ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Китоб — энг яхши суҳбатдош ва тарбиячи

Ҳар йили 21 май куни ахборот-кутубхона тизими ходимлари куни нишонланади. Шу куни  қўлёзмалар шаклида битилган миллий ва маданий меросимизни сақлаш ва тарқатишда жонбозлик кўрсатаётган, вазифаларини фидойилик билан бажариб, илм зиёсини тарқатишга ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган  барча ходимларни  қутлаш анъанага айланган.Тошкент шаҳар ИИББ кутубхонаси ходимларнинг маънавий озуқа олиш манбаи десак, муболаға бўлмайди. Зотан, ички ишлар ходимларини маънавий савиясини ошириш, маданиятини юксалтириш, дунёқарашини шакллантиришда китобнинг, нашрларнинг ўрни беқиёсдир. Кутубхона фонди  янги адабиётлар, нашрлар билан тўлдириб борилмоқда. Бугунги кунда унинг фондида  тўрт мингдан ортиқ  турли мавзулардаги адабиётлар мавжуд.2019 йилда Республикамиз Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори кутубхонанинг ўқувчиларга хизмат кўрсатиш имкониятларини янада кенг очиб берди.  Илғор технологиялар  асосида қайта жиҳозланган зиё маскани Ахборот-ресурс маркази деб қайта номланди ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасига интернет орқали уланди. Бу китобхонларга 27 мингдан ортиқ адабиётлардан электрон равишда бепул фойдаланиш имконини яратди.— Ҳозирги кунда китобхонлар сони ошиб бораётгани қувонарлидир, — дейди пойтахт ИИББ Ахборот-ресурс маркази бош кутубхоначиси лавозимида ишлаб келаётган Озода Абдувалиева. — Марказда Юртбошимиз асарлари, ҳуқуқ-тартибот, қонунчиликка доир, тарихий, бадиий асарлар жой олган. Шунингдек, ички ишлар фаолиятини бевосита ёритиб келаётган “Постда” газетаси, “Қалқон”-“Щит” журналларининг ҳар бир сонлари йиғилиб борилади. Мазкур кутубхонадан чиқмай туриб, вақтли матбуот нашрлари порталида 60 дан ортиқ номдаги газета ва журналларнинг электрон шаклидан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, исталган адабиётингиз аудиокитобини юклаб олишингиз имкони мавжуд.Шу ўринда  Озода Абдувалиеванинг 1987 йилдан ИИББ ҳузуридаги Манзил-маълумот бериш хизматида оддий рўйхатчи бўлиб ишлаб, бошлиқ ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтганини қайд этиш керак.— Ходимлар фақат ўзлари учун эмас, балки кекса ота-оналари учун ҳам  китоблар олишади, — дейди мамнуният билан Озода, — Ёзги таътил бошланиши билан китобхонларнинг  фаоллиги янада ошади. Бу вақтда фарзандлари учун ҳам адабиётлар танлаш кучаяди. Кутубхонада барча ёшдаги ўқувчиларни қизиқтирувчи адабиётлар етарли.Кутубхона фонди ҳар йили янги нашрлар, касбга тааллуқли, илм-фанга оид адабиётлар билан тўлдириб борилмоқда.Кутубхонага қанча ходим кўп ташриф буюрса, О.Абдувалиева шунчалик қувонади. Ахир китоб билан ошно бўлган инсон ёмонликдан узоқ бўлишига, эзгулик ва яхшиликка интилишига ишонади у.Бу даргоҳга нафақат ходимлар балки мактаб, лицей  ўқувчилари, вояга етмаганлар билан ишлаш маркази  тарбияланувчилари ва бошқалар ҳам ташриф буюришади. Турли учрашув, кўрик-танловлар ўтказиб борилади.Айни кунда марказ 700дан ортиқ обуначига эга.  Ахборот-ресурс маркази шинам, озода, ёруғ, китоблар мавзулар бўйича тартиб билан жойлаштирилган. Шу боис ўқувчи бу ердан ўзига керакли бўлган адабиётни тезда топиб олади.Қаҳрамонимиз айтганидек, китоб ўқиган киши маданиятли, маърифатли бўлиб, бундайлар билан суҳбатлашиш  ёқимли ва фойдалидир. Шундайларгина ички ишлар идораларида ишлашга муносиб. Китоб билан дўстлашувчилар, китоб мутоаласига иштиёқмандлар сафи кўпаяверсин. Биз эса ИИББ Ахборот-ресурс маркази бош кутубхоначиси Озода Абдувалиевани касб куни билан самимий табриклаб қоламиз.

18 Май 2024 йил

38

Тергов якуни бўйича қўшимча маълумот

      Муқаддам Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган тадбирлар давомида жиноий гуруҳ аъзолари ушланганлиги ҳақида хабар берган эдик.       Тошкент шаҳар ИИББ томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра бир гуруҳ шахсларга нисбатан жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилган.      1. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 19 апрель кунидаги ҳукмига кўра 1972 йилда туғилган Умаров Лутфилла Рихсиллаевич Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан айбли деб  топилган. Суд томонидан унга нисбатан олти йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.      Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судининг 16 май кунидаги ҳукмига кўра,       2.     1954 йилда туғилган Ибодов Ниёз Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб  топилган. Суд томонидан унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.       3.     1969 йилда туғилган Султанов Баходир Касимович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб  топилган. Суд томонидан унга Жиноят кодексининг ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган.

