ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ижтимоий тармоқ тўридаги талваса

"Мен 2023 йилнинг 30 сентябрида ижтимоий тармоқлардаги “телеграм” мессенжирида келган хабарлар билан танишаётиб, катта маош таклиф қилинаётган ишга кўзим тушди. “(...) бот” канали орқали “админ” билан боғланиб, у томонидан юборилган геолокация орқали Юқоричирчиқ туманига бордим. Кўрсатилган жойдан гиёҳвандлик моддасини олиб, кейинчалик бўлакларга бўлиб, мижозларга “админ” юборган хабарлар асосида тегишли жойларга етказиб бера бошладим...”. Бу кўрсатма 2005 йилда туғилган, ўрта маълумотли, муқаддам судланмаган А.Нуриддиннинг тергов жараёнида берган кўрсатмасидан парча. Яна билдиришича, қилаётган иши жиноят эканлигини англагач, у бу ишдан бош тортади. Аммо “админ” у ҳақидаги барча маълумотлар: қаерда яшаши, оиласи кимлар, қаерларда юриши кабилар борлигини айтади. Агар бош тортса “спортик”ларини (жазоловчи шахслар назарда тутилмоқда) жўнатишини айтиб, ишдан бош тортгани учун шафқатсиз, ваҳшиёна жазоланган шахслар ҳақидаги видеотасвирни жўнатишади. Бундан қўрққан Нуриддин яна гиёҳванд ва психотроп моддаларини тарқатишга мажбур бўлади. Жазоланишдан қўрқиб ўзгалар ҳаётини заҳри-зуққумга айлантираётган Нуриддин 2023 йилнинг 2 октябрида Учтепа тумани ИИО ФМБ ППХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Ўша куни Нуриддин тумандаги савдо мажмуаси олдида мижозлари билан учрашиб, “товарни” топшириши ва пулини олиши керак эди. Мажмуада хизмат вазифаларини бажараётган формадаги ходимларни кўриб, саросимага тушади ва ўзини бежо тутиб, кетаётган йўлини кескин ўзгартиради. Бу ҳолат ходимларнинг эътиборини тортди. Улар шахдам қадамлар билан унга етиб олиб, холислар иштирокида текширишганида, қора рангли сумкасидан 1 дона электрон тарози, уч дона полиэтилен пакетга солинган қуритилиб, майдаланган, ўткир ҳидли моддалар аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилади. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида А.Нуриддиннинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддасининг 5-қисми (“Гиёҳванд воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан айбли деб топди ва мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 7 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Юқоридаги жиноят иши тафсилотларини Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Нурмуҳаммад Хўжаяров тақдим этди.

16 Апрел 2025 йил

78

“Жентльмен”чиликни қотирмади

Мастлик албатта жиноятга етаклайди. Бироқ Бобурнинг мисолида бу бошқачароқ, яъни олдиндан тайёрланганлиги билан фарқ қилади. У таниши Гулҳаёнинг илтимосига кўра, гўёки аёлни камситиб, шаънига путур етказган “гуноҳкор” З.Элдор билан “эркакчасига” гаплашиб қўйиш - “жасорат” учун атай спиртли ичимлик ичиб учрашувга келди. Келишув бўйича аввал Гулҳаё чиқиб, Элдордан бундан бир неча йил аввал ўрталарида содир бўлган нохуш ҳолатни эслатиб, кечирим сўраши ҳамда гуноҳини ювиш учун товон пули тўлаши зарурлигини айтди, аммо эркак кўнмади. Бақир-чақир авжига чиққач эса “жентльменимиз” автомашинадан тушиб келиб, низога аралашди. Элдор “бир сўм ҳам ололмайсанлар, билганларингни қилларинг!”, дея орқа ўгириб кета бошлади. Мақсадлари амалга ошмаган Бобур машинадаги ошхона пичоғини олиб унинг ортидан бориб санчди. 2024 йил 17 март куни тонгги соат 07.00 ларда Учтепа тумани “Абдулла Қодирий” маҳалласи бўйлаб ҳаракатланган “тез тиббий ёрдам” автомашинасининг ташвишли сигнали маҳалла аҳлининг тинчини бузди.Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Элдорга етказилган жароҳатларни ҳаёт учун хавфли – оғир тан жароҳати эканлиги ҳақида хулоса берди.Аслида воқеани чуқур ўрганмай, асл моҳиятини англамай, аёлга ўзини кўрсатиб қўймоқчи, шу билан унинг ҳурмати ва ишончига сазовор бўлмоқчи бўлган Бобур нотўғри йўл танлаган, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаев. – Тергов жараёнида ҳам ўзини аёл шаънининг ҳимоячиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилди. Шахснинг қадр-қиммати дахлсиз, аммо у ўзга шахснинг ҳаётига тажовуз қилиш эвазига бўлмаслиги керак. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган, муқаддам судланмаган, уч нафар вояга етмаган фарзандлари бор Қ.Бобурнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “а” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

15 Апрел 2025 йил

67

Кўнгил нималар истамайди...

