Ана, холос...
Маҳалла фуқаролар йиғинларига катта ваколат, имтиёз ва қулайликлар берилиб, уларнинг асосий вазифалари - шу ҳудудда яшаётган фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини биргаликда ҳал этиш, муносиб яшаш шарт-шароитларини яратиш, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз, қаровсиз қолганларга ёрдам кўрсатиш, маҳалла ободлигини таъминлаш кабилардан иборат. Бироқ бу ишларга масъул бўлганлар ўз хизмат мавқеларидан фойдаланиб, қонунбузилишларига йўл қўйса, жиноятга қўл урса тушуниш қийин. А.Ҳайитбой пойтахт туманларидан биридаги маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорларга ёрдам бериш масалалари бўйича раис ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётганди. Ўз хизмат вазифаларига кўра у меҳнат биржалари билан ҳамкорликда маҳалла фуқароларининг бандлигини таъминлаши, ўз бизнесини очмоқчи бўлганларга, тадбиркорлик билан шуғулланишга аҳд қилган шахсларга қонуний, ижтимоий ва бошқаларда яқиндан ёрдам бериши керак эди. Меҳнат биржасига навбатдаги ташрифи чоғида, аниқроғи 2021 йилнинг июнь ойида Ҳайитбой бу даргоҳга иш излаб келган У.Дилнозани учратиб қолди. Уни суҳбатга тортиб, билдики, аёл тадбиркорлик билан шуғулланиш ниятида. Бу йўлда ҳар ишга тайёр. Вазифаси тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам бериш эканлигини айтган Ҳайитбой, кўплаб тадбиркорларга ёрдам берганлигини, ҳозирда улар ўз бизнесига эга эканлигини мақтаб сўзлади. Аёлга савдо дўкони биноси топиб беришни, тадбиркорликка доир барча “майда-чуйда” ишларни зиммасига олишни айтиб, “хизматини” 500 АҚШ долларига чақди. Аёл рози бўлди ва дўкон эгасига тезроқ айланиш иштиёқида пулни эртасигаёқ келтириб берди. Бу ишни тезда битириб бўлмаслигини шаъма қилгани учун Дилноза бир оз кутиб турсин. Ҳайитбойнинг кейинги қилмишлари билан танишамиз. Меҳнатсиз келган пуллар Ҳайитбойга “илҳом” бериб, шу ойнинг ўзидаёқ яна бир тадбиркорликка жазм этган А.Гулнозани лақиллатиб, гўёки маҳалла ҳудудида янги қурилажак кутубхона мажмуи ёнидан дўкон очиб беришни ваъда қилиб, ундан 1000 АҚШ долларини олади. Дилноза дўкон масаласида қўнғироқ қилганда, “ҳожатбарор” ишлар рисоладагидек кетаётгани, ҳадемай дўкон ҳужжатларини топширишини, бироқ яна бир “зўр” таклифи борлиги, уни ўзига яқин олгани учун, ишонгани учунгина айтишини таъкидлаб, учрашувга чақиради. Қаҳвахонада тамадди қилиш чоғида у биргаликда автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланишни, даромадни тенг тақсимлаш таклифини беради ва аёлни кредит расмийлаштиришга ундайди. Дилноза хаёлида оқиб келаётган пулларни кўз олдига келтираркан, ақлини йўқотиб, банкдан 36.000.000 сўм қарз кўтаради. Бу аёллар Ҳайитбойнинг тузоғига тушганини англамай, кутиб туришсин, гапни қаҳрамонимизнинг кейинги жабрдийдасига қаратамиз. У маҳалла фуқароси т.Рустамбекни бўлиб-бўлиб тўлашга қизиқтириб, уй топиб беришга ваъда беради. Ва ўзи кредитга олган уйини кўрсатади. Бошланғич тўлов сифатида Рустамбекдан 31.000 АҚШ доллари, худди шу уйни кўрсатиб фуқаро Ю.Мансурбекдан апрель ойидан август ойига қадар 48.000 АҚШ доллари олади. Мансурбек гўёки харид қилган уйида таъмирлаш ишларини бошлаш ниятида “уйига” келиб, у ерда умуман бошқа одам “бу уйни мен сотиб олганман”деб, ўзаро жанжаллашмагунича лақиллаб қолганини билмаганида, ички ишлар органларига мурожаат қилмаган бўларди.
Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди очиқ суд мажлисида 1989 йилда туғилган А.Ҳайитбойнинг қилмишини қонунан кўриб чиқди. Унинг қилмишига пушаймонлиги, икки вояга етмаган фарзанди борлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчиларнинг моддий ва маънавий даъволари йўқлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан бир йилга маҳрум қилган ҳолда Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида, яъни 54.000.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Ихтиёр Махамматовнинг иш юритувидан олинди.