Гарчи кимгадир бу ёқмасада, қилмиш учун жазо муқаррар!

Интернет тармоғида, хусусан “Uzxalqharakati.com” сайтида Шайхонза Бойқунусова номидан мурожаат тарқатилган бўлиб, унда Ш.Бойқунусовага нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан тергов нохолис олиб борилгани, гуёки процессуал ҳужжатлар сохталаштирилгани таъкидланган.

Жабрланувчилар томонидан Тошкент шаҳрининг бир неча туман Ички ишлар идораларига ёзилган аризалар асосида ҳеч қаерда ишламайдиган,
1981 йилда туғилган Ш.Бойқунусовага нисбатан 5 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.  Ш.Бойқунусова ва унинг жиноий шериклари жабрланувчиларни алдаб, уларнинг пластик карталардаги пул маблағларини нақдлаштириб бериш баҳонаси билан қўлга киритиб, пластик карточкалардан ечилган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатишган. Етказилган зарарнинг умумий миқдори 397 миллион 970 минг сўмни ташкил этган. Гумонланувчи тариқасида жалб этилган Ш.Бойқунусова терговга келишдан ва етказилган зарарни қоплашдан бўйин товлаб келган.

Шу сабабли 2018 йил 2  апрель куни у Тошкент шаҳар ИИББга таклиф этилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 227-моддаси тартибида (суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг қарори асосида ушлаб туриш) ушланган ва вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. 3 апрель куни унга Жиноят кодексининг 168-моддаси билан айблов эълон қилинган. 4 апрель куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суд жараёнида айбдор деб топилган Ш.Бойқунусова етказилган зарарни қоплаган ва шу сабабли 2018 йил 18 октябрь кунги хукм билан суд томонидан унга нисбатан озодликдан  махрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тури тайинланган, яъни у иш хақидан 20 фоизини ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 2 ой 13 кунга ахлоқ тузатиш ишларига хукм қилинган. Ушбу хукм 2018 йил
28 октябрь куни қонуний кучга кирган.

Шу билан бирга, ички ишлар вазирлиги номига келтирилган айбловларни асоссиз ва номақбул деб ҳисоблаймиз, чунки тергов қонун доирасида, ҳар томонлама, тўла ва холисона олиб борилган  бўлиб, бу суд хукми билан ўз тасдиғини топган. Суд хукмидан норози бўлган тақдирда ҳар ким қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. 

Ҳурматли интернет тармоғи фойдаланувчилари! Сизларни бундай мавзуларни ёритишда ва муносабат билдиришда холис бўлишга, эҳтиросларга берилмасликка чақирамиз. Гўёки кимнидир фош этадиган “Қайноқ” хабарларни чоп этишдан олдин тарафларни ҳар бирини, хусусан юқоридаги ҳолатда нафақат ички ишлар идоралари, балки Ш.Бойқунусовага ўхшаш шахсларнинг ноқонуний қилмишларидан жабрланганларни ҳам эшитиш фойдадан холи бўлмас эди.