ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ҳалол хизматга – муносиб рағбат

      Бекмурод ўз тенгдошларидан фарқли ўлароқ, мактабни тугатмасиданоқ ўз олдига мақсад қўйган ва мақсади йўлида ўқиб изланишда эди. 2015 йилда Республика Қуролли кучлари сафида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига ҳужжатларини топширди. Аввалдан тайёргарлиги бўлган Бекмурод барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, билим юрти тингловчисига айланди. Ўз касбининг профессионали бўлиш учун қунт ва тиришқоқлик билан ўқиди. Академияни тамомлагач, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили лавозимида, лейтенант унвонида хизматни бошлади. Устозлари катта тезкор вакил, подполковник Зариф Ҳудойқулов, бўлинма бошлиғи, майор Жасур Ғаниевнинг этагидан маҳкам тутган Бекмурод соҳанинг паст-баланди, жиноятчиларга қарши курашдаги муҳим омиллар, ўзига хос жиҳатларини ўрганди. Кўплаб жиноятларни очишда қатнашди, шахсан ўзи жиноятчилар билан тўқнаш келган ҳолатларда совуққонлиги ва иродасини йўқотмади. Жисмоний тайёргарликда ҳам қонунбузарлардан устун эканлигини исботлади. Вазифаларини сидқидилдан бажариб, қонунбузарларга муросасиз бўлган ходим раҳбариятнинг эътиборига тушди. Икки йил ўтиб Бекмурод Тошкент шаҳар ИИББ марказий аппаратига ишга ўтди. Бу даргоҳда ҳам тезкор-қидирув хизматлари соҳасида фаолиятини давом эттирди. Унинг ишчанлик қобилияти, вазиятни тўғри баҳолаши, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ишларидаги тажриба ва малакасини тўғри баҳолаган Бош бошқарма раҳбарияти 2023 йилда Бекмуродни пойтахт Янгиҳаёт тумани 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимига тайинлади. Мазкур бўлим туманнинг 7 та маҳалласининг тинчлик-осойишталигини сақлаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳалла аҳлининг тинчлиги, хотиржамлигини таъминлашга масъулдир. Маҳаллаларда 28 мингдан ортиқ турли миллат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилиб келишяпти. Улардан 11 мингдан ортиғини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Юздан ортиқ уюшмаган ёшлар билан профилактик тадбирлар, огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида улардан элликдан ортиғи жорий йилда ўз қизиқишларига кўра ўқишга, касб-ҳунар ўқув курслари, спорт тўгаракларига жалб этилишига эришилди. Ва бу борадаги ишлар давом эттириляпти. Сектор раҳбари, маҳалла еттилиги ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида аҳолининг турли қатламларининг яшаш шарт-шароитлари ўрганилиб, режали равишда моддий, иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб келиняпти. Ҳар бир маҳалланинг раислари, фидойилари, маҳалла аҳли билан ўтказилаётган тушунтириш, огоҳликка чақириш, содир этилган ҳуқуқбузарликларни жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш каби самарали профилактик тадбирлар ўз натижасини беряпти. Айни дамда маҳалланинг биттаси  қизил, учтаси сариқ ва яна учтаси  яшил тоифа мақомини олган. Бу ишларда лавҳамиз қаҳрамони Бекмурод Исматовнинг маҳалла раислари, фаоллари, қўл остидаги ходимларини бир мақсад сари йўналтириб, ишни кенгашган ҳолда ташкил этганини эътироф этиш лозим. Унинг ўзига бириктирилган ҳудудда олиб бораётган жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари Бош бошқарма раҳбарияти эътиборидан четда қолмади. Қаҳрамонимизга 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан муддатидан олдин “майор” унвони берилди. Албатта, мазкур унвон қаҳрамонимиз зиммасига янада катта масъулият юклайди ва ишончимиз комилки, майор Бекмурод Исматов буни ўз меҳнати, ғайрат-шижоати, билими билан оқлайди.

