ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ўйнаб гапирсанг ҳам...

... ўйлаб гапир, деган ибора жуда тўғри айтилган. Тилга эрк бериш орқали баъзан инсоннинг ўзи ўз оёғига болта уради. Ортидан пушаймонлик, аммо кеч қилинган пушаймонлик, афсус-надомат келади. Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ суд мажлисида 2000 йилда туғилган Л.Шаҳриёрнинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  104-моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Суд айбдорнинг жабрланувчи билан ярашганлиги, муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 4 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. Воқеа эса бундай бўлганди.Шаҳриёр 2022 йилнинг 19 май куни ўзи ишлаётган масъулияти чекланган жамиятга келади. Жамият ҳовлисидаги сочилиб ётган темир бўлакларини йиғиштириб, уларни саралаётган вақтида соат 16.00 ларга яқинлашган эди. Шу чоғ бирга ишловчи Нодир келиб:— Ҳа, ўмариб кетиш учун тайёрлаб қўйяпсанми?, – деб кесатади.— Қачон кўрдинг ўғирлик қилганимни? Ўғирликда сендан ўтадигани бўлмаса керак ўзи.— Эй, оғзингга қараб гапир!Кесатиқ ва бир-бирларини ўғирликда айблов билан бошланган  суҳбат тез орада жанжалга айланди. Нодир ўзини тутолмай Шаҳриёрга мушт туширди, гандираклаб йиқилган Шаҳриёрни дўппослаб кетди. Унинг муштидан аранг қутулган Шаҳриёр қочди. Нодир рақибини қочиб кетди, деб ўйлаб, уст-бошини қоқиб, ўзини тартибга келтира бошлади. Бироқ Шаҳриёр калтак еганига аламзадалиги учун Нодирдан ўч олиш мақсадида, қўлига темир бўлагини олиб Нодир томонга ирғитди. Темир бўлаги бошига тегиб у йиқилди. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Нодир олган жароҳатларни соғлиғи учун оғир, деб қайд этди.— Аслида ҳеч ким ҳеч кимни асоссиз бирон жиноятда, қоидабузарликда айблашга ҳақли эмас, – дейди Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта  терговчиси, майор Нурулло Душаев. – Агар шахс жиноят аломатларини аниқласа ёки гувоҳи бўлса, бу ҳақда тегишли органларга хабар бермоғи лозим. Зотан, бугун барча мутасадди ташкилот ва органларнинг ишонч телефонлари мавжуд ва унга қўнғироқ қилиб қонунбузарликлар ҳақида хабар берган фуқаронинг шахсияти сир тутилиши кафолатланган.

21 Ноябр 2024 йил

127

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш бўйича эълон

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим шаклига 2025/2026-ўқув йил учун ўқишга ҳужжат топшириш истагида бўлган, Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда туриб, яшаб келаётган, ёши ўн еттидан кичик (қабул йилида ўн етти ёшга тўладиганлар) ва йигирма бешдан катта бўлмаган, шу жумладан, йигирма беш ёшдаги умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал маълумотга эга фуқаролар 2025 йилнинг 15 февраль кунига қадар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизматига мурожаат этишлари мумкин.Бунда, эркак номзоднинг бўйи 165 сантиметрдан, аёл номзоднинг бўйи 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги талаб этилади.Академияда ўқиш муддати уч йил бўлиб, ички ишлар органларининг қуйидаги мутахассисларни тайёрлаб беради:- Тезкор-қидирув фаолияти;- Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти;- Эксперт-криминалистика фаолияти;- Жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти;- Пробация фаолияти;- Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш фаолияти;- Ташкилий-штаб йўналишлари бўйича.Ўқишни тамомлаган курсантларга юрист малакаси ва лейтенант махсус унвонлари берилади.Академияга ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари асосида амалга оширилиб, у ўз ичига дастлабки танлов, махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбатни олади.Бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.Дастлабки танлов ўз ичига ҳужжатларни тўплаш, ўрганиш ва тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнларини олиб, ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.Махсус касбий танлов ўз ичига ҳужжатларни ўрганиш, тиббий кўрикдан ўтказиш, ёзма иш, умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш жараёнларини олиб, Академияда қабул комиссияси таркибига киритилган мутахассислар томонидан амалга оширилади.Якка тартибдаги якуний суҳбат ўз ичига Ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон тарихи ва Тарбия фанларидан номзодларнинг билимини баҳолаш жараёнларини олиб, академияда қабул комиссияси томонидан амалга оширилади.Эслатма: Академиянинг кундузги таълим шаклига ўрта ва ўрта махсус маълумотга эга бўлган фуқаролар умумий квотанинг ўн фоизи бўйича қабул қилинади!Манзил: Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Сайид Барака кўчаси, 7-уй.

