Юнусобод туманида рўй берган ЙТҲ ҳақида маълумот

Юнусобод туманида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида интернет тармоғида тарқаётган хабарлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз. 

28 сентябрь куни тахминан соат 22.30 да Боғишамол кўчасида (“Metro” кафесининг рўпарасида) Тошкент вилоятлик 29 ёшли Дмитрий Б. “Spark” русумли автомобилни (давлат рақами 01 969 AGA) бошқариш давомида ҳозирги тахминларга кўра қарама-қарши ҳаракат йўлига чиқиб, 22 ёшли Темур А. бошқарувидаги “Hyundai Tucson” (давлат рақами 10 009 ХАА) автомобилига тўқнашган.    

Тўқнашув натижасида “Spark” автомобили ҳайдовчиси, унинг йўловчилари бўлмиш 30 ёшли Сергей Б., 30 ёшли Илёс Б. ва 35 ёшли Марат Б, “Hyundai Tucson” ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси 26 ёшли Юнус Т.лар бадан шикастлари билан шифохонага етказилдилар. Шифохонага бориш давомида Сергей Б. ҳаётдан кўз юмди. Марҳумнинг яқинларига таъзия изҳор этамиз.

Йўл-транспорт ҳодисасининг тергов олди текширув давом этмоқда.