6 Феврал 2023 йил 2978

Chаnger (Ченжер) – жиноят изини яширувчилар

Сўнгги вақтларда фуқароларнинг уяли телефон аппарати йўқолганлиги ҳақидаги хабарлари кўпаймоқда. Воқеа тафсилотларини аниқлаш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари терговга қадар текширув ўтказади, жиноят аломатлари бўлганда, жиноят иши қўзғатилади.

Ўзбекистонда мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимининг жорий этилгани ушбу турдаги жиноятларни очишга ёндашувни тубдан ўзгартирган эди.

Ҳозирда, жиноятчини топиш ва уяли телефон аппаратини эгасига қайтариш учун мобил қурилма эгаси томонидан тақдим этилган IMEI-кодидан фойдаланилмоқда.

Бироқ, технология ривожланиши билан бир қаторда жиноят изларини яшириш усуллари ҳам шунга монанд ривожланиб бормоқда. Яъни жиноятчилар эндиликда клонланган IMEI-кодларини яратишмоқда. Бундай клонланган IMEI-кодларини эса автоматик аниқлаш ва блокировка қилишнинг техник тартиби жорий этилмаган.

Клонлаш қуйидагича амалга оширилади: махсус дастурий таъминот воситасидан фойдаланган ҳолда IMEI-коди битта мобил қурилмадан бир ёки бир нечта мобил қурилмаларга узатилади ва натижада тармоқда бир хил IMEI-коди бўлган бир нечта мобил қурилмалар пайдо бўлади.

Бу ишларни амалга ошираётганлар кимлар?

Уларни халқ орасида “Chаnger” (Ченжер) деб аташади. Айнан улар IMEI-кодларни клонлаштириш билан шуғулланади.

Бу ўз навбатида ўғирланган уяли телефонларни излаб топишни қийинлаштириб, ноқонуний олиб кирилган мобил қурилмаларни республика ҳудудида рўйхатдан ўтказиш имконини беради.

Айни пайтда мобил қурилманинг халқаро идентификация кодини ноқонуний равишда ўзгартирганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик мавжуд эмас. Бу эса жиноят изларини яширувчи шахслар жазосиз қолишига сабаб бўлмоқда. 

Бу каби казусли ҳолатни бартараф этиш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли нормаларига ўзгартириш киритиш тўғрисида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Сизлардан мобил қурилмаларни расмий дўконлардан харид қилишингизни сўраймиз. Шу йўл билан ўзингизни жиноятчилар қармоғидан сақлаб қолишингиз мумкин!

Барча янгиликлар

Text to speech