмоқчилигидан хабар топган Иззатнинг мияси яшин тезлигида ишлаб кетди. У Жабборга пул бериб қўллаворса, ўз ёнидан пул қўшиб, заводдан ўз нархида олиб беришга ишонтирди. Унинг 11.000 АҚШ долларини оларкан, беш кун ичида машина билан бирга қайтаришга лафз қилди. — Иззат олаётган уяли телефонларни сотиб, пулини автомашинага қўшишига, салондан янгисини олиб беришга Жабборни ишонтиради, – дейди Сергели тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан Д.Нусратиллаев. – Афсуски, Жабборнинг ишонувчанлиги панд бериб, беш кун эмас, бир неча ойлаб унинг ваъдаларига ишониб келади. Ҳожатбарори чув туширганини кеч англаган жабрдийда ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди очиқ суд мажлисида 1990 йилда туғилган, муқаддам бир неча бор судланган Н.Иззатни қилмишларини ўрганиб чиқди. Суд жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлиги ва пушаймонлигини енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Жиноят оқибатида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги ва енгиллик бериш ҳақидаги фикрларини инобатга олиб, унга нисбатан санкция доирасида жарима жазосини тайинлади. Иззатни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,б” бандларида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятда айбли деб топди ва унга шу модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, яъни 90.000.000 сўм жарима жазоси тайинлади. #tergov_amaliyotidan #из_следственной_практики

25 Декабр 2024 йил

66

Болаларга қувонч улашилди

Юртимизда байрам шукуҳи. Каттаю кичик гўзал орзу-умид, яхши ниятлар билан орзиқиб кутиб олувчи Янги йил келмоқда. Айниқса, болажонлар бу байрамни ўзгача интиқлик ва қизиқиш билан кутишади. Ҳар байрамда бўлгани каби бу тантана Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан ҳам ўтказилади. Бунга куни кеча Тошкент шаҳар Бош бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати томонидан болалар учун ташкиллаштирилган байрам тадбирлари мисол. Тантанага юртимизда жиноятчиликка қарши кураш, тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлида ўз жонларини қурбон қилган, бурчларини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандлари таклиф этилди. Оналари, яқинлари билан ташриф буюрган болажонларни Бош бошқарма раҳбарияти келаётган янги йил билан самимий табриклаб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғалари топширилди. Байрам тадбирлари “Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройи”да ташкиллаштирилган “Президент арчаси”да давом эттирилди. Болалар саройда намойиш этилган эртак томошаларида бевосита қатнашиб, шўх ўйин-кулгуларга бой тадбирлардан олам-олам қувонч олишди. Бу бахтиёрлик, қувонч ва унутилмас таассуротлари йил давомида уларга ҳамроҳ бўлиб, яхши ўқиш, оталарига муносиб фарзанд бўлишга ундаши шубҳасиз.

24 Декабр 2024 йил

156

Масъулиятсиз ота

Одатда фарзандли бўлган оталар ўз манфаатлари, ҳузур-ҳаловати, тинчлигидан кўра фарзандлари бахт-иқболи, саодати ҳақида қайғуришади. Авваллари ҳаралла-таралла юрган бўлса-да, фарзанди дунёга келгач, ақл-ҳушини йиғиштириб олади, ўз хатти-ҳаракати, юриш-туришига эътибор беради. Баъзи номақбул ишлардан ўзини тияди. Ҳар ишда фарзандларига ўрнак бўлишга интилади. Ўғил-қизларининг ўзгалар олдида беҳурмат ва ўксик бўлишини хоҳламайди. Бу ота-боболаримиздан мерос одат деймизми, оталик вазифаси, қоидаси деймизми, ҳар ҳолда катта масъулият эканлиги аниқ. Бироқ ҳамма оталар ҳам ундай эмас. Буни 1992 йилда туғилган тўрт нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси бўлмиш Мавлонжон мисолида кўришимиз мумкин. “Қаҳрамон”имиз муқаддам 2012 йилда босқинчилик жинояти учун 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди. Аммо 2014 йилда эълон қилинган амнистия қарорига кўра муддатидан олдин жазодан озод қилинган. Бироқ бундан ўзига керакли хулоса чиқармаган Мавлонжон 2016, 2018, 2022 йилларда безорилик, гиёҳванд моддалари истеъмоли, ўғирлик каби жиноятларни содир этиб, хавфли рецидивист мақомини олганлигига қарамай, тавба қилиб, тузалиш йўлини танламади. У 2023 йилнинг 11 мартида куни билан уйда ўтириб, кеч соат 19.00 ларда кўчага чиқди. Сергели бозорига бориш учун такси тўхтатди. 1992 йилда туғилган Баҳром бошқарувидаги “Spark” автомашинасининг олд ўриндиғига ўтириб, ҳайдовчи билан энди суҳбатни бошлаган ҳам эдики, 300 метр ҳам юрмай тушиб қолишини айтди. Баҳромжон ғалати йўловчининг ғалати қилиғидан ҳайрон бўлиб, йўлида давом этди. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас оиласига қўнғироқ қилиб, кечроқ боришидан огоҳлантирмоқчи бўлганида, янги 2.500.000 сўмлик “Samsung A 32” уяли телефонини тополмай қолди. Ана шундагина ғалати йўловчисининг шошилиб йўлда тушиб қолгани сабабини фаҳмлади. Вақтни бой бермай Учтепа тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилди. Мавлонжон эса ўғирлаган телефонни ўзимники дея ишонтириб, бегона шахсга 700.000 сўмга сотиб юборди. – Мавлонжон ўз жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида, телефонни топиб олганлигини рўкач қилди, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Исмоил Ғаффоров. – Бироқ унинг баҳонаси ўтмади. Далиллар олдида айбини тан олишга мажбур бўлди. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида Р.Мавлонжоннинг қилмишини кўриб чиқди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (Ўғирлик) билан айбли деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

23 Декабр 2024 йил

163

Интерактив хизматлар

Text to speech