18 Май 2024 йил

153

Нафс измида

Катта йўл ёқасида икки йигит автомашина тўхтатмоқда. Тўхтаган ҳайдовчига манзилни айтаркан, кира ҳаққини савдолаша бошлади.  Гапга тутди. Ҳайдовчи ўнг йўловчига бурилганда, чапда тургани унинг уяли телефонини ўмарди. Пулига келишмаган ҳайдовчи  йўлида давом этди. Зум ўтмай бошқа автомашина тўхтатилди. Бояги ҳолат яна такрорланди. Телефонини йўқотган бир неча ҳайдовчилар ички ишлар органларига мурожаат қила бошлади. Ходимлар томонидан уларнинг фотороботи яратилиб, ишга киришилди.Ўғриларнинг изига тушган ходимлар пойтахт туманлари кўчаларини назоратга олишди.  Кузатувлар олиб борилаётган кунларнинг бирида ходимлар диққатини Чорсу бозори ёнида  автомашина тўхтатаётган икки йигит тортди.  Режага кўра ходимларнинг бири таксичи сифатида уларнинг ёнида тўхтади. Иккинчи ходим масофадан туриб, воқеани кузата бошлади.   Йўлга қўйилган усул бўйиича  “ҳайдовчининг” уяли телефони ўғирланди. Нархини келиша олмаган “ҳайдовчи”  йўлида давом этди. Унча узоқлашмай 50 метрлар нарида тўхтаб иккисини  кузата бошлади.  Яна  бир неча ҳайдовчи уларнинг тузоғига илинди. Ҳайдовчиларни чув тушириб келаётган ўғрилар шулар эканлиги маълум бўлгач, ходимлар уларни қўлга олишди. Улар гиёҳвандлик моддалари таъсирида эканлигини текширувлар тасдиқлади. Сўроқ вақтида  йигитлар қилмишларини тан олишмади. Гиёҳвандлик моддасининг таъсири тарқагач, видеотасвирларни кўриб, лол бўлиб қолишди.  Сўнг улар ўғирланган  нарсаларни арзон гаровга сотиб ўзларига керакли  гиёҳванд моддаларни сотиб олишганлигини баён этишди.  Тергов жараёнида гиёҳванд моддалар истеъмоли учун шу усулда пул топаётган йигитлар пойтахтнинг кўплаб туманларида йигирмага яқин ана шундай ўғирликларни амалга оширгани аниқланди.Шу ўринда соғлом, куч-қувватга тўла, навқирон йигитларнинг ўз ҳаётларини  мана шу алфозда  олиб бораётганидан афсусланиб кетасан. Ахир гиёҳвандликнинг охири аянчли тугашини наҳот билишмайди. Наҳот  аниқ далиллар мисолида кўрсатилаётган кўрсатувлар, ижтимоий тармоқлардаги контентлар ибрат бўлмаса. Наҳот инсон ўз-ўзига душман бўлса? Ҳаётини, ўзини, ёшлигини қадрлай билмаса.  Одатда гиёҳвандлар 40 ёшга ҳам етиб-етмайди, организмнинг  силласи қуриб, гиёҳванд модданинг озгинасини ҳам кўтара олмай қолади охири. Бу - гиёҳванд модда ўлжасини маҳв этди дегани. Гиёҳвандлар бошқа жиноятлардан ҳам тап тортмаслиги эса бу каби мисоллар билан ўз тасдиғини топиб келмоқда.

