ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

ХИЗМАТГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ТАНЛОВ ЭЪЛОН ҚИЛИНАДИ

Танлов тадбирлари Ўзбекистон Республикаси «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон ҳамда 2021 йил 15 апрелдаги ПҚ-5076-сон қарорлари талаблари асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультетига сержантлик лавозимларига ўтказилади. Номзодларга қўйилган талаблар:- Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;- Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда туриши;- Ёши 18 ёшдан кичик, 30 ёшдан катта бўлмаслиги;- Эркаклар муддатли ёки сафарбарлик чақирув резервидаги ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши (заҳирадаги офицерлар таркиби қабул қилинмайди);- Олий маълумотга эга бўлиши. Малака ошириш институтининг Касбий тайёргарлик факультетида Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг қуйидаги йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади: - Йўл-патруль фаолияти (бўй эркаклар 175см / аёллар 170см);- Паспорт тизимини таъминлаш фаолияти (бўй эркаклар 165 см / аёллар 160 см);- Жамоат тартибини сақлаш фаолияти (бўй эркаклар 170 см / аёллар 165 см) Касбий тайёргарлик факультетига сержантлик лавозимларига кириш истагида бўлган фуқаролар қуйидаги ҳужжатлари билан 2025 йилнинг 16 январь кунига қадар (соат 09:00 дан 17:00 гача) Тошкент шаҳар ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати Ички ишлар органларига номзодларни қабул қилиш марказига (Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Саид Барака кўчаси, 7-уй) қуйидаги ҳужжатлар билан келишлари сўралади:- биометрик паспорт ёки идентификация ИД-картаси доимий яшаш манзили билан;- ҳарбий гувоҳнома (эркаклар учун);- олий маълумотни тасдиқловчи ҳужжат (диплом). Эслатма: белгиланган кунлардан кейин мурожаат этган номзодлар рўйхатга киритилмайди.

14 Декабр 2024 йил

2071

«Уйимда йўқ гўжалик...

...кўнглим тусар хўжалик», деган мақол қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган жиноят ишининг моҳиятини очиб берса, ажабмас. Ўзингизга маълум, темир маҳсулотининг бозори чаққон. Айниқса, қурилишларда жуда керакли, айни муддао хом-ашёда. Муҳиддинхўжа нега аввалроқ темир-терсак олди-сотдиси билан шуғулланмаганлигига ўзи ҳам ҳайрон. Шундоқ пуллик ишни қилмай қанча фурсатни бой берганига ўзини койишдан бошқа чора топмади. Агар бир неча йиллар олдин бу иш билан шуғулланганида борми, ҳозиргача остонаси тилладан бўлган бўларди. Данғиллама уй, қўш-қўш машина... Бефойда кетган шунча вақтни етказиб олиш умидида йирик ишга – каттароқ ҳажмда темир олди-сотдисига қўл уришга аҳд қилди. Йўқ, тегишли интернет сайтларига кириб эълон бермади ёки симёғочларга эълон ёпиштириб чиқмади, уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юриб, темир йиғмади. Тўппа-тўғри темир маҳсулотлари олди-сотдиси билан шуғулланувчи фалон номдаги йирик масъулияти чекланган жамиятнинг омборхонасига борди. Чунки, таниш-билишлари орқали мазкур жамиятда ишловчи Й.Фурқатга чиққанди. Аслида жамият раҳбари Р.Асомжон бўлиб, Фурқат унинг бизнес ҳамкори ва бир пайтнинг ўзида омбор мудири ҳам эди. 2021 йилнинг 27 июлида Муҳиддинхўжа Фурқат билан жамиятнинг ўзида учрашди ва унга ўзини металл олди-сотдиси билан шуғулланишини, янги қурилаётган уйларни зарур металл маҳсулотлари билан таъминлашини айтиб, ишончини қозонди. Ўзига умуман алоқаси бўлмаган янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг суратларини кўрсатди. Фурқат жамият раҳбари билан гаплашиб кўришини айтиб, учрашувни эртага қолдирди. Эртаси Фурқатнинг қўнғироғидан иш ҳал бўлганини билган Муҳиддинхўжа шу заҳотиёқ оёғини қўлига олиб, юк машинаси ёллаганча жамият сари юриб эмас «учиб» кетди. Жамиятга тегишли бўлган нархи 25.267 АҚШ долларига баҳоланган 26.880 килограмм темир маҳсулотларини сотиб, бир ой ичида пулини келтириб беришни ваъда қилиб, юкни ортдию бошқа қорасини кўрсатмади. – Маҳсулотни қўлга киритган Муҳиддинхўжа унга харидор қидириб, анча овора бўлади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Шаҳзод Турдиматов. – Чунки, металл сотиш орқали бойишни ният қилган Муҳиддинхўжа турли баҳоналар – темир нархи кўтарилгани, ишлаб чиқариш қисқаргани, чет элдан қиммат келаётгани, қўйингчи турли важ-карсонларни рўкач қилиб нархини кўтаргандан кўтарарди. Ишонганлар мажбур сотиб олишар, ишонмаганлар қўл силтаб кетишарди. Шу сабаб маҳсулотнинг бир қисминигина сотишга улгуради. Бу орада пулни қайтариш муддати ҳам келди. Аввалида Муҳиддинхўжа қўнғироқларга жавоб бериб, вақтни чўзиб келган бўлса, кейинчалик қўнғироқларга жавоб бермай қўйди. Орадан бир неча ойлар ўтгачгина Фурқат чув тушганини англаб, ички ишлар органларига мурожаат қилади. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1990 йилда туғилган, муқаддам ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган А.Муҳиддинхўжанинг жиноий қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми «а» банди («Фирибгарлик») билан айбли деб топди. Унинг пушаймонлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисми талабидан келиб чиқиб, унга мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