Меҳнатга бўйни ёр бермаган Хожиакбар илгари содир этган жиноятлари учун бир неча маротаба судланганлигига қарамай, тўғри хулоса чиқармади. Иккинчи маротаба қамалганида турмуш ўртоғи фарзандининг тақдирини ўйлаб, отасининг “касри урмасин”, деб бир нафар фарзандини олди-да ажрашиб кетди. “Ундан ундирган алиментим ҳам ҳаром луқма, шу кетиши бўлса, эрта кун келиб қизидан алимент ундиришдан ҳам тоймайди” дея алиментга ҳам бермади, фарзандини ҳам кўрсатмади. Хожиакбар бундан қайғурмадиям. Аксинча, “ортиқча” ташвиш ва чиқимдан қутулганига хурсанд бўлди. Шу-шу сўққабош, топса ейди, топмаса - уйидаги бор бисотини сотади. 2023 йилнинг баҳори. Уйи шип-шийдон. Қани бекорчиликда ётиб телевизор томоша қилса... Дунёда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлса... У 2023 йилнинг 11 март куни Учтепа туманида жойлашган “Фарҳод” бозорида айланиб юриб, маиший техникалар билан савдо қилувчи дўконга кирди. Олдиндан таниш бўлган Р.Умидани суҳбатга тортиб, 2.200.000 сўмлик “Hisense” телевизорини бир ой муддат ичида пулини тўлаб бериш шарти билан олиб кетди. Апрель ойи ўрталарида таниши Ў.Улашга “Фарҳод” деҳқон бозорининг савдо чаққон бўладиган жойидан савдо ўрни топиб, шартнома расмийлаштириш орқали қонунийлаштириб беришни ваъда қилиб 500 АҚШ доллари ва 2.500.000 сўм пулини олади. Лекин на Умидага ва на Улашга берган ваъдаларини бажаради. Ҳар икки жабрланувчи молидан, пулидан айрилганини англагач, туман ички ишлар органларига ёзма мурожаат қилишга мажбур бўлишади.Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган, оиласи билан ажрашган И.Хожиакбарнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республика Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Айбланувчининг қилмишидан пушаймонлиги, айбига иқрорлиги, жабрланувчиларга етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.Мазкур жиноят иши тафсилотлари Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Юсуф Олимовнинг иш юритувидан олинди.

15 Апрел 2025 йил

117

Кибержиноятчилар қурбонига айланманг!

Рақамли технологияларнинг ривожланиши қулайлик яратиши билан бирга, айрим хавф-хатарларга ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки кибермаконда ғараз ниятли кимсалар ҳам йўқ эмас. Энг ачинарлиси, шахсга доир маълумотларни ўзлаштириш орқали ўзганинг пластик карталаридаги пулларини ўзлаштириш, ҳисоб-рақамларга киберҳужум уюштириш каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони ортиб бормоқда. Шу сабабли ИИВ ходимлари томонидан барча вазирлик ва идораларда фуқароларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш саводхонлигини ошириш, қолаверса, ушбу турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида тушунчалар бериш мақсадида, профилактик-тушунтириш ишлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлигида “Кибержиноятчилар қурбонига айланманг!” мавзусида тадбир ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ахборот-технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлими бошлиғи У. Чориев, Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси ходимлари катта лейтенантлар С. Турдиев ва Ш. Исломовлар иштирок этишди. Тадбирда сўз олганлар тобора жиддий муаммога айланиб бораётган кибержиноятлар ва уларнинг турлари, улардан ҳимояланиш усуллари, амалдаги процессуал қонунчилик ҳужжатларида мазкур жиноятларга қўлланиладиган жазолар ҳақида тўхталиб ўтдилар. © Sarhad.uz

15 Апрел 2025 йил

137

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading