“Энг намунали ёш ходим” кўрик-танлови ғолиблари аниқландилар

30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан пойтахт ички ишлар органлари тизимларида хизмат қилаётган ёш ходимлар ўртасида 3 та босқичдан иборат “Энг намунали ёш ходим” кўрик танлови ўтказилди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлактимизда ислоҳатларнинг янги даврида ёшларнинг ҳаётида ўз ўрнини топиш учун кенг шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Ёшларнинг иқтидори ва истеъдодини қўллаб-қувватлаш бош мақсад қилиниб олинди.

Ёш авлоднинг баркамоллиги, мустақил фикрли, жисмонан ва маънан соғлом бўлиши учун бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу сабабли ушбу кўрик танловда ёш ходимлар ўртасида “Ҳуқуқий саводхонлик”, “Жисмоний ва жанговар тайёргарлик” ҳамда “Маънавият ва адабиёт саводхонлиги” каби босқичлардан иборат Бош бошқарма ва унинг тизимларидан           32 нафар йигит-қизлардан иборат 16 та жамоа ўзаро куч синашдилар.

“Ҳуқуқий саводхонлик” босқичида иштирокчиларнинг ўз хизмат фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатлари, Вазирликнинг меъёрий буйруқлари мазмун-моҳияти, шунингдек, сиёсий-ҳуқуқий тайёргарлиги бўйича билимлари синовдан ўтказилди.

Кўрик танловининг 2-босқичи “Жисмоний ва жанговар тайёргарлик” йўналишида ҳар бир жамоа аъзолари табель қуролидан (лазерли ПМ) ўқ отиш,           100 метрга ва 1000 метрга югуриш, эркаклар турникда тортилиш, аёллар эса арғимчоқда сакраш бўйича ўзаро беллашдилар.

Қизғин баҳслар билан кечган беллашувларда энг яхши кўрсаткичларга эришган 5 та жамоа Тергов ва Жиноят қидирув бошқармалари, Сирғали, Чилонзор ва Миробод туманлари  жамоалари якуний босқичга етиб келдилар.

Жорий йилнинг 29 июнь кунида кўрик танловининг “Маънавият ва адабиёт саводхонлиги” йўналиши бўйича якуний 3-босқичи байрамона тарзида ўтказилди.

Тадбир бошланишидан олдин барча меҳмонлар ва ходимлар учун ҳунармандчилик ва китоб кўргазмаси намойиш этилди.

Якуний босқичдаги жамоаларнинг чиқишларини Ўзбекистон ва Қорақалпоқистон халқ артисти, Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик кенгаши раиси, устоз санаъткоримиз, Хакамлар хайъати раиси Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон ҳалқ шоири Иқбол Мирзо, ИИВ Бирлашган таҳририяти бош муҳаррири полковник Бернора Содиқова, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси Абдулазиз Назиров, Ўзбекистон Давлат драма театри директори Бахром Усмонов ҳамда ИИВ Ёшлар иттифоқи Етакчилар кенгаши раиси Улуғбек Омоновлардан иборат ҳамкамлар ҳайъати баҳолаб бордилар.

Танлов якунига кўра ўзаро дуранг натижа кўрсатган Жиноят қидирув бошқармаси, Сирғали ва Миробод туманлари 3-даражали, Чилонзор туман жамоаси 2-даражали ва Тергов бошқармаси жамоаси 1-даражали диплом, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Шунингдек, кўрик-танловда фаол иштирок этган бошқа ходимлар ҳам  “Энг фаол ёш ходим”, “Энг яхши спортчи ходим”, “Энг яхши мерган ходим”, “Энг яхши бадиий чиқиш” ва “Энг фаол жамоа” каби номинациялар бўйича тақдирландилар.