Олинган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш қийин иш эмас. Аммо, баъзи журналистларда ҳафсала етмаган кўринади...

QALAMPIR.UZ сайтида «Панелный»даги 15 суткаликлар камералари қай аҳволда?» сарлавҳали мақола эълон қилиниб, унда журналистларнинг ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар маъмурий жазо ўтадиган Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонасига ташрифи ҳақида сўз борган.  

Журналистларга берган интервьюда, муассасадаги аёллардан бири ходимларнинг муносабати яхшилигини айтиб, “салбий томони – хоналар бироз жуда совуқлигида” деган (видеоинтервьюнинг 5-дақиқаси).

Афсуски, журналистлар ушбу маълумотга ҳеч қандай муносабат билдирмадилар. Сайтга жойланган видеода журналистлар махсус қабулхонанинг барча хоналарини кўздан кечирганлари кўриниб турибди, уларда аёлнинг гаплари рост ёки ёлғонлигини текшириш имконияти бор эди.

Журналистлар Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонаси бошлиғи майор А. Ҳошимовдан хоналар иситилиши масаласига ойдинлик киритишини сўраганлари видеонинг якуний вариантига киритилмаган.       

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ИИББ ахборот-хизмати махсус қабулхона бошлиғига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди: хоналардаги ҳарорат қандай, махсус қабулхонадаги бошқа шахслардан ҳарорат ҳақида шикоятлар келиб тушганми.

Совуқдан шикоят қилган 24 ёшли Н.Э. яшаётган хонадаги ҳарорат 25 градусни ташкил этади (сурат тақдим этилди).

Ўтган йилнинг октябрь ойидан – яъни иситиш мавсуми бошланганидан буён маъмурий жазо ўтаётган шахслар турган хоналарда ҳарорат пастлиги ҳақида шикоятлар келиб тушмаганидан, юқоридаги эътироз субъективлигини хулоса қилиш мумкин.

Шу билан бирга, QALAMPIR.UZ сайтидаги мақола нафақат Махсус қабулхона раҳбарияти ва шахсий таркибининг, балки иситиш тизимининг монтажи билан шуғулланган пудратчи корхонанинг меҳнатини ҳам шубҳа остига қўйди.

Интернет-нашр журналистларига бермоқчи бўлган асосий саволимиз шуки, махсус қабулхона ҳудудида бўла туриб, хоналардаги паст ҳарорат ҳақидаги шикоятни эшитгач, нима учун шароитни шахсан текшириб кўрмадингиз?

Афсуски, “шов-шув” ортидан пойгада қатнашаётган баъзи журналистлар, уларнинг асосий вазифалари – ҳаққоний маълумотни етказиш, олинган маълумотларни эълон қилишдан олдин қайта текширишдан иборатлигини унутишмоқда.