ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Одиллик тамойиллари амалда

Куни кеча Шайхонтоҳур туманида жойлашган Алишер Навоий номидаги Миллий кино санъат саройида пойтахтимизда давом этаётган кенг қамровли профилактик тадбир: “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари иштирокида долзарб ва муҳим мавзуга бағишланган катта тадбир ўтказилди. Тадбирга пойтахт туманлари ИИО ФМБ Пробация ҳамда профилактика хизматлари рўйхати ва назорати остида турувчи шахслар таклиф этилди. Йиғилишдан кўзланган мақсад уларнинг муаммолари билан танишиб, биргаликда ҳал этиш, саволларига ҳуқуқий жавоб излаш, қайта жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар қилишдан қайтариш, тўғри йўлни танлашда қўллаб-қувватлашга қаратилди. Иштирокчилар олдида сўзга чиққан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ўз маърузасида йиғилганлар диққатини профилактик ҳисобда турувчи шахслар томонидан содир этилаётган жиноятлар салмоғининг ошиб бораётгани, жумладан такрорий жиноятларнинг содир этилаётгани фактларига қаратди. Бу ҳақдаги таҳлилларга таяниб, рақамли ҳамда аниқ далилий мисолларни иштирокчилар диққатига тақдим этди. Шунингдек, муқаддам судланганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида ички ишлар органлари, “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида амалга оширилаётган ижтимоий профилактик тадбирларга қарамай, қилмишидан тегишли хулоса чиқармай, тўғри йўлни, ҳалол ва соғлом турмуш тарзини танлаш ўрнига жиноятга қўл ураётган шахсларни ҳам мисол келтирди. Бу каби берилган имтиёз ва афзалликлардан тўғри фойдаланиш ўрнига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб келаётган шахсларнинг қайта содир этган жиноий қилмишларига урғу берилди. Шулар қаторида ички ишлар органлари нафақат жазоловчи балки тузалиш йўлига ўтган, соғлом турмуш тарзини танлаган, қонунга ҳурмат билан қараган шахсларни қўллаб-қувватловчи, хайрихоҳ идора эканлигини таъкидлаб, жазо шартларини енгилроғига ўзгартириш, собиқ маҳкумларни ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминловчи, дастлабки моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишдаги фаолияти ҳам кўрсатиб ўтилди. Сўзга чиққан шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Ўрмонов ўз нутқида давлат идораларининг асосий мақсади жазолаш эмас, балки жиноят содир этган шахсларни тузалиш йўлига қайтариш, ҳаётини изига тушириши учун шароит яратиб бериш ва жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиши учун яна бир имконият бериш эканлигини таъкидлади. Бундан ҳар бир шахс унумли фойдаланиши, давлат томонидан билдирилган ишончни суистеъмол қилмаслиги ва тўғри йўлни танлаши лозимлигини, танлов ҳар бир шахснинг ўз қўлида эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг учрашувнинг иккинчи қисмига – очиқ мулоқотга ўтилди. Иштирокчилар ўзларини қийнаётган муаммолар ва мурожаатлари билан мутасаддиларга юзландилар. Ҳар бир мурожаат тингланди ва ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди. Сўнг шу залнинг ўзида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Судлар томонидан соҳавий хизмат вакилларининг тузалиш йўлига ўтган, хатосига чин пушаймонлик билдирган, тўғри ва ҳалол меҳнатни танлаган бир неча маҳкумлар бўйича тайёрланган тақдимномалари кўриб чиқилиб, улар жазо муддатларидан шу ернинг ўзида шартли равишда озод этилдилар. Суд томонидан белгиланган жазони ўташдан бўйин товлаган шахсларнинг иши ҳам сайёр судда кўриб чиқилди ва уларга нисбатан тайинланган жазо оғирроғига алмаштирилди. Бу эзгу хайрли тадбир пробация ҳамда профилактик ҳисобда турувчи, назорат остида бўлган шахсларнинг қонунчилигимизга ҳурмат, адолатга ишончини мустаҳкамлаш, жамият ҳаётига мослашиш, тўғри йўл орқали ўз бахтли келажагини яратиш имконини бериш билан бирга зулматга эмас нурга интилишида йўлчироқ бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.

