ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳри Миробод туманида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали чора-тадбирлари олиб борилмоқда

Давлатимиз раҳбарининг Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Р.А.Ашропов раҳбарлигида Миробод тумани куч тузилмалари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган хизмат олди йўриқномаси ўтказилди. Йўриқномада Қўриқлаш, патруль-пост, йўл патруль ва профилактика хизматлари, Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари, шунингдек Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари томонидан тун-у кун, уч сменали хизматни ташкил этиш жараёнида эътибор қаратилиши лозим бўлган устувор вазифалар атрофлича тушунтириб берилди. Аҳолининг ҳар бир мурожаати ва объектлардан тушаётган ташвиш хабарлари бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатланиш йўналишлари белгилаб берилиб, ходимлар хизматга тарқатилди. © Қўриқлаш Департаменти | расмий канал

9 Феврал 2026 йил

180

Навбатдаги сайёр қабул Олмазор туманида бўлиб ўтди

Туманларда сайёр қабулларнинг ташкил этилиши фуқаролар учун катта қулайликлар яратиш баробарида аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган Инновация маркази биносида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, шаҳар прокурори биринчи ўринбосари Анвар Урманов ва туман ҳокимлиги мутасаддиларининг аҳоли билан ўтказган сайёр қабули ана шу устувор вазифа ижросининг узвий давомидир. Қабул пойтахт аҳолисини ўйлантириб келаётган муаммоларига ечим топишга қаратилди. Очиқ мулоқот чоғида аҳолининг мурожаатлари ва саволлари тингланди ҳамда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, 4 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигини олиш илтимослари қаноатлантирилганлиги сабабли, уларга тантанали равишда ID карталар топширилди. Шунингдек, пойтахтимизнинг Олмазор тумани ИИО ФМБ Пробация хизмати ҳисобида турган жами 5 нафар фуқаролар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Бу каби қабуллар пойтахтимизнинг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.

7 Феврал 2026 йил

1106

Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ биносида туман ҳокими, туман ИИО ФМБ бошлиғи, туман прокуратураси вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари ва масъул ташкилот ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

Йиғилишда Янгиҳаёт туманнинг криминоген вазиятини барқарорлаштириш ҳамда янгича ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган манзилли чора-тадбирлар “Йўл харитаси”даги устувор йўналишлар белгилаб олинди. Хусусан, туман ҳудудида криминоген вазиятини барқарорлаштириш ҳамда хавфсиз муҳитни шакллантириш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ таркибини тасдиқлаш, хавфсизликни таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида “Менинг инспекторим” ва “Рақамли хавфсиз мактаб” платформаларини кенг жорий этиш, таълим муассасаларида видеокузатув тизими ҳамда қоровуллик хизмати малакасини ошириш орқали ўқувчилар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, йиғилишда 24/7 режимида ишловчи туристик кўчалар, бозорлар ва аҳоли гавжум масканларда жамоат тартибини сақлаш, хонадон ва тадбиркорлик объектларини техник қўриқловга олиш ишларини жадаллаштириш, ёшлар орасида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва коррупциявий омилларни рақамлаштириш орқали бартараф этиш ҳамда криминоген элементлар фаолиятига буткул барҳам бериш ва бошқа асосий йўналишлар кўриб чиқилди ва масъулларга қатор топшириқлар берилди.© Yangihayot tumani hokimligi Matbuot xizmati | Пресс-служба хокимията Янгихаётского района

7 Феврал 2026 йил

677

“БЕЛАРИҚ”да ИККИ БЎЙДОҚНИНГ “ИШИ” КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмида гиёҳвандлик воситаларини (жумладан, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни) ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатишга доир қилмиш назарда тутилган. Жазо ҳам шунга яраша, яъниким, судья иш ҳолатларидан келиб чиқиб: “базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш”дан бирини танлайди. Пойтахтнинг Яккасарой тумани “БЕЛАРИҚ” маҳалла фуқаролари йиғинида ўтган сайёр судда жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Азимжон Ҳакимов худди шундай қилмиш содир этган этган А.С.нинг “иши”ни кўриб чиқиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 8.240.000 сўм жарима жазоси тайинлади. Шу судья раислигида шу маҳаллада ўтган сайёр судда муҳокама қилинган яна бир иш Ф. Р.га нисбатан юритилган фирибгарликка (Жиноят кодекси, 168-модда, 3-қисми “Б” банди) оид жиноят иши эди. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларидан бири нақд. Судланувчига 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Сайёр суд муҳокамасида кўрилган ишлар қандай жиноятлар экани маълум, шу боис тафсилотига ҳожат йўқ. Фақат тайинланган жазога мухтасар изоҳ керакки, икки судланувчи ҳам ёш, ҳали оила қурмаган, қилмишига тавба қилиб турибди… Бировнинг “молини туя қилгани” эса етказилган зарарларни қоплаб улгурган. Шу ва шу каби омиллардан келиб чиқиб, суд уларни панжара ортига юбормади, шунингдек, ортиқча мурувват ҳам кўрсатилгани йўқ. Жазодан норози бўлса, бемалол шикоят қилиши мумкин. Гап бунда эмас ҳозир. Жиноятнинг ҳуқуқий оқибати – масаланинг бир томони, холос. Жазонинг маънавий-ахлоқий ва тарбиявий жиҳатлари ҳам бор ва бунда жамоатчиликнинг иштироки ва ўрни алоҳида. Шу боис айрим турдаги, хусусан, юқоридаги ишлар жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилмоқда. Шундай экан, сайёр суд муҳокамаларини қилмиш содир этган шахсни  “сазойи” қилиш эмас, бошқалар учун сабоқ, шунингдек жиноят профилактикасининг ажралмас қисми, деб тушуниш (ва тўғри тушунтириш ҳам) керак. Зотан, тарбияга жамоатчиликнинг таъсири қонун қамчисига қараганда бироз енгил, аммо самаралироқ эканини тажрибалар кўрсатиб турибди… © Тошкент шаҳар судлари | Расмий канал

6 Феврал 2026 йил

1591

Интерактив хизматлар

Text to speech