ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг навбатдаги сайёр қабули Яккасарой туманида бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ҳамда Бош бошқарма раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули пойтахт аҳолисининг вужудга келган саволларига қонуний жавоб топиш, муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал қилишга бағишланди. Сайёр қабул давомида 49 дан зиёд юридик ҳамда жисмоний шахслардан мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатчиларнинг муаммоларини тинглаш, кўтарилган масалаларни чуқур сабабларини ўрганиш давомида уларнинг 16 таси қабулхонанинг ўзида ижобий ҳал этилди. 7 тасига малакали ҳуқуқий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Ўрганиб қонуний хулоса чиқариш учун қўшимча муддат талаб этиладиган 19 та мурожаатларнинг ижроси бўйича соҳавий хизмат раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, назоратга олинди. Мурожаатлар мазмун-моҳиятига кўра: суриштирув ва тергов ҳаракатлари, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, пластик карта пулларини ноқонуний ўзлаштириш, хизмат фаолиятини бошқа ички ишлар органларига кўчириш, йўл белгиларини ўрнатиш, шахс ҳаёти ва саломатлигига қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлар, афв этиш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга оид, оила-турмуш доирасида келишмовчиликлар кабиларни ташкил этди. Шунингдек, сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, 4 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигини олиш илтимослари қаноатлантирилганлиги сабабли, уларга тантанали равишда ID карталар топширилди. Барча мурожаатлар раҳбарият томонидан эътибор билан тингланиб, уларда келтирилган масалаларга ечим топиш бўйича тегишли қарор ва кўрсатмаларнинг берилиши, аҳолининг адолатга, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган ишончини янада орттиришга хизмат қилмоқда.

13 Март 2026 йил

169

Терговчи бўлиш осонмас, аммо ...

Ички ишлар органларида ҳар бир соҳавий хизматнинг ўз ўрни ва вазифаси бор. Соҳаларнинг бир бири билан чамбарчас уйғунликда фаолият юритиши иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бироқ тергов соҳаси инсон тақдири, бугуни ҳамда келгуси ҳаётини ҳал қилишда ўзгача аҳамият касб этиши билан ажралиб туради. Ҳолбуки, терговчининг содир этилган жиноятнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаб қонуний таснифлаш, ҳақиқатни очишда чуқур билим, тажрибага таяниш, далилларни очиқлаш, синчковлик ва пухталик билан иш юритиши инсонни адолатга бўлган ишончини оширибгина қолмай, жамиятда қонунга бўлган ҳурматни шакллантиради. Буни узоқ йиллардан буён пойтахтимизнинг Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи лавозимида фаолият юритиб келаётган подполковник Лариса Парахина ўзига шиор қилиб олган. Лавҳамиз қаҳрамони раҳбарият томонидан топширилган ҳар бир жиноий ишни қонуний ниҳоясига етказишга киришаркан, ҳолат ортида инсон ҳаёти турганини, унинг ортида эса оиласи, яқинлари, жамият турганини чуқур ҳис қилади. Илк устози – Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бўлинма бошлиғи, подполковник Леонора Исакова ўргатганидек, ҳар бир тергов жараёнига нафақат терговчи балки психолог сифатида пухта тайёргарлик кўради. Бу унинг ўз касбига чуқур меҳр қўйгани, зиммасидаги масъулиятни теран ҳис қилишидан далолатдир. Подполковник Л.Парахина томонидан юритилган ҳар бир жиноий иш малакали таснифлангани боис қайта терговга қайтарилмаган. Унинг масъулиятлилиги, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариши Республика Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, пойтахт ИИББ, туман ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан ташаккурнома, миннатдорлик, Фахрий ёрлик, пул мукофотлари билан эътироф этиб келинмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони ўзининг илк мустақил тергов ишини шундай хотирлайди. – Безорилик ҳолати бўйича бир неча ўзим тенгги йигитларни ҳодиса бўйича сўроқ қилишим керак бўлганди. Улар мени терговчи сифатида кўрмай, турли қочириқлар қилишар, ўзларини кўчада юргандек, гапларимни жиддий қабул қилишмасди. Тўғриси, катталардан ёрдам сўрашга ийманганман. Очиғи, бу иш менга жуда қийин кечган, руҳий қийинчиликлар туғдирганди ўшанда. Лекин катта дарс бўлган. Терговчи бўлиш осонмаслиги, ҳали ўз устимда кўп ишлашим, доимо ишлашим кераклигини англаганман. Ички ишлар органларида илк фаолиятини 2001 йилда сафдорликдан бошлаган Лариса Парахина бугун подполковник. Хизматдошлари орасида ҳурмат-эътиборга эга, тажрибали ходим. Куни кеча 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан подполковник Л.Парахина Республика Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирлангани унинг хизматларига берилган муносиб баҳо бўлиб, уни янада янги марралар сари ундаши шубҳасиз.

13 Март 2026 йил

164

Мақсад: ёшлар истиқболини яратиш

Ёшлик даври – ғўрлик даври деб бежизга айтилмайди. Бу даврда ҳис-туйғулар оқимини жиловлай олмай, оқни қорадан ажратишга қодир бўлмаган, нопок кимсаларнинг ғараз тўрларига илиниб қинғир ишга қўл уриб, афсус-надомат чекаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Аммо хатосини англаб, тўғри йўлни танлаган ёшлар учун барча имконият ва имтиёзлар эшиклари ҳамиша очиқ. Жорий йилнинг 24 февралида Президентимизнинг ёшлар билан ўтказган учрашувида ҳар ҳафтанинг пайшанбасини “Ёшлар куни” деб белгилангани ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммо ва мурожаатларини ўрганиш борасидаги ишларни янада жадаллашувига туртки бўлди. Ушбу ёшлар куни муносабати билан пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Сархумдон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси А.Мирзаханов, С.Ҳасановлар иштирокида сайёр суд мажлиси ҳамда ёшлар билан профилактик учрашув бўлиб ўтди. Унда туман ИИО ФМБ Пробация бўлими бошлиғи С.Эшанкулов ҳам қатнашиб, содир этган жиноятлари учун чин пушаймон бўлиб, тузалиш йўлини танлаган ўндан ортиқ ёшлар бўйича тайёрланган ҳужжатларни тақдим этди. Ўтказилган савол-жавоблар, маҳкумларнинг хулқи бўйича тақдим этилган маълумотлар чуқур ўрганиб чиқилиб, Республика Жиноят кодексининг 73-моддасига биноан уларнинг 11 нафари жазони ўташ муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шунинг билан бирга ёшларга ўз бахтли келажагини яратиш, фойдали меҳнат билан шуғулланиш, жамият ҳаётида ўз ўрнини топиш бўйича яратилган имконият ва имтиёзлар, амалдаги ижтимоий-маиший, тиббий дастурлар ҳақида маълумотлар берилди. Ёшларни қайта жиноят содир этмаслик, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар пойтахтимизнинг барча туманларида тизимли равишда амалга оширилмоқда.

13 Март 2026 йил

330

Интерактив хизматлар

Text to speech