5 Декабр 2025 йил

146

Пайшанба тадбирлари ойлик тадбирлари уйғунлигида

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни пойтахтимиз ҳудудида кенг қамровли профилактик тадбирларнинг ўтказиб келинаётганлиги жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз натижакорлигини кўрсатмоқда. Навбатдаги “Профилактика куни” да Тошкент шаҳар ИИББ ҳудудий тузилмаларидаги йиғилиш анъанага кўра тонгги йўриқнома билан бошланиб, тадбирга жалб этилган ИИО ФМБ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда бошқа мутасадди идоралар, хусусан, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш туман бўлимлари ҳамда қурилиш соҳасида масъул ташкилотлар вакилларининг иштирокида ўтди. Ҳолбуки, жорий йилнинг 24 ноябрь куни Президентимиз томонидан “Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳлар таркибидаги бу соҳа вакиллари томонидан ҳамкорликда пойтахт ҳавосини мўътадиллаштириш, атмосферани ифлослантираётган айрим корхона ва ташкилотлар, иссиқхоналар фаолиятига чек қўйиш каби муҳим вазифалар амалга оширилмоқда. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида, мутасаддилар пойтахтимиз ҳудудида олиб борилаётган қурилиш объектларида бўлишиб, ҳавога чанг-тўзон кўтарилиши, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан фойдаланмаслик, атмосфера ҳавоси тозалигини сақлаш юзасидан зарурий тавсиялар бердилар. Туманларда пробация ҳисобида ҳамда профилактик ҳисобда турувчи шахслар иштирокида очиқ мулоқот тарзидаги учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Шунингдек, улар томонидан такроран жиноят ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик ҳамда олдини олиш масалаларига эътибор қаратилди. Жойларда ташкил этилган сайёр судлар томонидан Пробация бўлими ходимларининг тақдимномаларига асосан, тўғри йўлга кирган, намунали хулқи ва тузалиш йўлини танлаган маҳкумларни муддатидан илгари жазодан озод қилиш чоралари кўрилди. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузган маҳкумларга эса судлар томонидан жазо турлари оғирроғига ўзгартирилди. Бу долзарб тадбирлар қаторида Президентимиз томонидан қабул қилинган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламлари, идора ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида ўрганиш ва тарғиб қилиш ишлари давом эттирилди. Шунингдек, “Хавфсиз ва соғлом юрт”, “Кибермаданиятни юксалтириш” ойликлари доирасида белгиланган чора-тадбирлар ижросини самарали амалга ошириш мақсадида қатор топшириқ ва кўрсатмалар таъкидлаб ўтилди. Мазкур ойликлар доирасида туманларда ИИО ФМБ раҳбарлари томонидан маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалар ҳолидан хабар олинди, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган ёшларнинг муаммолари ўрганилди ва ҳал этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, “маҳалла еттилиги” ва фаоллари иштирокида муҳокама этилди. Пойтахт ҳудудидаги таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботларда ёшлар иштирокида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, кибержиноятлар, ўғирлик, автоуловларни олиб қочиш жиноятларининг олдини олиш, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалиб бораётган киберфирибгарлик, зўравонлик, диний-экстремистик ғоялар тарғиботи ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятлар ва улардан ҳимояланиш йўллари, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби мавзулар атрофлича ёритилди. Шу билан бирга ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш бўйича уюшмаган ёшлар, хотин-қизлар билан манзилли суҳбатлар уюштирилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилаётган учрашувларда йиғилганларга қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг, профилактик тадбирларнинг аҳамияти, маҳаллаларда, пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги муҳим ўрни таъкидланмоқда.

5 Декабр 2025 йил

38

“Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида Учтепа туманида Пробация назоратидаги шахслар билан самарали учрашув ўтказилди

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги давомида Учтепа туман ИИО ФМБ Пробация бўлими томонидан назоратдаги "оғир ва ўта оғир" жиноят содир этган шахслар билан навбатдаги сайёр учрашув ташкил этилди. Тадбир "Кўҳна Чўпонота" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилиб, унда пробация назоратида турган 50 нафар муқаддам судланган шахс иштирок этди. Учрашувга туман ИИО ФМБ бошлиғи А.А.Бахрамов, маҳалла раиси R.S.Toъхтаева, хотин-қизлар масалалари бўйича масъул Г.Р. Нишонбоева ҳамда пробация бўлими бошлиғи Ф.Б.Исроилов бошчилик қилди. Тадбир давомида иштирокчиларга қайта жиноят содир этишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий оқибатлари батафсил тушунтирилди, профилактик огоҳлантиришлар берилди. Шунингдек, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш, жамиятга мослашувини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор ижтимоий-ҳуқуқий масалалар жойида ҳал этилди. Жумладан: Озодликни чеклаш жазосини ўтаётган А.А.Рахимов ва А.А.Дунановга бандлик масаласида амалий ёрдам кўрсатилиб, улар “София” қандолатчилик корхонасига ишга жойлаштирилди. Пробация назоратидаги А.А.Абдурахмонов ва О.Т.Эшпўлатовни муддатидан илгари шартли равишда озод этиш бўйича туман судига тақдимнома киритилди. Шунингдек, бошқа бир қатор аниқланган муаммолар ҳам ўша жойнинг ўзида ҳал қилинди. Мазкур тадбир пробация назоратидаги фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш, уларни жамиятга қайта интеграция қилиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида самарали чоралар кўрилаётганидан далолат беради.

5 Декабр 2025 йил

121

Интерактив хизматлар

Text to speech