20 Ноябр 2024 йил

469

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастури муҳокамасига бағишланган мажлисида нутқ сўзлади.

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бошланди.Кун тартибидан янгиланган Конституциямизга мувофиқ, илк бор қуйи палатада Бош вазир лавозимига номзод ва Ҳукуматнинг келгуси 5 йилга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини кўриб чиқиш масалалари ўрин олган.Сўзининг аввалида давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ўз олдига қўйган стратегик ва жорий вазифаларни амалга оширишда барча бўғиндаги ижро органлари, аввало, Ҳукумат ва унинг раҳбари зиммасидаги масъулият ҳозирги мураккаб замонда ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётганини таъкидлади.Бугун мутлақо янги ваколат ва вазифаларга эга бўлган Ҳукумат шаклланаётгани қайд этилди.Буни Конституция даражасида биринчи марта камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, инвестиция, экология каби муҳим йўналишларда Вазирлар Маҳкамасининг мажбуриятлари белгилаб қўйилгани ҳам тасдиқлайди.Халқимиз бугун ана шундай ҳал қилувчи масалалар бўйича янги Ҳукуматдан аниқ натижаларни кутмоқда.Асосий масалага ўтишдан олдин Президентимиз ўтган 5 йилда ҳар томонлама пухта ўйлаб қабул қилинган дастурлар ижроси қандай таъминлангани ҳақида тўхталиб ўтди.Аввало, Ўзбекистон иқтисодиёти 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошди. Аҳоли жон бошига даромад 3 минг долларга етиши кутилмоқда (2018 йилда – 1 минг 600 доллар бўлган).Хусусан, Жаҳон банки 2024 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёда иқтисодиёти энг тез ўсаётган 3 та давлат қаторидан жой олганини эътироф этди.Камбағаллик даражаси сўнгги 4 йилда 23 фоиздан 11 фоизга тушди. Бу йил 9 фоизга тушиши кутилмоқда.Экспорт қарийб 2 баробар ўсиб, илк бор 25 миллиард доллардан, олтин-валюта захираларимиз эса 40 миллиард доллардан ошди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 6 карра кўпайиб, бунинг ҳисобига 1,5 миллионта юқори даромадли иш ўринлари яратилди. Ялпи ички маҳсулотда инвестициялар улуши 30 фоиз даражасида таъминланди.Олдин тўлиқ давлат тасарруфида бўлган соҳалар, яъни, энергетика, кимё, авиация, геология, металлургия, машинасозлик, таълим ва тиббиётда хусусий секторга ва давлат-хусусий шериклик муносабатларига кенг йўл очилгани уларнинг ривожида кучли омил бўлмоқда.Айниқса, энергетика соҳасида том маънода тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажми 1,5 карра ўсиб, 83 миллиард киловатт-соатга етгани ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.Сўнгги уч йилда умумий қуввати 2,7 миллион киловатт-соат бўлган 10 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди. Муқобил энергия улуши ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўпайди.Президентимиз ижтимоий соҳада муҳим ўзгаришлар рўй берганини таъкидлади.Ўтган даврда 25 мингдан зиёд хусусий боғча, 70 га яқин нодавлат олийгоҳи ташкил этилиб, қамров мактабгача таълимда – 74 фоиздан, олий таълимда эса – 39 фоиздан ошди.Ижтимоий хизматлар тизимида ҳам катта ислоҳотлар бўлмоқда. Барча ҳудудларда “Инсон марказлари” очилиб, ижтимоий ходимлар томонидан бевосита маҳаллаларда аҳолига 100 дан ортиқ ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.Парижда бўлиб ўтган Олимпия ва Паралимпия ўйинларида азму шижоатли спортчиларимиз чинакам рекорд натижаларни қайд этиб, жами 39 та медаль, жумладан 18 та олтин медални қўлга киритдилар.“Ўзбекистон тарихида илгари ҳеч қачон бўлмаган бундай ютуқлар барчамизга янги куч-ғайрат бахш этиши табиийдир”,  - деди давлатимиз раҳбари.Президент жаҳон миқёсида ҳукм сураётган бугунги ўта кескин ва оғир шароитда юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаб, иқтисодиётимизда барқарор ўсишни таъминлаб, мана шундай марраларга эришиш осон бўлмаганини таъкидлади.Келгуси 5 йилда аҳолимиз сони 40 миллиондан ортиши кутилмоқда. Бундай демографик ўсиш, албатта, катта имконият, лекин, шу билан бирга бу ҳолат олдимизга янги-янги, ўткир вазифаларни қўйиши ҳам шубҳасиз.