ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилмоқда

2024 йилнинг 20 сентябрь кунидан 20 октябрь кунига қадар Тошкент шаҳрида ўтказилаётган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги доирасида бир қатор натижаларга эришилмоқда. Жумладан,тадбир бошидан:- 29 кг 486 гр гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар,- 8 547 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларитегишли тартибда расмийлаштирилиб олинди.- 94 та гиёҳвандлик моддалари ва кучли таъсир қилувчи дори-воситаларини яшириш йўли билан тарқатиш ("закладка") ҳолатлари аниқланди.- бу турдаги жиноятлар юзасидан 260 тадан зиёд жиноят ишлари қўзғатилиб, қонун устуворлиги таъминланди.Ойлик доирасида ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирлар давом этмоқда.Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Сиз ҳам ушбу ойлик доирасида фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Гиёҳвандлик моддалари ёки кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланувчилар, шунингдек наркограффити ёзувларини ёзиб кетувчи шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, ҳудудий профилактика инспекторига, яқин орадаги ИИБга, https://t.me/stopnarko_bot телеграм боти ёки @murojaat_narko2024 телеграм аккаунти орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

5 Октябр 2024 йил

58

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатовнинг табриги

5 октябрь - Тезкор-қидирув хизмати фахрийларини эъзозлаш, хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимлар хотирасини ёд этиш, ўрнак кўрсатган тезкор ходимларни тақдирлаш куни муносабати билан тизимда хизмат қилаётган барча ходимларни, фахрийларни, хизмат вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини табриклайман! Сизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий ҳотиржамлик тилайман.  Ўз ҳаётини эл-юрт тинчлиги, осойишталиги учун бағишлаган Сиз ва Сизнинг яқинларингиз каби мард ва олижаноб, ҳақиқий ватанпарвар ҳамкасбларимиздан доимо ғурурланамиз. Фахрийларимизнинг ҳар бир ўгити биз учун қадрли. Машаққатли, лекин шарафли бўлган соҳада биз билан елкама-елка хизмат қилаётган ходимларга ҳурматимиз чексиздир.  Сиз бор экансиз, юртимиз тинч, халқимиз осойишта ҳаёт кечиради. Масъулиятли ва мардонавор фаолиятингизда омад ҳамиша ёр бўлсин!Ҳурмат билан,генерал-майор Азиз Ташпулатов

5 Октябр 2024 йил

308

Оғуфурушликка чек қўйилмоқда

       Тошкент шаҳри ҳудудида жорий йилнинг 20 сентябридан гиёҳвандлик ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш ойлиги изчил давом эттирилмоқда. Ойлик доирасида пойтахт ИИББ, ДХХ, прокуратура, Миллий гвардия ҳамда Учтепа тумани ИИО ФМБ ходимларининг ҳамкорликдаги тадбирлари натижасида, туманда яшовчи Ш.Н.нинг хонадони кўздан кечирилди. Текширувда хонадон эгасининг таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган 3 туп,  2 қоп, 2 та целлофан пакет, 1 гугурт қутиси, 1 та қоғоз ўрами, шунингдек ертўлада 12 та 3 литрлик банкада, 6 та ўрамда  яшил рангли, ўткир ҳидли  ўтсимон моддаларни сақлаб келганлиги маълум бўлди. Тўпланган ҳужжатлар Тергов бўлимига тақдим этилган.        Шунингдек, ойлик доирасида Чилонзор тумани ИИО ФМБ тезкор қидирув хизмати ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тадбир давомида яна бир жиноятга чек қўйилди. Туманда жойлашган спорт залининг масъул хизматчиси, 1987 йилда туғилган Ш.нинг ёнидан 2 дона полиэтилен пакетга солинган ўткир ҳидли, оқ кукунсимон модда топилди. Машғулотлар залининг дам олиш хонаси кўздан кечирилганда 1 дона мумиёсимон модда солинган полиэтилен пакет, электрон тарози, ўткир тиғли пичоқ ва ички қисмида жигарранг доғлари бўлган елим идиш ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари эътиборидан четда қолмади. Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар туман ИИО ФМБ Тергов бўлимига тақдим этилган.Юқоридаги қад этилган ҳар иккала ҳолат юзасидан Тергов бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

