Тошкент шаҳар ИИББ ҳайвонларга шафқатсизлик қилганлик учун жавобгарликни оғирлаштириш ва ҳайвонлар жангини тақиқлаш бўйича таклиф тайёрламоқда

Сўнгги вақтларда Интернет тармоқларида республикамиз ҳудудида, хусусан Тошкент шаҳрида уюштирилаётган итлар жанглари ҳақида кўп хабарлар пайдо бўлмоқда. Ўтган ҳафтада “ИИББ: халқ билан мулоқот (Тошкент)” гуруҳида “Карина Мирзаева” исмли фойдаланувчи Сергели туманида бўлиб ўтаётган итлар жанги тўғрисида норозилик билан хабар қолдирди. ИИББ шу заҳотиёқ ушбу хабарда қолдирилган маълумотни ўрганишга киришди. “Кўргазма” сифатида эълон қилинган ушбу тадбир ташкилотчисига нисбатан чора кўрилди: воқеа жойига Сергели тумани ИИО ФМБ ва Миллий гвардия ходимлари етиб келишиб, итлар жангини тўхтатишди. Маъмурий суд “Узбекский волкодав” жамияти раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 2001 моддасида (“Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш”) кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топиб, уни жаримага тортди.

Тошкент шаҳар ИИББ “кўргазма” сифатида уюштирилаётган ҳайвонлар жанги муаммосига бефарқ бўлмади. Бу каби фактларни аниқлаш ва тўхтатиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Ҳозирги вақтда ИИББ ҳайвонларга шафқатсизлик қилганлик учун жавобгарликни оғирлаштириш ва ҳайвонлар жангини тақиқлаш бўйича таклиф тайёрламоқда.          

Хориждаги амалиёт ўрганиб чиқилди. Россияда 2018 йил 27-декабрь куни “Ҳайвонларга масъулиятли муносабатда бўлиш ва Россия Федерациясининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгаришлар киритиш тўғрисида”ги Федерал қонун имзоланиб, унинг “Ҳайвонларни шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш” номли 11-моддасида ҳайвонлар жанги ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган. Қонун шунингдек “ҳайвонларга нафақат шафқатсизлик қилиш, балки шу билан боғлиқ бўлган контент тарқатиш”ни ҳам тақиқлайди.  

АҚШ қонунлари ҳам итлар жангини тақиқлаб, уларни уюштирганларни қаттиқ жазолайди.

Буюк Британияда шафқатсизлик жиноят ҳисобланиб, 51 ҳафта муддатига қамоқ ва 20 минг фунт стерлинг миқдорида жарима билан жазоланади.

Бизларга қўшни бўлган Қозоғистонда итлар жанги фақатгина саралаш мақсадида ва “Abdul Ismail Karim” исмли фойдаланувчининг бизнинг Фейсбук саҳифамизда қолдирган маълумотига кўра, “биринчи қонгача ҳамда ветеринарлар гувоҳлигида” ўтказилади.

Бизнинг қонунчилигимизда ҳайвонлар жангини тўғридан-тўғри тақиқлайдиган модда йўқ. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 111-моддасида (“Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш”) ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш – энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган. Бу каби жарималар ҳайвонларга шафқатсизлик қилаётган шахсларни тўхтатмаяпти.

Раҳмдиллик, мурувват ва ҳамдардлик болаларга кичик ёшдан ўргатилади. Улар ўзлари учун илк ибратни катталарнинг бир-бирларига қилган муомалаларидан, ҳамда улардан ожизроқ бўлган ҳайвонларга муносабатларидан олишади.