Айниқса, камбағалликни қисқартириш, экология, энергетика, транспорт, йўл, ичимлик суви таъминоти, аҳолини уй-жой билан таъминлаш каби муҳим соҳаларда халқимизнинг талаб ва эҳтиёжлари тобора ўсиб бораётгани таъкидланди.Шундай долзарб муаммоларга самарали ечимлар топиб, янгича фаолият олиб бориш Ҳукумат учун жиддий синов бўлиши табиий.Бугун Бош вазир лавозимига тавсия этиладиган номзод ана шу масалаларнинг барчасини ҳисобга олиб, уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан ўз дастурини тақдим этиши кераклиги қайд этилди.“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида келгуси йиллар учун катта марралар белгилаб олинган.Хусусан, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Дастлаб бунга айримлар шубҳа ёки иккиланиш билан қараган, лекин ўз вақтида зарур чора-тадбирлар амалга оширилгани, барча имкониятлар ишга солингани туфайли бу йилнинг ўзида ялпи ички маҳсулот ҳажми 110 миллиард долларга етиши кутилмоқда.Янги Ҳукумат, барча раҳбарлар биргаликда қаттиқ ишлаб, ислоҳотлар шиддатини пасайтирмасдан, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётимиздаги ўзгаришларни жадал давом эттирса, 2030 йилга бориб, иқтисодиёт ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мумкинлигига ишонч билдирилди.  Бу натижани таъминлаш орқали аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини кескин яхшилашга эришилади.“Яна бир бор айтаман, бундай натижаларга эришиш учун куч ва имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етади!”,  - деди Президент.Давлатимиз раҳбари Ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берди.Аввало, макроиқтисодий мувозанатни сақлаб, келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6-7 фоиз атрофида таъминлаш зарур. Бунда инфляция даражаси 5-6 фоиз, бюджет тақчиллиги 3 фоиз доирасида бўлишига эришиш, йиллик кредитлаш ҳажмини 30 миллиард долларга олиб чиқиш асосий вазифа бўлади.Ушбу даврда Ҳукумат камида 100 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштиришга ҳамда йиллик экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга олиб чиқиб, унда тайёр маҳсулотлар улушини 50 фоизга етказишга эришиши лозимлиги таъкидланди.Хорижий туристлар оқимини 5 йилда 15 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 5 миллиард долларга олиб чиқиш учун барча имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди.Шу билан бирга норасмий иқтисодиётни “соядан чиқариш”да рақамли технологияларни таянч воситага айлантириш лозим. Хусусан, келгуси йилда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни янада рағбатлантириб, онлайн тўловлар улушини 60 фоизга етказиш муҳим вазифа бўлади.Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида асосий чора-тадбирлар амалга оширилгани ва яқин йилларда ушбу ташкилотга албатта аъзо бўлиб киришимиз таъкидланди.Бу йил Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор, Ғиждувон туманларида амалга оширилган ишларнинг ижобий натижалари асосида “Камбағалликдан фаровонлик сари” комплекс дастури қабул қилинган эди.Эндиликда кўп қиррали ёндашувлар асосида камбағал оилаларнинг аъзоларига сифатли таълим бериш, уларни касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, соғлиғини яхшилаш, психологик ёрдам кўрсатиш бўйича индивидуал кўмак бериш пакетлари бўлиши белгиланди.2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш Вазирлар Маҳкамаси иқтисодий комплексининг асосий вазифаси этиб белгиланади.Шу мақсадда камбағал оилалар болалари мактабларда чет тили, касб-ҳунар ва IT бўйича бепул билим олиши учун 500 миллиард сўм ажратилади. Ижтимоий аҳволи оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилмани яхшилаш дастури амалга оширилади. Бунга 2 триллион сўм йўналтирилади.Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга жами 46,5 триллион сўм маблағ сарфланади.Ҳукумат 2030 йилгача ишсизликни халқаро эътироф этилган даража – 5-6 фоиздан оширмаслик бўйича долзарб вазифаларни ҳам самарали ҳал этиши лозимлиги таъкидланди.