ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Президентимиз Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг янги биносини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Янги Тошкент ҳудудидаги бунёдкорлик ишлари билан танишмоқда. Давлатимиз раҳбари дастлаб ер ости автотураргоҳи ва пиёдалар ўтиш йўлагини барпо этиш ишларини кўздан кечирди. Қурилиш майдони 40 минг квадрат метрдан иборат бўлган, қиймати 100 миллион долларлик мазкур автотураргоҳда биринчи босқичда 200 та енгил автомобиль ҳамда 30 та мотоцикл ва скутерларни жойлаштириш имконияти бўлади. Тўрт томонлама қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш учун пиёдалар йўлаги қурилади. Бу ерда автоматлаштирилган парковка тизимлари, велосипедлар ижараси нуқталари ташкил қилиниб, электромобилларни зарядлаш учун станциялар ҳам барпо этилади. Мазкур автотураргоҳни 2026 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Президентимиз бу каби замонавий автотураргоҳларни кўпайтириш, улар аҳоли учун максимал даражада қулай бўлишини таъминлаш, келгусида электромобиллар улуши ортишини ҳисобга олиб, уларни қувватлаш инфратузилмасини янада ривожлантириш юзасидан кўрсатмалар берди.   Янги Тошкентда вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун маъмурий бинолар қурилмоқда. Жумладан, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг модуль турдаги янги биноси барпо этилган. 1,4 гектар ер майдонда умумий майдони 5751 квадрат метрни ташкил этувчи 5 та бир қаватли енгил металл конструкцияли, базальт қопламали сендвич панеллардан иборат бинолар қурилди. Мазкур бинo вазирликнинг марказий аппарати ҳамда тизимдаги ташкилотларни бир маконда жойлаштириш имконини бериб, муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик ва иш жараёнларининг самарадорлигини оширади. Енгил конструкциялар ва энергия самарадор сендвич панеллар, мустақил оқова тизими, самарали марказлашган иситиш, совитиш ва шамоллатиш тизими ушбу бинoнинг эксплуатация харажатларини камайтириш, келгусида уни кенгайтириш ёки демонтаж қилиш имконини беради ҳамда тез мослашувчанлигини таъминлайди. Бугунги кунда янги бинода вазирлик марказий аппарати ва тизимдаги ташкилотларда фаолият юритувчи жами 550 нафар ходим ишламоқда. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш республика маркази ҳам шу бинода жойлашган. Ҳозирда марказ томонидан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими негизида бир қатор платформалар ишга туширилган. Давлатимиз раҳбарига платформалар фаолияти ҳақида маълумот берилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” географик ахборот тизимида шаҳар ва туманлар ҳудудларига оид барча ижтимоий-иқтисодий маълумотлар ягона рақамли базага жамланди. Геопортал орқали аҳоли пунктларининг 3D форматдаги “рақамли эгизаклари” яратилди, реконструкция ва реновация зоналари белгилаб олинди ҳамда ҳудудларни комплекс таҳлил қилиш имконияти яратилди. Бош режаларни ишлаб чиқиш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, шунингдек, улар асосида қурилишга рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди. Бугунги кунга қадар 20 та шаҳар, 22 та шаҳарча, 843 та туман аҳоли пунктларининг рақамли бош режалари ишлаб чиқилиб геопорталга жойлаштирилди. “Рейтинг” электрон платформасида қурилиш-пудрат ташкилотлари фаолиятини баҳолаш автоматлаштирилди. “Тендер” электрон платформаси вазирлик ва идораларнинг электрон тизимлари билан интеграция қилинди. “Қурилиш соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш” электрон платформасининг янги версияси ишлаб чиқилиб, қурилиш соҳасидаги барча 9 та хизмат қамраб олинди. “Лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш”,  “Қурилишда давлат назорати”, “Менинг уйим”, “Менинг ҳудудим”, “Иссиқлик таъминоти биллинг тизими” каби қатор платформалар ҳам фаолият юритмоқда. Тизимни янада такомиллаштириш, шаффофлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Давлатимиз раҳбари шу ерда ёш мутахассислар билан суҳбатлашди. – Кечаги билим билан бугун катта натижаларга эришиш қийин. Бунинг учун ҳар куни изланиш, аниқ фанлар, хусусан, ахборот технологияларини яхши ўрганиш керак, бу қурилиш соҳасида ҳам жуда муҳим, – деди Президентимиз.

