ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Бектемир туманида йирик заҳри-қотил савдосига чек қўйилди

Бугунги глобаллашув даврида гиёҳвандлик тобора кенг илдиз отиб, инсоният ҳаётида катта хавф солиб бормоқда. Бу аср вабосига қарши кураш юртимизда давлат сиёсатига чиққани унинг чегара билмаслиги, ёши ва ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишини танламаслиги, миллат генофондига зиёни билан хавфлилигида. Шу боис мазкур иллатга қарши курашиш, унга барҳам беришга катта эътибор берилмоқда. Президентимиз томонидан 2025 йилнинг 3 ноябрида имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони бу иллатга қарши эълон қилинган курашни янада жадаллаштиришга қаратилган. Фуқароларни гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилишининг олдини олиш ҳамда муносиб тўсиқ қўйиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мунтазам равишда тезкор-қидирув тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. Куни кеча Бектемир туманида пойтахт ИИББ ҳамда Давлат хавфсизлиги хизмати Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда заҳри-қотилни яширин равишда тарқатиб юрган шахс қўлга олинди. Унинг вақтинча яшаб келаётган хонадонида ўтказилган тадбирда турли хилдаги умумий оғирлиги 2 кг 200 гр, истеъмол учун қадоқлаб сотилганда 66 700 дона – бир марталик дозани ташкил этувчи гиёҳвандлик моддалари ҳамда муқим яшаш жойи бўлган Жиззах вилоятидаги ҳовли ҳудудига кўмиб қўйилган 800 гр синтетик гиёҳвандлик моддалари топилиб далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумондорнинг мазкур оғуларни кимдан олгани, унинг манбааларини аниқлаш бўйича тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ бирор маълумотга эга бўлсангиз ИИВнинг ишонч телефонлари: 71-231-55-54, 71-231-55-00, 77-353-55-00, 77-454-55-00 рақамларига ёки “stopnarko_bot” телеграм ботига хабар беришингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

23 Январ 2026 йил

751

ЭЪЛОН

Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш мақсадида, жорий йилнинг 23 январь (жума) куни Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи полковник Рамазон Ашроповнинг шахсий қабули ўтказилади. Қабулда тергов ишлари, эксперт-криминалистика фаолияти, ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлари, шунингдек, миграция ва персоналлаштириш масалалари юзасидан мурожаатлар кўриб чиқилади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шахсий қабул қуйидаги шаклда ташкил этилади: Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун соат 09.00 дан 16.00 гача ИИВ қошидаги «ЖАР» спорт-соғломлаштириш мажмуасида.(Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Беруний кўчаси, 3 уй). Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар аҳолиси учун, онлайн шаклда, шу куни соат 16.00 дан 22.00 га қадар видеоконференц алоқа орқали. Жойлардан иштирок этиш ниятидаги фуқаролар Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ва вилоятлар ИИБларининг биноларида жойлашган студияларидан қатнашишлари мумкин.

22 Январ 2026 йил

11741

Қарорлар амалиётга татбиқ этилмоқда

Жорий йилнинг 5 январида Президентимиз томонидан қабул қилинган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби томонидан кенг кўламда ўрганилиб, қарор ижросини самарали таъминлаш мақсадида Бош бошқарма қуйи тизимлари шахсий таркибига ҳам етказилди. Хусусан, қарордан кўзланган асосий мақсадларга: ижтимоий профилактика самарадорлигини оширишни устувор вазифа этиб белгилангани ҳолда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш, оила турмуш муносабатлари доирасида ҳамда аёллар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг асл сабабларини илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш орқали уларнинг барвақт олдини олиш, ҳар қандай ноқонуний ҳолатлар юзасидан мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириш тизимини яратиш, бу борадаги фаолиятни бевосита жойларда самарали йўлга қўйиш каби масалалар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қарорнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқилиб, маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйишга қаратилган манзилли ишларни ташкиллаштириш юзасидан криминоген вазияти оғир ҳисобланган ҳудудлар масъул раҳбарлар ва мутасаддиларга номма-ном бириктирилмоқда. Улар томонидан маҳаллаларни ижобий томонга ўзгартириш юзасидан аниқ ва самарали иш режалари белгилаб олинмоқда. Бундан ташқари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан оила-турмуш доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олишга қаратилган низоли оилалар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва мониторингини юритиш имконини берувчи “E-ijtimoiy profilaktika” ахборот тизимининг “E-nizoli оila” модулини жорий этиш ҳамда судлар ўртасида тўғридан-тўғри интеграция қилиш, “Менинг инспекторим” мобил иловасини ишлаб чиқиш ва оммалаштириш чораларини жадаллаштириш масалаларига жиддий ёндашилмоқда. Қарорда белгиланган вазифаларни самарали амалга оширилиши пойтахтимиз маҳаллаларида тинчлик-осойишталикни, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга катта ҳисса қўшади.

22 Январ 2026 йил

3345

Интерактив хизматлар

Text to speech