Президентимиз иқтисодиёт ва аҳоли даромадларини ўстиришда юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқларига алоҳида аҳамият қаратиш кераклигини қайд этди.Вазирлар Маҳкамасининг инвестиция комплекси келгуси йилда иқтисодиётимиз учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга тушириши ва тўлиқ қувватлар билан ишлашини таъминлаши зарур.Жумладан, “Ёшлик-I” конида биринчи босқичга, “Мурунтов” конида эса кейинги босқичларга старт берилади. Шунингдек, Самарқандда йилига 910 минг тонна минерал ўғитлар ишлаб чиқарадиган комплекс, 600 минг тонна маҳсулот берадиган металлургия корхонаси, Зарафшонда каустик сода заводи, Нукусда иситиш тизимлари ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади. Навоийда микро-ГЭСларни барпо этиш бўйича барча босқичлар ўз ресурсларимиз асосида ташкил қилингани юртимизда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш имкониятларини тўлиқ ишга солиш учун барча шароитлар мавжудлигини кўрсатди.Шунинг учун, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш бўйича катта дастур қабул қилиниши белгиланди.Иқтисодиётни энергия ресурслари билан ишончли таъминлаш ва энергия самарадорлигини 2 карра оширишга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.Келгуси беш йилда иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини 85 фоизга етказиш ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгиланди.Бу борада 2 мингта корхонада давлат улушини, 5 мингдан зиёд кўчмас мулк объектини сотиш, 16 та йирик мажмуа акцияларини IPOга чиқариш талаб этилади.Ҳукумат 30 миллиард долларлик хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишни таъминлаши керак. Вазирлар Маҳкамаси 2025 йилда “тежамкорлик ва барқарорлик” тамойили асосида давлат компанияларини трансформация қилишни тезлаштириб, уларнинг харажатларини 15-20 фоизга қисқартириши зарур.Бу борада 1 миллиард долларлик 18 та давлат компаниясининг улуши берилган Миллий инвестиция жамғармаси фаолиятини самарали йўлга қўйиш лозим.Президент аҳолимиз сони кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.Бу борада қишлоқ хўжалигининг барча тармоқлари, аввало, мева-сабзавотчиликни интенсив ривожлантириш, янги уруғ навларини яратиб, импортни 50 фоизга қисқартириш бўйича дастурлар бор.Ҳукумат бу дастурлар ижросини таъминлаб, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни 1,3 баробар ошириш, ҳар гектар ердан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга етказиш, соҳада экспорт ҳажми 10 миллиард доллардан иборат бўлиши, сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ер майдонларини 2 карра ошириш бўйича ишни самарали ташкил этиши зарур.Янги йилда сув тежайдиган технологияларни жорий қилишга 5 триллион сўм, каналларни бетонлашга 800 миллиард сўм йўналтирилади.Президент таъкидлаганидек, соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантириш бўйича катта дастурларни самарали ва тўлиқ амалга ошириш – ҳамиша Ҳукуматнинг кун тартибида туриши керак бўлган асосий вазифалардир.Энг аввало, ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш учун бирламчи тиббий хизматларнинг аҳоли учун қулайлиги ва сифатини ошириш зарур. Хусусан, 2025 йилда бирламчи бўғинда 3 миллион 700 минг нафар аёлни скринингдан ўтказиш, бу жараённи рақамлаштириш орқали саратон касалини эрта аниқлаш кўрсаткичини 85 фоизга етказиш мумкинлиги таъкидланди.Ҳукумат маҳаллалардаги 18 мингта тиббиёт бригадаларини ўқитиш, 884 минг нафар беморни уй шароитида реабилитация билан қамраб олиш бўйича янги тизимни жорий этади. Шу билан бирга туғруқхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 100 миллион доллар йўналтирилади.Давлат тиббий суғуртаси ва аҳолига “кафолатланган пакет” асосида тиббий ёрдам кўрсатиш тизими келгуси уч йилда барча шаҳар, туман ва қишлоқлар қамраб олиниши зарурлиги қайд этилди.Шунингдек, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш каби масалалар бўйича Ҳукумат алоҳида дастурлар ишлаб чиқиши лозим.