18 Май 2024 йил

43

Кечаги шогирд бугун устоз

Бахтиёр Абдуллаев зиёлилар оиласида таваллуд топган. Отаси Роҳатали ака фарзандларининг олий маълумотли, юрт корига ярайдиган, элга наф келтирадиган бўлиб етишиши учун ҳаракат қилди. Уларнинг танлаган касбларига монелик кўрсатмади. 1985-1987 йилларда ҳарбий хизматга чақирилган Бахтиёр Афғонистонда хизмат қилиб қайтгач, унинг ҳуқуқшунос бўлиш ниятини ҳам қўллаб-қувватлади. Ҳалол хизмат қилишни, инсонлар тақдири билан ҳазиллашмасликни уқтирди. Қаҳрамонимиз Тошкент Давлат юридик институтини тугатиб, илк хизматни Юнусобод тумани ИИБ тергов бўлими терговчиси лавозимидан бошлади.Терговчилик – энг қийин соҳалардан бири. Инсон ҳаётини ҳал қилиш осон иш эмас. Айбдор бўлса-ку бир нав, беайб бўлса-чи? Ҳолатни қонунан тўғри баҳолаш ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳар ким қилмишига муносиб жазо олиши керак. Жиноятчи ҳам анойи эмаски, қинғирлигини тан олса.Қаҳрамонимиз устозлари Рустам Алимбеков, Садриддин Яхшибоевларни катта ҳурмат билан эътироф этади. — Мен устозларимдан бениҳоя миннатдорман. Менга сарфлаган вақтлари, берган ўгитларини сира ёдимдан чиқармайман. Зотан, хатоларимни ўз вақтида кўрсатиб, амалий ёрдамларини аяшмаган. Бугунги кунда ўзим ҳам  шогирдларимга билганларимни ўргатаман.Устозларининг йўл-йўриғига, ўгитларига амал қилган Бахтиёр топширилган ишларни сифатли ва қонуний ҳал қилиши тергов амалиётини тўғри юритиши сабаб тезда раҳбарият эътиборига тушди. Шу бўлимда катта терговчи, ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчи лавозимларида меҳнат қилди. Кейинчалик пойтахт туманлари тергов бўлимларида бўлинма бошлиғи лавозимларида ишлади. Айни пайтда Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси лавозимида хизматни давом эттириб келмоқда.Кейинги пайтларда фирибгарлик жиноятлари  кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда узатилаётган огоҳлантиришлар гувоҳлик беради. Подполковник Б.Абдуллаев яқингинада ана шундай жиноятлардан бирини муваффақиятли фош этгани борасида тўхталиб ўтди.— Ўндан ортиқ эпизоддан иборат бўлган фирибгарлик жиноятини очиб, судга оширишга, жиноят учун жавобгарлик принципи таъминланишига эришдик, - дейди суҳбатдошимиз. – халқимиз соддадил, ишонувчан. Афсуски, баъзи нопок кимсалар уларнинг бу жиҳатларидан ўз нафс йўлида усталик билан фойдаланишади. Айрим расмий ташкилотлардаги ортиқча қоғозбозлик, сансалорлик ҳам одамларни осон ва югур-югурсиз битадиган ишларга рағбатлантиради.Козим (келтирилган исмлар шартли)  тўрт маротаба  судланишига қарамай, озодликка чиқиши билан яна “эски ҳунари”ни қўмсади. Ҳалол меҳнат қилиш  ўрнига  мўмай пул топиш ҳақида ўйлай бошлади. Бу сафар у аёлларнинг ҳис-туйғуларини нишонга олди. Ўзини алданган, хиёнат қурбонига айланган шахс қилиб кўрсатиб, алалоқибат қармоғига Гулини илинтирди. Турмуши бўлмай ажрашган Гули эҳтиёткорликни ҳам унутиб, измини бутунлай “ишнинг кўзини биладиган, тадбирли, пухта, қатъиятли, мард” аслида эса номард эркакнинг қўлига топшириб қўйди.Бутунлай ишончга кирганини англаган Козим Гули орқали ота-онасини уйини сотишга кўндирди. Нимамиш, 80 минг долларга харидор топиб, чол-кампирга мўъжазгина ҳовли, ўзларига “дом” оларкан, яна бир “дом”ни ижарага берса, қариялар пулни санаб ётавераркан. Уй сотилиб кетди. Чол-кампирга вақтинча уй топгунча ижарада туришга тўғри келди. Ҳадеганда “дом” ҳам топилмади. Ўзига автомашина олган Козим, ижарага уй топиб, Гулига уйимиз, деб алдади. Кексалар уй сўрашганда уларни бошқа ҳовлига кўчирди, ҳужжат талаб қилганларида яна бир ҳовлига кўчирди. Охирги кўчишда уддабурон куёвга ишонган кексалар ўзлари билмаган ҳолда, қўни-қўшнига куёв бўлмиш арзон уй топиб бериши мумкинлиги ҳақида “реклама”ни кучайтириб юборишганди. Фирибгарнинг бозорини қизитган кексалар уй эгаси ижара ҳаққини сўраб келишганида чув тушганини англашди. Козим эса бу вақтгача қўшниларнинг ҳар биридан 5-10 минг долларгача “заклад” олиб қўйган эди. Ваъдаларни бериб, қорасини кўрсатмагач, жабрланганлар алданганини сезиб, ички ишлар органларига мурожаат қилишди. Энди бу фирибгар судланувчилар курсисида ўтирибди, — деб ҳикоясини якунлади суҳбатдошимиз.Подполковник Б.Абдуллаев уч нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди, ҳар бири олий маълумотли, рафиқаси ўқитувчи, олти неваранинг  севимли бобоси. Бугунги кунда бир пайтлар устозларидан ўрганганидек, эндиликда ўзи устоз бўлиб, ёш ходимларга билим ва тажрибаларини ўргатиб, ўгит  ва маслаҳатларини  бериб келмоқда. Чунончи, шогирдларининг ютуғида ўзининг ҳам ҳиссаси борлигидан фахрланишнинг нашидаси ўзгача.

18 Май 2024 йил

45

Интерактив хизматлар

Text to speech