Бирники мингга...
Юртимизда Янги йил шукуҳи давом этмоқда. Пойтахт ИИББ шахсий таркиби шаҳримиз фуқароларининг байрамни тинч-осойишта ўтказиши, байрам тантаналаридан кўнгилдагидек баҳра олишларини таъминлаш учун туну кун хизматда. Бош бошқарма ЖТСБ бўлинмалари ППХ бригадаси учинчи отрядининг бир гуруҳ ходимлари Ўрта Осиё медицина-педиатрия институти ҳудуди яқинида жойлашган савдо мажмуасида жамоат тартибини сақлаш хизматига жалб этилган. Улар орасида гуруҳ командири, катта сержант Шавкатжон Назаров ҳам хизмат олиб борилишини назорат қилмоқда. Ходимлар диққат-эътибор билан фуқароларнинг ҳаракатланишини кузатар экан, ён-атрофда шубҳали, қаровсиз қолдирилган буюмлар, шубҳали шахсларни аниқлаб, уларни зудлик билан бартараф этиш мақсадида ўта ҳушёр ва сергак. Шавкатжон ҳамкасбларининг одамлар гавжум бўлган нуқталарда хизмат вазифаларини сидқидилдан бажараётганини кўздан кечираркан, ким томондандир тушириб қолдирилган ҳамёнга кўзи тушди. Уни ердан кўтариб, ичидаги нарсаларни: бир неча АҚШ доллари, ўзбек сўми купюралари, нафақа гувоҳномаси ва телефон рақамлари ёзилган қоғоз бўлагини телефони орқали суратга олди. Ходимларга рация орқали ҳамён йўқолгани ҳақида мурожаат бўлса, унга йўллашини хабар қилди. Бироқ тун тушгунча ҳам ҳеч ким мурожаат қилмади. Шавкатжон ҳамённинг ичидаги нафақа гувоҳномасида қайд этилган телефон рақамларини терди. Бироқ қўнғироқлари жавобсиз қолди. Кекса аёл балким эшитмагандир, деган ўйда тун чўкканига қарамай, кўрсатилган манзил томон йўл олди. Гувоҳномада кўрсатилган манзилда бу аёлнинг яшамаслиги маълум бўлгач, у яна қўнғироқ қилганди, аёл гўшакни кўтарди. Суҳбатдан маълум бўлдики, ҳамённинг ҳақиқий эгаси шу аёл. Кекса аёлнинг: “сени овора қилмай, эртага ўзим бориб оламан”, деганига қарамай, Шавкатжон аёл айтган манзилга бориб, топилмани эгасига топширди. Хурсанд бўлган аёл унга “суюнчи” таклиф қилганида, Шавкатжон олмай, уни яхши кунларига ишлатишини тайинлади. Катта сержант Шавкатжон Назаров 2011 йилда Республикамиз Қуролли Кучлар сафларида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, Тошкент шаҳар ИИББ Шайхонтоҳур тумани ИИБда сафдор, милиционер-ҳайдовчиликдан иш бошлаган. Устози катта сержант Фарҳод Бозорбоевдан касбининг жуда кўп қирраларини ўрганди. Устози тумандаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир кўча, унда жойлашган иншоотлар, ишхонаю идораларни тунда чироқсиз адашмай топиб бориш кераклигини уқтирарди. Устозининг маслаҳатига амал қилган Шавкатжон Ўзбекистон ИИВ Академияси сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ўқишга кирди. Айни пайтда Шавкатжон Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ бўлинмалари саф бўлинмалари Патруль-пост хизмати бригадаси 3-отряд гуруҳи командири лавозимида ишлаб келмоқда. Отряд командири, подполковник Нодир Зокировни ўзининг нафақат касб, балки ҳаёт йўлининг устози деб билади. Фидойи ва сидқидилдан меҳнатлари туфайли раҳбарият томонидан бир неча бор рағбатлантирилган. Отаси Муроджон ака ва онаси Гулбаҳор опанинг фарзандларига ҳалоллик ва поклик, тўғрилик ва яхшилик, меҳнатсеварлик каби туйғуларни сингдириб вояга етказгани каби Шавкатжон ҳам турмуш ўртоғи Шаҳнозахон билан икки вояга етмаган фарзандларини ўзлари каби ҳалол, меҳнатсевар, камтар, баркамол инсонлар бўлиб етишиши йўлида тарбиялаб келишмоқда. Ҳа, айтгандек, ҳамённинг эгаси Татьяна Васильевна кеча Шавкатжонни қидириб ҳамёнини йўқотган савдо мажмуасига бориб у ерда хизмат ўтаётган ходимлардан Шавкатжонни сўрабди. Уларни Янги йил билан яна бир бор самимий табриклади. Бундан ҳамкасбларнинг кайфиятлари чоғ бўлгани, шубҳасиз. Биргина ҳалол қадамнинг акс садоси кўпчиликка қувонч улашиши нақадар қувончли, шунга айтсалар керак-да: “Бирники мингга, мингники туманга”, деб.