14 Декабр 2024 йил

53

Пиёдалар учун афзалликлар

Мамлакатимизда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг жумладан, пиёдалар, айниқса болалар иштирокидаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланиб келинмоқда. Айтиш жоизки, уларнинг хавфсизлиги, соғлиқ-саломатлиги давлатимиз ва қонунчилигимиз томонидан ҳимояланиб келинади ва ҳамиша эътиборда. Ўрганишлардан маълум бўлмоқдаки, йўл инфратузилмасидаги айрим мавжуд хато ва камчиликлар пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигига салбий таъсирини кўрсатмоқда. Пиёдалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар ҳаракатининг устуворлиги, йўлларда ҳаракатланишнинг тенг хуқуқли иштирокчиси эканлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 30 ноябрида йўл ҳаракати қоидаларига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритди. Чунончи, Йўл ҳаракати қоидалари иловасига мувофиқ «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқларини амалга тадбиқ қилиш белгиланди. «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқлари шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларининг ёритилган, юқори тезлик соатига 30 километргача чеклов ўрнатилган йўл участкаларида, турар-жой даҳаларидаги кўриниш чекланган чорраҳаларда, болалар майдончалари, таълим муассасалари олдидаги йўл қисмлари, оммавий дам олиш жойлари, стадион, вокзал, савдо марказлари ҳамда бошқа одам гавжум жойларда, кўчаларнинг 1.21. «Болалар» йўл белгиси таъсиридаги қисмларига ўрнатилади. Мазкур 5.48. «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси (илова қилинади) 5.16.1 – 5.16.2 йўл белгилари билан бирга қўлланилади. Мазкур йўл белгиси ва йўл ётиқ чизиқлари ҳайдовчиларни огоҳлик ва ҳушёрлигини ошириб, пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун хизмат қилиши, улар иштирокидаги кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш имконини бериши, шубҳасиз. Пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш борасида, ҳудудлардаги ҳолатлар ўрганилиб, тегишли манзилларга мазкур белгилари ўрнатилиши, пиёдаларга қулайлик яратилиб, уларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланиши муқаррар.

14 Декабр 2024 йил

143

Кечиримлилик – олий фазилат

Кечиримлилик инсон олижаноблигининг ёрқин намунасидир. Хато қилмоқ бор, уни тузатмаслик айб. Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 5 декабридаги Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Асосий Қомусимизнинг 109-моддаси 23-бандига асосан, билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига кирган ҳозирги вақтда жазо муддатини ўтаётган 483 нафар шахс афв этилди. Улар орасида Бектемир туманида истиқомат қилувчи икки нафар фуқаролар ҳам бор. Авф этилганларнинг ҳаётга мослашуви, бандлигини таъминлаш, саломатлигини тиклаш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳамда маиший масалаларни амалга ошириш туман ИИО ФМБ Пробация гуруҳининг назоратига олинди. Шу мақсадларда гуруҳ ходимлари маҳкумларнинг яшаш манзиллари бўйича профилактик тадбирлар олиб бориш билан бирга уларнинг яшаш шарт-шароитлари, турмуш тарзларини ўрганиб чиқишди. Шунингдек, улар тумандаги кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатликларини тиклаш бўйича тегишли даволаш муолажалари белгиланди. Уларни иш билан таъминлаш борасида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида мавжуд бўлган вакансифлар тавсия этилиб, танланган ишлар бўйича йўлланмалар берилди. Ҳаётга мослашув жараёнидаги илк муддатларда ижтимоий-маиший ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида, туман ижтимоий кўникма маркази томонидан белгиланган моддий ёрдам ажратилиб ҳар иккисига топширилди. Собиқ маҳкумларга кўрсатилаётган бу каби инсонийлик намуналаридан кўзланган мақсад – юртимиз фуқароларининг шу юрт фарзанди, унинг ажралмас қисми эканлигини англаш, барча учун белгиланган ҳақ-ҳуқуқлардан фойдаланиш, тўғри йўлда муносиб яшаш мумкинлигини ҳис қилишида муҳим қадамдир.

14 Декабр 2024 йил

137

Интерактив хизматлар

Text to speech