Мажлисда таълим сифатини янада ошириш, ёшларимизни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялашга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилиши таъкидланди.Келгуси йилларда боғчаларда қамровни 80 фоизга, олийгоҳларда эса камида 50 фоизга етказиш Ҳукумат учун асосий вазифа бўлиб қолади.Халқаро молия институтларининг 61 миллион доллар маблағлари ҳисобидан 2025 йилда 252 та янги боғча барпо этилади. Шунингдек, 174 та боғча ва 379 та мактаб таъмирланади ва янгитдан қурилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 4 триллион сўм ажратилади.Тадбиркорларга мактаб қуриш учун 20 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади.Президентимиз айтилган долзарб вазифаларни бажаришда янги Ҳукуматнинг Қонунчилик палатаси билан янада самарали ҳамкорлик олиб бориши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.Шу нуқтаи назардан Вазирлар Маҳкамаси олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди.Авваламбор, ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини одамларга янада яқинлаштириш лозим.Президент халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат ташкилотлари халққа, унинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши зарур, деган талаб барча раҳбар кадрлар фаолиятининг асосий мезони эканини эслатди.Қонун қабул қилиндими, у албатта ишлаши, одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.Қонунлар ижроси Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмитаси ва масъул ижро этувчи орган билан биргаликда ўрганиб борилиши муҳим аҳамиятга эга.Президент таъкидлаганидек, ижро этувчи ҳокимият органлари қарорлар қабул қилишда қонунийликни, уларнинг асосланган бўлишини таъминлаши лозим.Кейинги вақтда қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик билан маслаҳат қилишда қонунларимизда белгиланган талабларга ҳамиша ҳам риоя этилмаётганига эътироз билдирилди.Адлия вазирлигига бир ой муддатда бу масала бўйича таклифларни Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси билан бирга муҳокама қилиш ва Ҳукуматга киритиш топширилди.Ҳукуматнинг қонунчилик ташаббуси билан Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳалари сифатини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб турибди."Даврнинг ўткир талабларига жавоб берадиган, сифатли, амалиётда самарали ишлайдиган қонунларни қабул қилиш Олий Мажлиснинг энг муҳим вазифаси, керак бўлса, унинг обрўсидир.Бу борада таниқли хитой файласуфи Шан Яннинг “Яхши қонун – халққа ҳурмат ифодасидир”, деган сўзларини эслаш ўринли, деб ўйлайман. Ҳар бир қонунда шундай ҳурмат намоён бўлиши керак. 100 та эмас, 5 та қонун қабул қилайлик, лекин халқчил бўлсин, халқимизга хизмат қилсин",  - деди Президент.Ҳукумат, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар раҳбарлари депутатлар томонидан жойларда аниқланган муаммоларни ҳал этишда қуйи палата қўмиталари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишлари лозимлиги таъкидланди.Лекин ҳозирги вақтда турли соҳаларда назоратни таъминловчи давлат инспекцияларнинг Қонунчилик палатаси қўмиталари билан ҳамкорлик тизими йўлга қўйилмаган. Шу боис уларнинг ҳисоботларини қўмиталарда муҳокама қилиб бориш бўйича янги, таъсирчан тизим жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.Бу иш самарали бўлиши учун вазирлик ва идораларда раҳбар ўринбосарларини қуйи палата қўмиталари билан доимий ҳамкорлик учун масъул этиб бириктириш таклиф этилди. Президентимиз парламент ва Ҳукумат ўртасидаги муносабат қарама-қаршиликка эмас, конструктив мулоқотга асосланиши зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтди.Афсуски, парламент сўрови, депутат сўровига юзаки ёндашиб, унга енгил-елпи муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди.Бу борада барча раҳбарлар масъулият ва жавобгарликни тўлиқ ҳис этиши лозимлиги, ушбу масалага беписанд қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги таъкидланди. Парламент ва депутат сўровларига жавоб аниқ ва мазмунли бўлиши, сўров кимга йўлланган бўлса, шахсан шу раҳбар томонидан жавоб берилиши шарт.Мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб бориш, дўст ва ҳамкорларимиз доирасини кенгайтириш, яқин қўшниларимиз билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ўта муҳим вазифадир.Шу мақсадда Президент Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташқи сиёсатда устувор йўналиш бўлиб қолади. Келгуси йили юртимизда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё бешлиги” учрашуви шу йўлдаги яна бир улкан амалий қадам бўлади.Ҳозирги вақтда фуқароларимиз Қирғизистонга ID карта билан бемалол бориб-келмоқдалар. Энди шундай тартибни Қозоғистон ва Тожикистон билан ҳам жорий этиш режалаштирилган.Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа етакчи ҳамкор давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан самарали ва тизимли алоқаларни янада ривожлантириш доимо эътибор марказида бўлиши таъкидланди.Президентимиз фурсатдан фойдаланиб, бугунги йиғилишда иштирок этаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакилларини самимий қутлади, ислоҳотларимизни чин дилдан қўллаб-қувватлаб келаётгани, ҳудудларимизга чиқиб, янгиланиш ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиб, ўз давлатларидаги тажрибалар билан ўртоқлашаётгани учун халқимиз номидан миннатдорлик билдирди.Бугун бутун дунё ниҳоятда нотинч ва таҳликали вазиятда давлатимизнинг мустақиллиги ва суверенитетини, халқимизнинг тинч ва эркин ҳаётини энг бебаҳо бойлик сифатида асраш ва ҳимоя қилиш энг муҳим вазифа бўлиб қолиши таъкидланди.“Ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур: мамлакатимиз хавфсизлиги, юртимиз мудофааси нафақат Қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки Ўзбекистонни ўзи учун она Ватан деб биладиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча инсонларнинг муқаддас бурчидир.Бунинг учун ягона Ватан, кўп миллатли ягона аҳил оила туйғуси ҳар биримизнинг қалбимиз, юрагимиздан чуқур жой олиши лозим”,  - деди Президент.Дунёда турли хатар ва таҳдидлар авж олиб бораётган ҳозирги шароитда Қуролли Кучларимизнинг жанговар ва маънавий салоҳиятини оширишга эътибор янада кучайтирилиши белгиланди.Ёшларимиз онгу тафаккурида миллий ғурур билан бирга умумбашарий қадриятларга ҳурмат ҳиссини камол топтириш мақсадида ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.Фарзандларимизни замонавий билим ва дунёқараш, даромадли касб эгалари этиб тарбиялаш, уларни илм-фан, IT технологиялар, маънавият, санъат ва адабиёт, спорт билан ошно этиш учун ҳеч нарсани аямасдан, бор куч ва имкониятлар сафарбар этилади.“Бугун фақат мана шундай илғор ёшларга, мана шундай жонкуяр зиёлиларга, Ватан равнақи йўлида бирлашган халққа эга бўлган давлатгина ўз миллий манфаатларини таъминлашга эриша олади.Бизнинг иккита ўқ томиримиз, иккита таянч устунимиз бор: бири – иқтисодиёт, бири – маънавиятдир. Маънавий буюк халқ – иқтисодий томондан ҳам буюк бўлади”,  - деди давлатимиз раҳбари.Айни вақтда жамиятимиздаги очиқлик ва эркинлик муҳитини, миллатлар ва динлар ўртасидаги аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, сўз ва матбуот эркинлиги, виждон эркинлигини таъминлаш бўйича бошланган ишлар давом эттирилиши таъкидланди.Президент Янги Ўзбекистонимиз янги парламенти билан бирга ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига қадам қўяётганини таъкидлади. Бу янги даврда кечаги талаб ва мезонлар билан, эскича ишлаб бўлмаслиги қайд этилди.Шу боис Ҳукумат ўз фаолиятини мутлақо янгича асосда ташкил этиши керак, бунинг учун унга кучли раҳбар, яъни, Бош вазир зарур.Давлатимиз раҳбари бу масалани атрофлича ўйлаб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Абдулла Нигматович Арипов номзодини кўрсатишга қарор қилганини айтди. Абдулла Арипов катта ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлган, ижро ҳокимияти тизимида бой билим ва тажриба орттирган, масъулиятни доимо чуқур ҳис этадиган раҳбар экани таъкидланди.