Фирибгарлик факти бўйича жиноий иш қўзғатилди

3 июль куни Яккасарой тумани ИИО ФМБга Муқимий кўчасида жойлашган гўзаллик салони ишчиси 29 ёшли Умида М.дан ариза келиб тушди. У жорий йилнинг февраль ойида Жанубий Кореядан маникюр ва киприк ўстириш мосламаси олиб келиш мақсадида ундан 52 минг АҚШ доллари олган таниши 28 ёшли Соҳиба Р.га нисбатан чора кўришни сўради. Умида ҳалигача мосламани ҳам, пулларни ҳам олмаган. Маълум бўлишича, Соҳиба пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Мазкур факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 моддаси 4 қисми («Фирибгарлик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.
Шу куннинг ўзида шу каби ариза Яшнобод тумани ИИО ФМБга ҳам келиб тушган. Унда МЧЖлардан бирининг раҳбари 43 ёшли Тоирбек У. бошқа МЧЖ раҳбари бўлмиш 64 ёшли Муҳиддин К. ва Ибодулла А.ларга нисбатан чора кўришни сўраган. Аризага кўра мазкур шахслар Германиядан чиқиндиларни қайта ишлаш мосламасини олиб келиш баҳонасида аризачидан жорий йилнинг 3 февраль куни 15 000 АҚШ доллари олишган. Бироқ Муҳиддин ва Ибодулла ваъдаларида турмасдан, пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборганлар. Ушбу факт асосида Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168 моддаси («Фирибгарлик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тергов олиб борилмоқда.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Маълум хизмат кўрсатиш тури хизмат вазифаларига кирмаган шахсларга пул беришга шошилманг, ҳаттоки улар яхши таниган одамларингиз бўлган тақдирда ҳам. Ҳар бир келишувни нотариус орқали тасдиқлаган афзал.