9 Август 2025 йил 773

Банкомат ўғирлашга уриниш тезда фош этилди

Жорий йилнинг 3 август куни соат 23.50 ларда Учтепа тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига тумандаги “Хуршид” маҳалла фуқаролар йиғини Бешқайрағоч кўчасига ўрнатилган Paynet банкоматини ўғирлашга уриниш бўлганлиги ҳақида хабар келиб тушди. Воқеа жойига зудлик билан етиб борган тезкор-қидирув ходимларининг суриштирув ишларини пухта ва тўғри ташкиллаштиргани боис уч нафар гумонланувчи: А.Шаҳзод, Т.Фаррух, З.Забихуллалар ушланди. Маълум бўлишича, учовлон қўлқоплар, юзларини яшириш учун бош кийимлар қийиб, кулранг Тraскer автомашинасининг давлат рақамларини ечиб олган ҳолда ҳаракатланишган. Воқеа жойида банкоматни кўтариб машина юкхонасига жойлаштиришга уринганда уни оғирлигидан тушириб юборишади. Тарақлаб тушган банкомат овози фуқароларнинг эътиборини тортганидан шубҳаланиб, улар шикаст етган банкоматни ташлаб воқеа жойидан қочиб кетишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-модда орқали 169-моддаси (Ўғирлик қилишга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech