Безориликда ва “Трамадол” сотувида гумонланувчи шахс ҳибсга олинди

Тергов маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи 26 ёшли Шахзод А., содир этган безорилиги учун суд ўтказилишини кутиб юрган вақтда ўзига керакли хулоса чиқармай, жорий йилнинг 1 январь куни жамоат жойида бирор бир сабабсиз ўзига таниш бўлмаган икки нафар қизни урган. Тергов давомида “Трамадол” наркотик воситасини сақлаган ва сотганлиги учун унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273 моддаси 5 қисми (“Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) бўйича айблов юкланди. 3 январь куни айбланувчи Юнусобод тумани ИИО ФМБдан қочмоқчи бўлиб оёғини синдирганлиги боис унга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш муассасасида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирда унинг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда. Юнусобод тумани жиноий ишлар бўйича суди томонидан ҳуқуқий таъсир сифатида айбланувчини “қамоққа олиш” чораси қўлланилди. Ушбу иш бўйчиа суд-наркологик экспертиза тайинланди.

Маълумот учун:  2018 йил 27 октябрь куни “Трамадол” наркотик воситалар рўйхатига киритилди.  2018 йилнинг 27 октябридан 2019 йилнинг 8 январь кунига қадар Тошкент шаҳрида “Трамадол” сақлаш ва сотуви учун 133 нафар шахс қўлга олиниб, ноқонуний савдодан ушбу воситанинг 66400 та таблеткаси мусодара қилинди.