Ушбу номзод бугун Ҳукумат олдига қўйилган, кўлами ва миқёси бениҳоя катта бўлган муҳим вазифаларни ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини самарали ташкил қилиши, Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарларини бирлаштириб, ягона мақсад сари сафарбар эта олишига ишонч билдирилди.Президентимиз Абдулла Арипов номзодини депутатлар муҳокамасига тақдим этди.Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Бош вазир лавозимига кўрсатилган Абдулла Арипов номзодини кўриб чиқдилар.Номзод Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тақдим этди. Депутатлар ва фракциялар раҳбарлари сўзга чиқиб, номзод ва дастур юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.Номзод ва Ҳукуматнинг дастури кўриб чиқилгач, Бош вазир лавозимига номзодни маъқуллаш масаласи овоз беришга қўйилди.Яширин овоз бериш йўли билан депутатлар Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига маъқулладилар.Президентимиз сўзининг давомида бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётганини қайд этди.Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда. Бунга жавобан мамлакатимизда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланди. Қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга киришилди. Пойтахтимизда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиётимиз драйверларидан бирига айланмоқда.Эл-юртимизнинг фикр-мулоҳазалари, хоҳиш-истакларини атрофлича ўрганиб, билдирилган тавсиялардан келиб чиққан ҳолда, бу борадаги ишларни янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсадида Президентимиз 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилишни таклиф қилди.Йиғилганлар ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватладилар.Ҳукумат йил номида белгиланган энг муҳим вазифалар бўйича давлат дастурини ишлаб чиқиши белгиланди.Ушбу дастурда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалалар устувор аҳамият касб этиши зарурлиги таъкидланди.Давлатимиз раҳбари янги давр Янги Ўзбекистонимиз жадал ривожланадиган, янада юксак тараққиёт чўққиларини забт этадиган давр бўлишига ишонч билдирди.“Бу давр парламент ва Ҳукумат фаолиятида янгича ишлаш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш бўйича ибратли анъаналар шаклланадиган ва тарихга муҳрланадиган давр бўлади. Келажак авлодлар албатта фахр билан тилга оладиган ана шундай буюк тарих ва келажакни яратиш бизнинг ўз қўлимизда”,  - деди Президент.Президент кейинги уч кун мобайнида Олий Мажлис аъзолари, кенг жамоатчилик билан мамлакатимизнинг бугунги ва эртанги тараққиёти ҳақида атрофлича фикр алмашилганига эътибор қаратди. “2024 йилда – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да бажарган ишларимизга якун ясадик. Парламентимизда – “Халқ уйи”да депутатлар билан муҳокама қилинган барча ташаббус ва режаларни, уларда илгари сурилган ғоя, мақсад ва вазифаларни, моҳият эътиборига кўра, Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги Мурожаатнома десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.Сиз, ҳурматли депутатлар ва Ҳукуматимиз аъзолари, каттаю кичик барча раҳбарлар мана шу Мурожаатномада белгилаб берилган улкан вазифаларни амалга оширишда фидойилик ва намуна кўрсатиб меҳнат қиласизлар, деб ишонаман”,  - деди Президент сўзининг якунида.

20 Ноябр 2024 йил

137

Фирибгарлик билан шуғулланиб келган ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилинг

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (уй-жой ва автоулов олди-сотдиси билан боғлиқ фирибгарлик, жуда кўп миқдорда зарар етказиш орқали содир этилган) билан қўзғатилган, жиноят иши тергов қилинмоқда. Мазкур жиноят иши доирасида терговдан қочиб яширинган 1989 йилда туғилган Мадрахимов Мурод Мамасадиковичқидирувдан ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.Ҳурматли фуқаролар, агар Сиз ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатлари ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-42-54, 71-206-44-73 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

20 Ноябр 2024 йил

157

Интерактив хизматлар

Text to speech