11 Ноябр 2024 йил

225

Нон ёпишни билмайди, новвойман дейди

      Илк талончилик жиноятини содир этганида Бунёджон 23 ёшда эди. Ўшанда адашганини,  “шайтон йўлдан урганини” айтиб тавбасига таянган, кўз ёшларини дарёдай оқизиб, суд ҳакамларининг мурувватига эришган эди. 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган Бунёдбек ўзини сипо тутиб, белгиланган тартибга риоя қилиб юрди. Бу орада ўғлининг қуйилиб қолишига умид қилган ота-онаси уни уйлантириб қўйди. Бир фарзанднинг отасига айланди. Кўз юмгунча икки йил ҳам ўтиб, намунали хулқи, тўғри йўлга кирганлиги, хатосини тушуниб етганлиги боис рўйхатдан чиқарилди. Аммо...         2020 йилнинг январида Бунёджон Учтепа туманида жойлашган нонвойхона атрофида ўралаша бошлади. Новвой М.Қуддусхўжанинг ишончига кириб, ундан 10 кунлар ичида пулини олиб келиб бериш шарти  билан  қопи 225.000 сўм бўлган 3 қоп унни олиб қорасини кўрсатмай кетди. Қуддусхўжа 675.000 сўмга куйиб қолди. 2021 йилнинг март ойида новвой Р.Хайриддиннинг ишончига кириб, қопи 260.000 сўм бўлган йигирма қоп унни нон ёпиб сотиб, пулини келтириб беришига ишонтириб олди-ю, бошқа қорасини кўрсатмади.         – Аслида нон ёпиш қўлидан келмайдиган Бунёджон унларни арзон гаровга сотиб юбораверган, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Бобур Саттаров. – Чунки, арзон кимга ёқмайди. Аксарият харидорлар унинг ўғирланган ёки ўғирланмаганлиги, қай йўл билан қўлга киритилгани билан қизиқишмайди-да. Шу боис бундайларнинг ошиғи олчи.          Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида, 1994 йилда туғилган И.Бунёджоннинг қилмишини кўриб чиқиб, унинг айбига иқрорлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

11 Ноябр 2024 йил

158

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Соғ танда – соғлом фикр” мавзусига бағишланди. Тадбирда бош бошқарма Тиббиёт бўлими поликлиникаси бошлиғи подполковник Бахтиёр Шеркулов маъруза қилди. У ўз нутқида, саломатлик сари илк қадам соғлом турмуш тарзига амал қилишдан бошланишини, мамлакатимизда миллат саломатлигини таъминлаш, жисмонан ва руҳан соғлом авлодни вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини, зеро, аҳоли саломатлигига давлатнинг стратегик ресурси, миллий хавфсизлиги ва мамлакат меҳнат салоҳиятининг асосий шарти сифатида қаралишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек, тадбир давомида иштирокчиларга “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиш этилди.Тадбир якунида Муқимий номидаги Ўзбекистон  давлат мусиқали театрининг актёрлари томонидан йиғилиш иштирокчиларга “Жайдари келин” номли спектакль намойиш этилди.

11 Ноябр 2024 йил

218

Тиббиёт ходимларини касб байрами билан табриклаймиз!

Бугун, Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан биз чуқур ҳурмат ва миннатдорчилик билан Тошкент шаҳар ИИББ Тиббиёт бўлимида фаолият юритаётган барча шифокорлар, ҳамширалар ва барча тиббиёт ходимларига мурожаат қилмоқчимиз.Ички ишлар органлари ходимларининг саломатлигини сақлаш – бу самарали хизмат ва жамиятимизда тартибни таъминлашнинг муҳим қисмидир. Сизнинг ўз ишига фидойи бўлганлигингиз, ўз касбингиз устаси ва инсонларга нисбатан ғамхўрлигингиз саломатлик ва хавфсизлик учун пойдевор яратади. Тинчликни ва хавфсизликни ҳимоя қилувчи ходимларнинг соғлом бўлишида сизлар мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқдасизлар.Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида мамлакатимизда Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланади. Бугун биз ушбу шарафли касбни танлаган барча тиббиёт ходимларини табриклаймиз. Сизлар ички ишлар органлари ходимларининг диагностика, даволаш ва соғлиғини тиклашда ўзингиздаги касбий малака ва фидойиликни намоён этяпсиз ва бунга чуқур миннатдорчилик билдирган ҳолда табриклаймиз.Сизларга мустаҳкам соғлик, узоқ ва бахтли умр, ҳамкасбларингиз ва беморларингиздан муносиб ҳурмат, шунингдек, ўзингиз бажараётган улкан ва шарафли ишда муваффақиятлар тилаймиз. Сизнинг малакангиз ва маҳоратингиз доимо юқори баҳолансин.Байрамингиз муборак, азиз тиббиёт ходимлари!

9 Ноябр 2024 йил

511

Интерактив хизматлар

Text to speech