30 Декабр 2025 йил

1

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули

Юртбошимизнинг ташаббуслари билан аҳолининг мурожаатларининг жойида ўрганиш ва ижобий ҳал этиш мақсадида мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Бу жараён нафақат фуқароларнинг давлат органларига ишончини кучайтиради балки, тизим ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Бугунги кунда давлат органлари фаолиятида аҳоли мурожаатларига ҳуқуқий, инсонпарварлик муносабатларининг намоён этилиши адолатли жамият қуришда асосий мезон сифатида қаралаётгани ҳам шундан. Шу муносабат билан жорий йилнинг 28 декабрь куни Республика ИИВ қошидаги «Жар» спорт-соғломлаштириш мажмуасида Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул раҳбарлари иштирокида фуқаролар билан шахсий қабуллари ташкиллаштирилди. Қабуллар жараёнида пойтахт ИИББ бошлиғининг ҳам сайёр қабули бўлиб ўтди. Унда ИИББ фаолиятига доир йўналишлар бўйича фуқаролардан элликдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг аксарияти терговга қадар текширув, тергов ҳаракатлари, маъмурий ҳужжатлар, хизматга қабул қилиш ва қайта тиклаш билан боғлиқ, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, паспорт тизимига оид, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш – светофор ва йўл белгиларини ўрнатиш, белгиланган маъмурий жарима бўйича норозилик, ички ишлар ходими хатти-ҳаракатига эътироз кабиларни ташкил этди. Мурожаатларнинг 28 таси ижобий ҳал этилди. Ўндан ортиғига ҳуқуқий тавсия, маслаҳатлар ҳамда уларни ҳал этиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатилди. Мурожаатларнинг 19 тасида келтирилган важларни қонун доирасида ўрганиш қўшимча муддат талаб қилганлиги боис ижро муддатлари ўрнатилиб, назоратга олинди ҳамда масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Ҳар бир мурожаатчи томонидан келтирилган маълумотларни ўрганиш чоғида уларнинг келиб чиқиш туб сабабларини аниқлашга эътибор қаратилиб, такрорий мурожаатлар тушишининг олдини олиш чоралари кўрилди. Шунингдек, қабулга ташриф буюрган уч нафар фуқаро муқаддам мурожаатлари ижобий ҳал этилганлиги бўйича ўз миннатдорлигини билдириш қаторида пойтахт ижтимоий ҳаётини яхшилашга боғлиқ таклифларини берди. Якунланиб бораётган 2025 йилда пойтахт аҳолисининг яшаш шарт-шароитларини яхшилаш, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган фуқаролар мурожаатларини тинглаш, ўрганиш, ечимини топишга қаратилган бу каби эзгу, инсонпарварлик, адолатпарварлик тамойилларини изчил амалга ошириш ишлари келгуси йилда ҳам тизимли равишда давом эттирилади.

29 Декабр 2025 йил

198

Учтепа туманида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва тезкор ҳал этиш мақсадида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди

Унда Учтепа тумани ҳокими Бунёд Мамаджанов, туман прокурори Саидкарим Мухтаров, туман ИИБ бошлиғи Акмал Баҳрамов ҳамда Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ғиёс Досмуҳамедов иштирок этиб, маҳаллалардаги ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказдилар. Қабул давомида:➖ бандлик, тадбиркорлик ва имтиёзли кредитлар,➖ таълим ва касб-ҳунар йўналтириш,➖ ҳуқуқий маслаҳатлар,➖ ижтимоий ва оилавий муаммоларбўйича мурожаатлар тингланди ва ҳар бири масъуллар томонидан назоратга олинди. Туман раҳбарияти ёшлар билан ишлаш комиссияси орқали барча масалалар манзилли ечим топиши, мурожаатчилар билан индивидуал ишланиши ва ижро муддати қатъий назорат қилинишини таъкидлади. Ёшлар томонидан билдирилган таклифлар келгусида янги ташаббус ва лойиҳаларни шакллантириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади. © Учтепа туман ҳокимлиги

29 Декабр 2025 йил

182

Интерактив хизматлар

Text to speech