4 Октябр 2024 йил

210

Соғлом авлод – соғлом келажак

         Ватан тинчлиги оиладан, кўчадан, маҳалладан бошланади. Маҳалла тинч, обод бўлса, юрт тинч, обод бўлади. Бугунги кунда маҳаллаларнинг тинчлиги, хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилган профилактика инспекторларининг ҳудуд фаоллари билан олиб бораётган  ишлари ўз самарасини бермоқда. Буни пойтахт Миробод тумани “Наврўз” маҳалласи кесимида ҳам кўриш мумкин.        Маҳалла профилактика инспектори, катта лейтенант Фазлиддин Жалиловнинг мазкур маҳаллада иш бошлаганига кўп бўлгани йўқ. Шунга қарамай, у ўз атрофида маҳалла  фаолларини жипслаштиришга, ҳамкорликда ҳуқуқбузарлик ва бошқа ижтимоий, маиший масалаларни биргаликда ечимини топишга эришди. Ҳолбуки, у бу гўшада иш бошлашдан аввал туманнинг “Темирйўлчилар” маҳалласида 2021 йилдан фаолият юритиб келган эди. Мазкур маҳаллада турли миллат вакиллари  аҳил ва ҳамжиҳатликда истиқомат қилиб келишмоқда. Фазлиддиннинг  маҳалла аҳли билан доимий равишда профилактик тушунтириш,  ҳушёрлик ва огоҳликка  чақириш борасида ўтказиб келаётган тадбирлари, учрашув  ва ўзаро ишончга асосланган суҳбатлари натижасида аҳолининг жамоатчилик тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ўз “мевасини” бермоқда. Жорий йилда маҳалла фаолларининг зийраклиги ва  ҳушёрлиги сабабли  6 та ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди. Апрель ойида эса  бир гиёҳвандлик жинояти фош этилиб, қонунбузар суд олдида жавоб берди. Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш мақсадида, шаҳри азим ҳудудида гиёҳванд ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш ойлиги эълон қилинганда, Фазлиддин ўз фаоллари билан ҳудудларни айланиб, аҳолини ойлик бошлангани, унинг мазмун-моҳияти, жамиятимизни бу ёвуз иллатдан поклаш йўлида ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши лозимлиги ҳақида тушунтиришлар  берди. Ҳаракат бесамар кетмади. 24 сентябрь куни Гайдар Алиев кўчасида истиқомат қилувчи фуқаролар икки бегона шахсларнинг бежо ҳаракатларига гувоҳ бўлишди. Бу ҳақда зумда профилактика инспектори  хабардор этилди. Фазлиддин  фуқаролик кийимида маҳалла фаоли Гульжан Аревало билан уларни кузатувга олишди. Шу куни гиёҳвандлик моддасини белгиланган манзилларга элтиб, хуфиёна жойлаштириб кетаётган шахслар қўлга олинди. Маҳаллада яшовчи яна бир фуқаронинг  ҳушёрлиги туфайли 28 сентябрда худди шундай  гиёҳвандлик моддасини хуфиёна жойлаштирув ҳолатига чек қўйилди.           – Маҳалла аҳлининг ҳушёрлиги ва огоҳлиги туфайли  гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳолатларининг олди олинмоқда, – дейди катта лейтенант Фазлиддин Жалилов. – Кўпдан қуён қочиб қутулмас, деганларидек, бир бўлиб жамиятимиздаги иллатларга қарши курашсак, албатта унга барҳам берилади. Бунда маҳалла фаоллари, унда истиқомат қилувчиларнинг ўрни катта. Ҳар ким ўз кўчасига кирган бегона ёки шубҳали шахсга эътибор бермаса, бу ҳақда  ўз ҳудуд инспекторини огоҳлантирмаса, биргина профилактика инспекторининг кечаю кундуз ҳудуд айлангани натижа бермаслиги ҳам мумкин.           Жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ишларида ҳеч ким лоқайд бўлмаслиги, бу фақат ички ишлар органларининг вазифаси, дея четда турмаслиги керак. Куч –бирликда. Бугун қўшнинг уйига кирган иллат, эртага сенинг ҳам уйингга мўралаши мумкин. Шу боис ойлик доирасида олиб борилаётган ишлар изчил равишда мунтазам давом этади. Шу юртнинг фарзандиман деган, унинг соғлом авлоди, фаровон келажагига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг бу хайрли ишга ўз ҳиссаларини қўшишига шубҳа йўқ.

4 Октябр 2024 йил

80

Интерактив хизматлар

Text to speech