Ёлланма ишчи бўлиб ишлаб келаётган Баҳромжон нима бўлди-ю, осон пул топиш йўлларини излай бошлади. Таниши 1994 йилда туғилган Адҳамни кўргач, бу фикри янада қатъийлашди. Ҳолбуки, Адҳам Баҳромжонга юрагини очиб, озгина пули борлиги, уни бирон даромад келтирадиган ишга сарфлаб, кўпайтириш ниятида эканлигини айтганди. Баҳромжон омади чопганидан қувончига сиғмай танишини алдашга тушди. Аввалдан ўйлаб, пишитиб қўйган режасини амалга оширишга киришди. Ўзбекистон бўйлаб Россия ва қўшни давлатларга чўян қозонлар етказиб бериш билан шуғулланаётганлиги, улушини қўшса, фойданинг тенг ярми уники бўлишига Адҳамни ишонтирди. Унинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида, Сергели туманида жойлашган қозонлар ишлаб чиқариш цехига ҳам олиб бориб, гўё ўзига тегишли цехдек кўрсатди. Катта фойда умидида бўлган Адҳам 2023 йилнинг июнь-июль ойларида бўлиб-бўлиб, жами 18.000 АҚШ долларини “чўян қозон” операциясига тикди. Турли баҳонаи сабаблар билан бу пулларни олгунча Адҳамдан айланиб-ўргилиб, лаганбардорлик ва хушомадни жойига қўйиб юрган Баҳромжон бошқа пул ололмаслигини билгач, сувга тушган тошдек кўринмай қолди. Адҳам эса катта улуш илинжида кута-кута тоқати тоқ бўлиб, бизнес ҳамкорини қидиришга тушди. Эринмай Сергели туманида жойлашган ўзиники дея кўрсатган қозон цехига бориб суриштирди. Ишчилар бундай одамни танимасликларини, раҳбари фалон-фалончи эканлигини айтишганида Адҳам мувозанатини йўқотаёзди.Таниши Баҳромжон унга фириб берганини, ҳеч қандай савдо-сотиқ билан шуғулланмаслигини аниқлагач, Чилонзор тумани ИИО ФМБга мурожаат қилди.
– Бирон бир ҳужжатларсиз, гувоҳларсиз фирибгарнинг қўлига катта миқдорда пул берган Адҳамнинг даъволарини исботлаш жуда қийин кечди, –дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Оғабек Қиличев. – Гарчи гумонланувчи муқаддам жиноий ҳаракатлар қилмаган, бўлса-да, ҳар бир ҳаракатини пухталик билан гувоҳларсиз, ҳужжатларсиз амалга оширган. Тергов жараёнида ҳам ўзини ўта қўрс ва сурбетларча тутди ва дастлаб жиноятини умуман тан олмади.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1975 йилда туғилган, икки нафар фарзанди бор, А.Баҳромжоннинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Айбига тўлиқ иқрорлиги, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, оилавий шароитларини ҳисобга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.