Автомашина бошқарувини вояга етмаган ўғлига берган отага нисбатан чора кўрилди
Ижтимоий тармоқларда вояга етмаган шахс транспорт воситасини бошқараётганини акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари ушбу хабарни эътиборсиз қолдирмадилар. Аниқланишича, «Lacetti» русумли, давлат рақам белгиси 01 E 308 CB бўлган автомашина фуқаро Ф.Д.га тегишли бўлиб, у 49 ёшли фуқаро Р.Р.га ишончнома асосида бошқариш ҳуқуқини берган. Шу куни эса юқоридаги автомашинани фуқаро Р.Р.нинг вояга етмаган 16 ёшли ўғли бошқарганлиги маълум бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан фуқаро Р.Р.га нисбатан Ўз.Р. МЖтКнинг 135-моддаси 2-қисми билан (Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши) баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдонога жойлаштирилган. 16 ёшли фуқаро томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳақидаги маълумотлар эса туман ҳокимлиги ҳузуридаги Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга етказилди. Ҳурматли ота-оналар! Автомашина бошқарувини вояга етмаган фарзандларингизга топшириш орқали, Сиз нафақат амалдаги қонунчиликка риоя қилмайсиз балки атрофдаги бошқа ҳайдовчи ва пиёдалар ҳамда болангизнинг ҳаётига хавф соласиз.