ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

“БЕЛАРИҚ”да ИККИ БЎЙДОҚНИНГ “ИШИ” КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмида гиёҳвандлик воситаларини (жумладан, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни) ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатишга доир қилмиш назарда тутилган. Жазо ҳам шунга яраша, яъниким, судья иш ҳолатларидан келиб чиқиб: “базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш”дан бирини танлайди. Пойтахтнинг Яккасарой тумани “БЕЛАРИҚ” маҳалла фуқаролари йиғинида ўтган сайёр судда жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди судьяси Азимжон Ҳакимов худди шундай қилмиш содир этган этган А.С.нинг “иши”ни кўриб чиқиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида, яъни 8.240.000 сўм жарима жазоси тайинлади. Шу судья раислигида шу маҳаллада ўтган сайёр судда муҳокама қилинган яна бир иш Ф. Р.га нисбатан юритилган фирибгарликка (Жиноят кодекси, 168-модда, 3-қисми “Б” банди) оид жиноят иши эди. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоларидан бири нақд. Судланувчига 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Сайёр суд муҳокамасида кўрилган ишлар қандай жиноятлар экани маълум, шу боис тафсилотига ҳожат йўқ. Фақат тайинланган жазога мухтасар изоҳ керакки, икки судланувчи ҳам ёш, ҳали оила қурмаган, қилмишига тавба қилиб турибди… Бировнинг “молини туя қилгани” эса етказилган зарарларни қоплаб улгурган. Шу ва шу каби омиллардан келиб чиқиб, суд уларни панжара ортига юбормади, шунингдек, ортиқча мурувват ҳам кўрсатилгани йўқ. Жазодан норози бўлса, бемалол шикоят қилиши мумкин. Гап бунда эмас ҳозир. Жиноятнинг ҳуқуқий оқибати – масаланинг бир томони, холос. Жазонинг маънавий-ахлоқий ва тарбиявий жиҳатлари ҳам бор ва бунда жамоатчиликнинг иштироки ва ўрни алоҳида. Шу боис айрим турдаги, хусусан, юқоридаги ишлар жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилмоқда. Шундай экан, сайёр суд муҳокамаларини қилмиш содир этган шахсни  “сазойи” қилиш эмас, бошқалар учун сабоқ, шунингдек жиноят профилактикасининг ажралмас қисми, деб тушуниш (ва тўғри тушунтириш ҳам) керак. Зотан, тарбияга жамоатчиликнинг таъсири қонун қамчисига қараганда бироз енгил, аммо самаралироқ эканини тажрибалар кўрсатиб турибди… © Тошкент шаҳар судлари | Расмий канал

6 Феврал 2026 йил

534

Мутахассисликка талабаликдан қадам

Ёш кадрларнинг хизмат фаолиятини тез ўзлаштириши, кўникмаларни шакллантириш, мустақил тўғри қарор қабул қилиши ўқув жараёнларида амалиётни қандай ва кимнинг мураббийлиги остида ўтаганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Сўнгги пайтларда дуал таълимга яъни, назарий билимларни амалиёт билан биргаликда мустаҳкамлаб боришга муҳим эътибор қаратилмоқда. Бу Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарорларда ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, Юртбошимиз томонидан “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунга яққол далилдир. Мазкур қарор асосида Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ички ишлар органларига етук мутахассислар етиштирувчи ўқув даргоҳи – республика ИИВ Академияси бакалавриати “Тергов фаолияти” таълим йўналишининг 2 ва 3-курсларида таълим олаётган талабаларнинг ҳудудий ички ишлар органларининг тергов бўлинмаларида дуал таълим асосида амалиёт ўташлари йўлга қўйилган. Мана шундай назариётнинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлашга қаратилган навбатдаги жараён жорий йилнинг 2 февралидан бошланди. Бўлғуси терговчиларга малакали, катта амалий тажрибага эга ходимлар мураббий сифатида бириктирилди. Мураббийлар курсантларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзлаштириш, назарий билимларини амалиётга тадбиқ этишини назорат қилиш қаторида ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси, ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилишларини ҳам баҳолаб борадилар. Бу жараён бўлажак ходимларнинг масъулиятини янада оширишда, билимларини амалда эркин қўллашда, тўғри қонуний қарор қабул қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Яна бир эътироф этадиган жиҳати, билим юртини битирган ҳар бир курсант мустақил ва етук ходим сифатида ички ишлар органлари сафига қўшилади.

5 Феврал 2026 йил

782

“Шон-шараф” музейи янгиланиш арафасида

Ёш авлодни ватанпарварлик, юртга садоқат, халқ манфаатлари ҳимоячилари, аждодларимиз қолдирган улкан мероснинг муносиб давомчилари руҳида тарбиялашда музейларнинг аҳамияти беқиёсдир. Зотан, мамлакатнинг ўз мустақиллигига эришиши, бу жараёнлардаги дастлабки қадамлари, муваффақият ва қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилувчи далиллар, осори-атиқаларни сохталаштириб бўлмайди. Бугунги кунда Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг кўрсатмасига асосан Бош бошқарма қошида фаолият юритаётган “Шон-шараф” музейи янгиланишга юз тутмоқда. Мазкур улкан тарбиявий аҳамиятга эга маскан пойтахт ИИББ томонидан пойтахт ҳудудида тинчлик-осойишталикни сақлаш, жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш, ички ишлар органларининг ташкил топган кунидан бугунги кунигача босиб ўтган шонли тарихи ҳақида сўзловчи далилий ашёлар билан янада тўлдирилиб, ахборот-маълумотлар тизими янгиланмоқда. Бу эзгу-хайрли ишларни пойтахт Бош бошқармасида узоқ йиллар ишлаб, айни дамда нафақа гаштини сураётган бир гуруҳ ташаббускор ички ишлар фахрийлари амалга оширишмоқда. Ушбу даргоҳ ёш авлодни ватанпарварлик, элпарварлик руҳида тарбиялаш, шаҳри азимда жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ишларида жонларини фидо қилган мард ва фидойи ходимларнинг ишларини муносиб давомчилари бўлишга, улардан ибрат олишда муҳим аҳамият касб этади.

5 Феврал 2026 йил

291

Интерактив хизматлар

Text to speech